Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Қарши - Ҳаттисбург: БИРОДАРЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЎРНАТИШ САРИ ДАСТЛАБКИ ҚАДАМ

17.02.2022


Қарши - Ҳаттисбург: БИРОДАРЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЎРНАТИШ САРИ ДАСТЛАБКИ ҚАДАМ

Қашқадарё ва дунё

АҚШ пойтахти Вашингтонда бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистоннинг Қарши ва Американинг Хаттисбург (Миссисипи штати) шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бу ҳақда хабар тарқатган "Дунё" ахборот агентлиги яқинда Ўзбекистоннинг  Америка Қўшма Штатларидаги элчиси Жавлон Ваҳобов Хаттисбург шаҳри мэри Тоби Баркер билан учрашув ўтказганлигини маълум қилди. Музокаралар чоғида мамлакатимиз элчиси икки давлат ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда кенгайиб бораётгани, шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ шаҳарлари - Тошкент-Сиэтл, Бухоро-Санта-Фе, Зарафшон-Клинтон ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ижобий тажриба билан батафсил таништирди.

- Ўзбекистон томонининг Қарши ва Хаттисбург шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги таклифига жавобан Америка шаҳри раҳбари Қарши шаҳри раҳбарияти билан биродарлик муносабатларини ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказишга тайёр эканлигини маълум қилди, - деб ёзади "Дунё" АА мухбири. - Шаҳар мэри томонлар яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин бўлган қатор соҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба алмашиш, ҳудудлардаги олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш учун шароитлар мавжудлигини қайд этди.

Маълумотларга кўра, яқинда икки шаҳар раҳбарларининг онлайн учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бўлажак музокаралар чоғида биродарлик муносабатларини йўлга қўйиш жараёнини бошлашнинг асосий вазифалари белгилаб олинади.

Шу ўринда айтиш жоизки, Хаттисбург шаҳри 1882 йилда ташкил этилган бўлиб, аҳолиси тахминан 50 минг кишини ташкил қилади. Шаҳарнинг тарихий қисми 1980 йилда АҚШнинг тарихий жойлари миллий реестрига киритилган. 2011 йилда Америка режалаштириш ассоциацияси томонидан Хаттисбург "АҚШдаги энг буюк жой"лардан бири сифатида эътироф этилган. Бугунги кунда шаҳарда Жанубий Миссисипи ва Уильям Кэри университетлари фаолият юритади.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo