Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Сиёсат
  • Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Бердиалиевич Азимовнинг вилоятни 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2022 йил учун белгиланган вазифалар юзасидан МУРОЖААТИ

24.12.2021


Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Бердиалиевич Азимовнинг вилоятни 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2022 йил учун белгиланган вазифалар юзасидан МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Ҳурматли депутатлар,тадбиркорлар, вилоят аҳолиси ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Бугун мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳамда устувор йўналишларининг мазмун-моҳияти ва мақсади - Янги Ўзбекистон қиёфасини яратишга хизмат қилади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган, "Инсон-Жамият-Давлат" янги тамойили ҳамда "Инсон қадри учун" устувор тамойилини вилоятда тўлақонли амалга ошириш деганда - ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши,тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини назарда тутамиз.

Вилоят раҳбари сифатида, вилоятнинг ҳар бир фуқароси учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими,  соғлом экологик муҳит яратиб бериш йўлида ўз олдимизга бир қатор талаб ва вазифаларни қўйган ҳолда, уларни оғишмай амалга оширишга бурчли эканимизни таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бугунги кунда бутун инсониятга таҳдид ва таҳлика солиб келаётган коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан глобал иқтисодий инқироз ва қийинчиликларни халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мардона енгиб ўтмоқдамиз.

Қўлга киритилаётган улкан муваффақиятлар замирида Сиз каби жонкуяр инсонларнинг кунни кун, тунни тун демасдан мардонавор олиб бораётган машаққатли ва шарафли меҳнати борлигини доимо англаймиз. Бу каби фидойилик Учинчи Ренессанс, Янги Уйғониш даври асосларини қуриш ва уни амалга оширишга хизмат қилади.

Изчил ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишда ўз меҳнати, салоҳияти ва иқтидори, фазилатлари билан улуш қўшаётган барча воҳадошларимизга самимий миннатдорлик билдираман.

Ҳурматли юртдошлар, муҳтарам Президентимиз 2020 йил ноябрь ойида Қашқадарё вилоятига амалга оширган ташрифи давомида вилоятни ижтимоий, иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берган йўналишлари асосида ҳамда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дастури доирасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам.

Биринчи навбатда, жорий йил 1 декабрь ҳолатидаги вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичларига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 108,4 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 114,6 фоизни, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 100,1 фоизни, хизмат кўрсатиш 118,5 фоизни, чакана савдо 111,8 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 103,1 фоизни, пудрат ишлари 119,6 фоизни ташкил қилиб, барча йўналишларда ўсиш таъминланди.

Саноат йўналиши бўйича Касби (164,6 фоиз), Нишон (149,4 фоиз), Миришкор (132,3 фоиз), Қарши (131,4 фоиз) туманлари ва Қарши шаҳрида (119,5 фоиз) юқори ўсиш суръатлари кузатилди.

Худди шундай хизмат кўрсатиш соҳасида Деҳқонобод (110 фоиз), Нишон (106 фоиз) ва Касби (105 фоиз) туманларида кўрсаткичлар юқори даражани қайд этди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкинки, 2021 йилда инвестиция дастурлари доирасида вилоятда умумий қиймати 3 триллион 900 миллиард сўмлик 853 та ҳудудий ҳамда 157 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий   инвестиция ва кредитлар ҳисобига 6 та йирик лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилди.

Жумладан, Китоб туманида "Kitob ip yigiruv" МЧЖ ҚКнинг қиймати 24 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 400 та иш ўрнига эга ип-калава ишлаб чиқариш ёки Қарши шаҳрида "Uz shoes" МЧЖ ҚКнинг қиймати 4 миллион 500 минг АҚШ долларлик 50 та иш ўрнига эга пойабзал ишлаб чиқариш лойиҳалари ўз фаолиятини бошлади.

Жами ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига вилоятда 7 минг 540 та янги иш ўрини ташкил этилиб, 75 миллиард сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилди.

Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 69 та лойиҳа доирасида 357 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобига (прогноз 105,8 фоиз),4 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдорида валюта маблағлари тежаб қолинди.

Хусусан, дастур доирасида Қарши шаҳрида "Бисс электроникс систем" МЧЖ замонавий телевизорлар (49 ва 55 дюмли), Қарши туманида "Промакс" МЧЖ тўлов терминали каби импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.

