Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 август, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Қаршидаги кўп қаватли ётоқхонада яшаётган аҳоли ноласи: НА ГАЗ, НА ИЧИМЛИК СУВИ БОР. КАНАЛИЗАЦИЯ ҲАМ ИШЛАМАЙДИ

Ж.БОЙМУРОДОВ

07.07.2020


Қаршидаги кўп қаватли ётоқхонада яшаётган аҳоли ноласи: НА ГАЗ, НА ИЧИМЛИК СУВИ БОР. КАНАЛИЗАЦИЯ ҲАМ ИШЛАМАЙДИ

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Қарши шаҳрининг қоқ марказида бир бино бор. У Амир Темур кўчаси бўйида, Қарши педагогика коллежи ва 7-умумий ўрта таълим мактаби бинолари оралиғида жойлашган.

Уч қаватли,  ўта таъмирталаб, ҳатто аксарият дераза ромлари йўқ, бунинг ўрнига целлофан ёки мато тутилган, атрофини бадбўй ҳид тутиб кетган бу бино бир пайтлар Қарши шаҳридаги таълим муассасаларидан бирининг ётоқхонаси, шинам ва озода бўлган. Унда талабалар истиқомат қилишган.

Кейинчалик эса ушбу ётоқхонага шаҳар ҳокимлиги томонидан асосан уй-жойга муҳтож, бошпанасиз кишилар жойлаштирила бошланган. Бино эса халқ тилида "Янги бозор" дея аталадиган - "Қарши марказий буюм савдо комплекси" АЖ балансига ўтказиб берилган. Натижада бино билан боғлиқ коммунал тўловларни ҳал этиш, уни сақлаш ва таъмирлаш харажатлари ҳам осонгина ушбу ташкилот зиммасига юклаб қўя қолинган.

 Айни вақтда ётоқхонадаги мавжуд 76 та хонадон ва 11 та қўшимча хонада 185 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Ёлғиз яшайдиганлар ҳам, оилали, фарзандлари, қиз-келинлари билан бирга турганлар ҳам кўп. Яна жазо муддатини ўтаб чиққан, аммо уй-жойи йўқ кишиларнинг кўпчилиги  шаҳар ҳокимлиги томонидан шу ерга жойлаштирилган.

Бинода эса яшаш учун зарур шарт-шароитдан фақатгина тўрт девор ва электр таъминоти бор, холос. Кўп қаватли бино бўла туриб на табиий газ, на ичимлик суви тармоғига уланган, ҳатто канализация тизими ҳам йўқ. Тўғрироғи, буларнинг барчаси бир пайтлар бўлгану, аммо яшаётганлар томонидан бу хизматлар учун пул тўланавермагач, таъминотчи корхоналар томонидан тармоқдан ажратиб қўйилган.

Энди эса барча хонадон эгалари ичимлик сувини ҳовлидаги ягона  жўмракдан олишади, овқат, чой тайёрлаш учун эса электр плиталардан фойдаланишар экан. Бу ҳам майли, 185 нафар одамга ҳовлида эркаклар ва аёллар учун ажратилган битта ҳожатхона бор, холос. Бу ҳеч бир мезонга тўғри келмайдиган  ҳолат. Чиқинди учун мўлжалланган яшик эса шундоққина бинонинг орқасига, катта йўл бўйида ўрнатилган. Ундан чиқаётган бадбўй ҳид шу йўлдан ўтиб-қайтувчиларни ҳам оғиз, бурун ёпиб ўтишга мажбур қилмоқда. Йўл бўйида савдо шохобчаси ва гўшт дўкони очган икки тадбиркорнинг эса бундан фиғони фалакда.

- Кичик бўлса-да, мана шу дўконни ижарага олиб, 2,5 йилдан буён савдо фаолиятини юритаяпман, - дейди Ўктам Хидиров. - Тўғрисини айтсам, шу ерда мажбурликдан, аранг чидаб ўтирамиз. Бора-бора мижозларни ҳам йўқотаяпмиз. Кўпчилик бу жойдан савдо қилишдан кўра, тезроқ юриб ўтиб кетишни истайди. Чиқиндини бир олиб кетгани билан, яна икки кунда тўпланиб қолади. Доимий равишда  ташиб кетиш ташкил этилмас экан ёки чиқиндихона аҳоли яшаш жойидан узоқроққа кўчирилмас экан, аҳвол шу.

Ётоқхонада яшовчиларнинг таъкидлашича, бу ерда улар ҳам мажбурликдан турибди. Ҳожатхона масаласида-ки қийналгандан кейин, бошқа нима ҳам дейиш мумкин.

