Қарши шаҳридаги ННТлар уйида ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилган “Қашқадарёга хуш келибсиз – Буюк Ипак йўлининг маданий чорраҳасига” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди.
Фахрий журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Равиль Ихсанов муаллифлик қилган бу нашр Қашқадарё вилояти татар-бошқирд миллий маданий марказига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган грант лойиҳаси доирасида “Мерос” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилди.
Китоб-альбомнинг видеотақдимоти билан очилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академияси ва ННТлар Миллий ассоциацияси вилоят бўлимларининг вакиллари, шунингдек, воҳамиздаги миллий-маданий марказларнинг фаоллари, адиб ва ноширлар, жамоат арбоблари сўзга чиқиб, ушбу нашрда Қашқадарёнинг барча шаҳар ва туманлари туризм салоҳияти акс эттирилгани, уни тайёрлашда кенг ахборот манбалари ва ажоийб фотосуратлардан фойдаланилгани ҳамда ҳудудда туризмни янада ривожлантиришга қаратилган хулоса ва таклифлар жамланганини эътироф этишди. Айни пайтда тақдимот иштирокчилари вилоят татар-бошқирд миллий маданий маркази томонидан бошланган ишларни янада кенгроқ кўламда давом эттириш, халқаро ва ички туризмга барча даражада эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.
- Китоб-альбом учун маълумотлар ва материаллар тўплаш жараёнида туризм ҳақиқатан ҳам тинчлик элчиси эканлиги ва бу соҳа миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга, турли миллатлар, конфессиялар ва ижтимоий қатламлар вакилларининг ўзаро тушунишига астойдил хизмат қилишига яна бир карра амин бўлдик, - дейди китоб муаллифи, вилоят татар-бошқирд миллий маданий марказининг асосчиларидан бири Равиль Ихсанов. – Бу нашрнинг илк нусҳаларини, ниҳоят, қўлимизга олар эканмиз, уни тайёрлашда марказимизга яқиндан ёрдам берган барча инсонлар ва турли ташкилотлар жамоларига чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.
Грант лойиҳаси ижрочиларининг айтишича, тез кунларда “Қашқадарёга хуш келибсиз – Буюк Ипак йўлининг маданий чорраҳасига” китоб-альбомининг электрон ва босма нусхалари бир қатор давлат идоралари, сайёҳлик компаниялари, элчихоналар ва ваколатхоналарга ҳамда лойиҳанинг бошқа бенефециарларига тарқатилади.