Ўзингизга маълум, вилоят саноат ишлаб чиқариши паст ривожланган ҳудуд ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, вилоятда бу соҳани ривожлантириш мақсадида мавжуд 28 та кичик саноат зонасидаги 76 гектар майдонга жойлаштирилган 151 та лойиҳадан 59 таси ишга туширилди ва 34 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, 751 та янги иш ўрни яратилди.

Кейинги эътиборингизни қаратадиган йўналиш -  тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш орқали унинг янада ривожлантириш ҳисобланади.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, камбағалликни қисқартиришнинг ягона йўли - тадбиркорликни    ривожлантиришдир!

Пандемиянинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини юмшатиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биргина жорий йилнинг ўзида Муҳтарам Президентимизнинг 20 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилингани, бу борадаги ислоҳотларнинг самараси ўлароқ,  вилоят аҳолисининг тадбиркорликка ишончи ва қизиқиши ортиб бораётганини кўришимиз мумкин.

Республикада тадбиркорликни ривожлантириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани ҳамда Президентимиз "2021 йил - Қашқадарёда тадбиркорликни ривожлантириш йили" деб эълон қилгани натижасида вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари сони 61 минг 512 тага, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий   маҳсулотдаги улуши 69 фоизга, (2020 йил якунида 60,1 фоиз), саноатда 25 фоизга, хизмат кўрсатишда 75 фоизга, бюджет тушумидаги улуши эса 58 фоизга етказилди.

Оилавий тадбиркорликни кенг жорий этишда хизмат кўрсатиш соҳаларини тармоқлар кесимида ривожлантиришга асосий эътибор қаратилмоқда.

Энг асосийси, бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг 49 фоиздан ортиғи ўтган 3 йилда ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Тадбиркорларга яратилаётган бу каби эркинлик ва имкониятлардан келиб чиқиб, 2021 йилнинг 11 ойида вилоятда 9 минг 15 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилган бўлса, йил охирига қадар ушбу рақамни 10 мингтадан оширишни олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

Тадбиркорлик йўналишида Бош вазир қабулхоналарига келиб тушган 6 минг 968 та мурожаатда тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммо ва масалаларнинг 99 фоизи ижобий ҳал этилди.

Шундай бўлсада, тадбиркорлар мурожаатларида бўш ер ва бино ажратиш, муҳандислик ва коммуникация тармоқларига уланиш, кредит олиш ва гаров таъминоти, мансабдор шахсларнинг ҳаракати ва ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар асосий ўринда қолмоқда.

Барчангизга маълум, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ер майдонини ажратишнинг шаффоф ва адолатли механизми жорий этилди.

Мазкур механизмни амалиётда самарали қўллаш  нуқтаи назарида вилоятдаги бўш ер майдонлари бўйича ўтказилган хатловда аниқланган 8 минг 93 та ер участкасидан 4 минг 797 таси ёки 59 фоизи онлайн аукционга чиқарилди ва қолган ер майдонларини савдога чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Тадбиркорларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 25 минг 325 та лойиҳага 641 миллиард  сўм кредитлар ажратилди. Бунинг ҳисобига вилоятда 28 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.

Ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 274 та лойиҳага 8 миллиард 800 миллион сўм (режа 5,3 миллиард сўм) кредит ажратилиши натижасида 814 нафар ҳунарманд янгидан иш бошлади ва уларга 4 минг 317 нафар шогирд бириктирилди.

Ўтган даврда бу соҳада 5 минг 131 та янги иш ўрни яратилиб, ҳунармандчилик билан банд бўлганлар сони 18 минг 939 нафарга етказилди.

Барчангизга маълум, вилоят хизмат кўрсатиш соҳаси паст даражада ривожланган ҳудуд ҳисобланади.

Шу муносабат билан, жорий йилда бу соҳани ривожлантиришга ҳам асосий эътибор қаратилди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари 22 минг 137 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 минг 174 тага ёки 23 фоизга ошди.

Жорий йилнинг ўтган 11 ойида хизматлар ҳажми 12,1 триллион сўмни ташкил этиб, 19,5 фоизга ўсишига эришилди.

Жорий йилда хизмат кўрсатиш соҳасида 925 миллиард сўмлик 329 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 4 минг 700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди ҳамда ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида хизматлар улуши ўтган йилги 30,8 фоиздан 34,1 фоизга кўтарилди.

