Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

08.09.2020


Қарши тумани: НЕГА МАҚТАЛГАН ИССИҚХОНАЛАР БЕКОР ЁТИБДИ?

Бирида - яхши, бирида - акси

Ёши катталар яхши билади: совет даврида планни бажариш учун ҳамма жойга - гулу гулзорлару мундайроқ майдонларга-да чигит қадаб чиқилган экан. Албатта, бундан одамларнинг ташвиши кўпайган бўлса кўпайганки, бирор манфаат кўрмагани аниқлигини яқин тарихимиз саҳифаларидан яхши биламиз.

Бир неча йил олдин нуфузли фармойиш билан йўл ёқаларида иссиқхоналар ташкил қилишга зўр бериларкан, ўша - бир қарич жой қолдирмай пахта экилган даврлар хаёлга келгани рост. Жадаллик шунгача бориб етдики, "катта"лар ўтиши, кўзи тушиши мумкин бўлган шаҳар кўчаларида ҳам улкан-улкан иссиқхоналар қад ростлади.

Майли, балки хўжакўрсинга қилингандир, лекин шу иссиқхоналарга эгалик қилаётганлар бир-икки сўмли бўлди, бошқаларнинг дастурхонидан эса қишин-ёзин   помидор-бодринг аримади.

Қолаверса, одамлар сонига мос равишда эҳтиёжлар ортгани сайин бир парча ернинг қиймати осмон баравар кўтарилиб бораётган айни даврда бир неча сотихлаб майдон текинга, деҳқончилик учун берилгани ҳам чакана иш эмас-да.

Шундай экан, бундай имкониятдан унумли фойдаланиш керакми ("катта"лар бундан "очко" олишга интилиши -  бошқа масала), албатта, керак.

Қарши туманидаги Мирмирон маҳалласида ҳам кета-кетгунча иссиқхона. Айни пайтда бодринг палаклари ривожи авжида, гулга кирганлари ҳам талайгина. Демак, яқин кунларда бозорларга ё бўлмаса шу ернинг ўзида сара маҳсулот сотувга чиқарилади.

Бироқ ана шу иссиқхоналар қаторидаги айрим манзаралар кўнгилни хира қилмасдан қолмайди. Плёнкалар йиртилиб, ҳар тарафга тарвақайлаб ётибди. Экин экишни-ку қўятуринг, ерга ишлов бериш бировнинг хаёлига келмаган.

Биласиз, ҳозир деҳқонлар учун бир кун ҳам ғанимат, тўқсонбости экин экаётганлар эса кечикмадиммикан, деган ўйда барибир яхши умид билан ерга уруғ қадаш ҳаракатида. Плёнка остида бўлса, нима хоҳласангиз экаверасиз, саҳарги ва тунги салқиндан қўрқмасангиз ҳам бўлади.

Хўш, унда нимага "совға"га берилган бу ер майдонлари бекор ётибди, дерсиз? Тусмолимиз шуки, булар хўжакўрсинлик фонида рўйхатга тушиб қолганларга тегишли. Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади, деганларидек, вақтида деҳқонгаям, ҳаваскоргаям, хоҳиши боргаям, йўққаям баравар ер бўлиб берилаверган. Деҳқонлиги хоҳиши билан тенг келганлар бугун иссиқхонани гуллатиб, фойдасини кўриб ётибди. Истаги бўлмаган ва ер билан тиллашишга уқуви-да йўқлар эса ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Буёғи - қишки мавсум яқин. Маҳсулот мўл-кўл ва арзон бўлишини истасак, иссиқхоналарга ҳозирдан эътибор қаратишимиз керак. Кимдир "осмондан тушган" ернинг қадрига етмай, ундан фойдаланмаяптими, фойдалана оладиганга бериш даркор. Шуниси инсофдан бўлади.

НАСРИДДИН

Report typo