 - Ҳеч бўлмаганда, канализация ишлаганида аҳвол бу даражага етиб келмасди, - дейди шу ерда истиқомат қилаётган ёши кекса онахонлардан бири. - Ёши кексалар бор, қиз-келинлар бор. Бу ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди. Бино атрофини бадбўй ҳид тутиб кетган. Биз-ку майли, ёш болалар шу ерда ўйнайди, уларнинг саломатлигидан ташвишланамиз.

Дарҳақиқат, мамлакатда "Ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун" деган эзгу шиор билан олдинга қадам ташланаётган бир шароитда ушбу ётоқхонани бошпана тутган кишиларнинг ўта қониқарсиз аҳволда яшаётганини кўриб ачинасан киши. Ётоқхона коменданти Эркин Раҳмонқуловнинг таъкидлашича эса, муаммоларнинг кўпайиб кетишига шу ерда яшаётганларнинг ўзлари ҳам айбдор.

- Иш бошлаганимга кўп бўлгани йўқ, - дейди у. - Аммо келишим билан англаганим шу бўлдики, бу ерда ҳар хил тоифадаги кишилар, яъни тарбияли, гапга тушунадиган, тозаликка, санитария-гигиена талабларига амал қиладиганлар ҳам, ҳеч бир гап кор қилмайдиган, ҳатто еган овқатининг қолдиғини деразадан улоқтирадиганлари ҳам бор. Биз албатта, тозаликни таъминлашга, шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз, аммо буларнинг бари маблағга бориб тақалади. Ўзи ҳар бир хонадон учун метр квадратига ҳисоблаб арзимаган нархда ижара тўлови белгиланган. Лекин шуни ҳам кўпчилик тўламайди. Тўрт-беш йилдан буён бир сўм бермаганлар бор. Айримлари тўловни бермагани учун икки-уч марталаб судга ҳам даъво киритганмиз. Лекин суд қарор чиқаргани билан, бу тўламаса, унда ундирадиган нарсанинг ўзи бўлмаса, бекор-да.

Ётоқхонани ўз балансида сақлаб турган "Қарши марказий буюм савдо комплекси" АЖ бош ҳисобчиси Тўра Раҳматов ҳам ётоқхона бозор учун фақат ортиқча бошоғриқ ва қўшимча чиқим бўлаётганини таъкидлади.

- Бу ерга одамларни асосан шаҳар ҳокимлиги жойлаштиради, - дейди у.  - Уларнинг кўпчилиги ижара ҳақини тўлаш қобилиятига эга эмас. Харажатлар эса бизнинг зиммамизда. Масалан, барча коммунал тўловлар учун бир ойда ўрта ҳисобда уч-тўрт миллион сўм маблағ сарфлаймиз. Ижара учун эса бир миллион ҳам йиғилмайди. Тўлашмайди. Чиқариб юборишга эса ҳаққимиз йўқ. Шундай қилсак, яна ҳокимликка югуриб боради, уй-жойсиз қолдим, деб дунёни бузади. Биз бинони қайтариш учун бир неча маротаба ҳокимликка, масъул ташкилотларга хат билан чиқдик, лекин улар ҳам объектни қабул қилиб олишмаяпти. Ўз имкониятимиз билан томини тузатишимиз, уёқ-буёғини тўғрилаб, енгилроқ таъмирлашимиз мумкин, шундай қилаяпмиз ҳам. Лекин тўлиқ таъмирлашга, керакли шарт-шароитларни яратишга бозорнинг имконияти етмайди.

Ҳа, айни пайтда ушбу бино шаҳар ҳокимлиги учун уйсиз қолган, уй билан таъминлаш керак бўлган кишиларни шу ерга жойлаштириб, ортиқча бошоғриқдан қутулиш учун бир имконият, бозор раҳбарияти учун эса турган-битгани муаммо, йўқ жойдан сарф-харажат, шу ерда яшаётган кишилар учун эса ноиложликдан яшаб туриш учун бошпана вазифасини ўтамоқда.

Президент ҳар бир раҳбар олдига ҳалқни рози қилиш вазифасини қўйган. Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган хароба ётоқхонада яшаётганлар ҳам ана шу халқ вакиллари. Масъулларнинг бири у, бири бу деса, аҳвол қачон ўзгаради?

Демак, бу ерда яшаётганлар ҳам инсон, уларнинг ҳам инсондек яшашга ҳаққи бор. Шундай экан, масъуллар  муаммони бир-бирига ағдармасдан, ётоқхонада кундалик турмуш учун етарли шарт-шароитларни яратиш, унда яшаётган аҳолини муҳим даромад манбаига эга қилиш, яхши ҳаётга, меҳнатга рағбатлантириш  чораларини кўриши керак. Аксинча, аҳвол ўзгариши у ёқда турсин, бундан баттар бўлиши тайин.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАрЗИЕВ олган суратлар.

Report typo