Масалан, Китоб туманида "LIFE CLINIC" МЧЖ умумий қиймати 22,5 миллиард сўмлик замонавий тиббий хизмат кўрсатиш маркази лойиҳасини ишга тушириб, 55 та янги иш ўрни яратди.

Ўзингизга маълум, вилоят туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудуд ҳисобланади, шунга кўра, жорий йилда 294 та уй меҳмонхонаси ташкил этилиб, 20 та янги транспорт йўналиши йўлга қўйилди.

Таъкидлаш жоиз, иқтисодий ўсишнинг асосий кўрсаткичларидан бири давлатнинг экспорт салоҳияти ҳисобланади. Шу муносабат билан, экспортни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам вилоятда талайгина ишлар амалга оширилди.

Бунинг ҳисобига вилоятда бугунга қадар 209 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилди. Йил охирига жами экспорт ҳажмини 215 миллион 300 минг долларга етказишни ва ўтган йилга нисбатан 166 фоиз ўсишга эришишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида биргина мақсад - аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, ишсизликни қисқартириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ётибди. Шундан келиб чиқиб, вилоятда бу йўналишдаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 2021 йил 1 декабрь ҳолатига 114 минг 316 нафар аҳоли бандлиги таъминланди ҳамда йил бошида қайд қилинган 11,1 фоиз ишсизлик даражаси 10 фоизга туширилди.

Вилоятда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи юқори даражада сақланиб турибди. Шундан келиб чиқиб, аҳолини арзон ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида, уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 2021 йилда 2 минг 960 та хонадонли 84 та кўп қаватли уйда қурилиш ишлари бошланиб, ҳозиргача 1 минг 792 та (51 фоиз) хонадон фойдаланишга топширилди, қолган 1 минг 693 та (49 фоиз) хонадон эса йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари  доирасида 26 та қишлоқ ва 4 та маҳаллада 1 минг 99 та объектда 498 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Жумладан, 2 минг 47 та якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда 15 та кўп хонадонли уй-жойлар таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди, 409,3 километр ичимлик суви, 216,5 километр электр тармоқлари ва 515,4 километр йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилди, 1 минг 74 дона газ баллони аҳолига етказиб берилди, 82 та ижтимоий соҳа ҳамда 170 та бозор   инфратузилмаси объекти янгидан қурилиб, таъмирланди.

Вилоят аҳолисини энг кўп қийнаб келаётган масалалардан яна бири бу ички йўлларнинг ҳолатидир. Вилоят ҳудудидаги мавжуд 18 минг 548 километр ички автомобиль йўлларининг 47 фоизи ёки 8 минг 668 километр таъмирга муҳтожлиги Муҳтарам Президентимиз томонидан эътиборга олиниб, бюджетдан ажратилган 329 миллиард 500 миллион сўм маблағ ҳисобидан 965 километр йўллар ва 33 та кўприкда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам республика бўйича энг паст даражада сақланиб қолмоқда. Шунга кўра, ажратилган 235 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига қурилиш ишлари бошланиб, 47 та ичимлик суви объектидан 30 тасида 427,6 километр ичимлик сув тармоғи фойдаланишга топшириш арафасида, 17 тасида эса қурилиш ишлари давом этмоқда. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 398 минг нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланиб, қамров 49 фоизга етказилади.

Вилоятда электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда1 минг 500 километр электр узатиш тармоқларида ва 400 дона трансформатор    пунктларида қурилиш ва модернизация ишлари амалга оширилиши ҳисобига 479 та маҳалладаги  271 минг  аҳоли хонадонига етказиб берилаётган электр энергия сифати яхшиланди.

Вилоятда газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 5 километр газ тармоғи янгидан қурилди, 16 километр газ тармоғи мукаммал ва 76 та газ тақсимлаш шохобчаси жорий таъмирланди.

Бундан ташқари, аҳоли истеъмолчилари хонадонларига 113 минг 135 та электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди.

Инвестиция дастурига кўра қурилиш ишлари олиб борилган 299 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектидан жорий йилда ишга тушириш режалаштирилган 252 таси тўлиқ фойдаланишга топширилиб, қолган 47 та объектда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Хусусан, қарийб 800 миллиард сўм маблағ ҳисобига 781 та мактаб таъмирланди, шундан 98 та мактаб биноси янгидан қурилди.

Маълумки, рақамли технологиялар ҳаётимизга шиддат билан кириб келмоқда, бугунги кунда ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиш қийин.

Вилоятда замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 3,8 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилди.

56 минг 800 абонентга мўлжалланган кенг полосали қурилмалар ҳамда 324 та таянч станциялари ўрнатилди ва модернизация қилинди. Натижада, юқори тезликдаги интернет хизматлари билан қамраб олиш даражаси 86 фоизга етказилди.

Шунингдек, вилоятдаги жами 1 минг 856 та (99,5 фоиз) ижтимоий соҳа объектларига оптик толали алоқа линиялари тортилди.

Бундан ташқари, бу соҳага малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида, барча туман ва шаҳарлар марказларида IT-марказлар ишга туширилиб, ушбу марказларда бугунги кунга қадар 4 минг 705 нафар тингловчи ўқитилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси вилоятни асосий таянч тармоғи ҳисобланади, жорий йилда бу соҳада ҳам  катта амалий ишлар амалга оширилди. Натижада 2021 йилдаги табиат инжиқликлари  ва иқлим ўзгаришларига қарамасдан вилоятимиз бўйича 686 минг 600 тонна ғалла, 393 минг 500 тонна пахта, 399 минг 700 тонна сабзавот, 147 минг тонна картошка, 158 минг тонна полиз маҳсулотлари, 140 минг тоннага яқин мева, 2 минг 142 тонна пилла, 223 минг 700 тонна гўшт, 883 минг тонна сут, 347 миллион 500 минг дона тухум тайёрлашга эришилди.

Вилоят бўйича жами 20 триллион 760 миллиард  сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, 40 миллион АҚШ доллари қийматидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.

Бу соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш учун вилоятда 46 та кластер, шундан 17 таси пахта-тўқимачилик (135,9 минг гектар), 21 таси ғаллачилик (140 минг гектар) ҳамда 8 таси мева-сабзавотчилик йўналишида (3,7 минг гектар) фаолият юритмоқда.

Кластер тизимига ўтилганлиги натижасида пахтачиликда ҳосилдорлик 26 центнердан 29 центнерга, ғаллачиликда 53 центнердан 57 центнерга ўсишига эришилди.

Вилоятда етиштирилаётган 136 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш даражаси тўрт ярим баробарга ошиб 52,2 фоизга, ип-калава ишлаб чиқариш 6 баробарга, тайёр маҳсулот - уч ярим баробарга  ортди, экспорт ҳажми 110 миллион АҚШ долларига кўпайди.

Вилоятда экин ерларини кенгайтириш мақсадида фойдаланишдан чиқиб кетган 35 минг 178 гектар ер майдонлари ўзлаштирилди.

Жорий йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган 16 минг 173 гектар майдоннинг 11 минг 180 гектарига 85 миллиард  500 миллион сўмлик субсидия маблағлари ўзлаштирилди.

Янгидан ташкил этилган 5 минг 883 гектар интенсив боғ ва 3 минг 83 гектар токзорлар учун 14 миллиард 500 миллион сўмлик субсидия маблағлари ажратилди.

Чорвачилик соҳаси ҳам вилоятда драйвер ҳисобланади. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоятда республиканинг 12 фоиз гўшт маҳсулотлари етиштирилади.

Бу соҳада 196 та лойиҳа бўйича Россия, Германия, Австрия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан 9 минг 336 бош қорамол, 48 та лойиҳа доирасида 26 минг 820 бош қўй-эчки олиб келинди.

Ўзингизга маълум, вилоятда балиқ етиштириш бўйича имкониятлар жуда катта, шундан келиб чиқиб жорий йилда 26 нафар ташаббускор томонидан  19 миллиард 215 миллион сўмлик банк кредитлари ҳисобига 122 гектар сунъий сув ҳавзаларда балиқчилик лойиҳалари амалга оширилди.

Республикамиз миқёсида олиб борилаётган "Яшил макон" умумиллий ҳаракати доирасида 16 миллион тупдан ортиқ кўчат экиш режалаштирилиб, ҳозирга қадар 5,6 миллион туп дарахт экилди.

Қишлоқ хўжалигида техникалардан кенгроқ фойдаланиш ўзининг ижобий самарасини бермоқда, шу муносабат билан жорий йилда 521 миллиард сўмлик 1 минг 387 дона ҳар хил турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилинди.

Ижтимоий ҳимоя - халқимизга хос азалий қадриятдир.

Қарийб 2 йилдан бери бутун дунёда давом этаётган пандемия иқтисодиётга катта зарба бериши билан бирга фуқароларимиз ҳаёт тарзига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Мана шундай оғир дамларда ҳар бир фуқаронинг дардини ўз дарди деб билган давлатимиз раҳбари томонидан дунёда андазаси бўлмаган "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари",  "Темир дафтар" жорий қилиниши ҳисобига оғир   ижтимоий аҳволга тушиб қолган 55 минг 381 нафар фуқарога 83 миллиард сўмлик турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Хусусан, "Темир дафтар"да турган 13 мингга яқин кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан 22 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, ушбу дафтардаги 11 минг 686 та оиланинг 25 минг 176 нафар 18 ёшга тўлмаган болаларига 12 миллиард 588 миллион сўм бир марталик ёрдам кўрсатилди.

"Аёллар дафтари" билан ишлаш тизими доирасида 71 мингдан зиёд хотин-қизларга 25 миллиард сўмлик манзилли ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 26 мингга яқин хотин-қизлар бандлиги таъминланди, 5,9 мингдан зиёди тадбиркорлик бўйича ўқитилди ҳамда 4,5 минг нафарига 63 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. 840 нафар I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди, нотурар жойларда ва ижарада яшаб келаётган 257 нафар аёл уй-жой билан таъминланиб, уй-жойга муҳтож 106 нафар хотин-қизга хонадон сотиб олишлари учун бошланғич тўлов тўлаб берилди.

10 минг 500 нафар тиббий ҳимояга муҳтож хотин-қизни стационар ва амбулатор шароитда даволаш ишлари амалга оширилди.

"Ёшлар дафтари"га киритилган 50 минг 329 нафар ёшнинг 47 минг 517 нафари (94,4 фоиз) дафтардан чиқарилди. Дафтардаги 18 минг 992 нафар ёшга 23 миллиард 460 миллион сўмлик молиявий кўмак берилиб, ижтимоий қўллаб-қувватланди.

Вилоятда маънавий-маърифий ишлар ҳам диққат марказда бўлди.

Ҳурматли Президентимиз кўрсатмаларига асосан республикада биринчилардан бўлиб Қарши шаҳрида замонавий ва барча қулайликларга эга Маънавият маскани, Шаҳрисабз туманида Маънавият ва маърифат маскани бинолари фойдаланишга топширилди.

Жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабз шаҳрида "Амир Темур дунё олимлари ва адиблари нигоҳида" деб номланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.  Унда АҚШ, Франция, Германия, Россия, Туркия, Миср, Уммон, Эрон, Покистон, Озарбайжон каби 14 та мамлакатдан 20 га яқин нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

"Қадринг баланд бўлсин, она тилим!" республика танловида "Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд" йўналиши бўйича Китоб тумани ҳокимлиги 3-ўринни, куни кеча (2021 йил 15 декабрь) Республика Маънавият ва маърифат марказида ўтказилган "Энг намунали туман" кўрик-танловида Шаҳрисабз тумани ҳам 3-ўринни эгаллади.

Вилоятнинг туризм соҳаси ҳам тўлиқ ишга солинмаган драйвер йўналишлардан биридир.

Туристлар ва вилоятимиз меҳмонларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилда 5 та меҳмонхона,1 та хостел, 15 та хусусий даволаниш маскани ва 102 та уй меҳмонхонаси 1 та туроператор соҳада ўз фаолиятини бошлаши ортидан 254 та янги иш ўрни яратилди, туризм соҳасидаги иш ўринлари сони 1 минг  370 тага етказилди.

Жорий йил вилоятга 680 мингта маҳаллий ва 47 минг 300 та хорижий туристлар ташриф буюрди.

Вилоят туризм салоҳиятини тарғиб этиш мақсадида Ҳиндистон, Исроил, Италия, Корея, Малайзия, Туркия каби давлатлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.15 та хорижий ОАВ вакиллари  вилоятга ташриф буюрди, вилоят туризм салоҳиятини хорижий давлатларга тарғибот ишлари амалга оширилди.

Спорт, соғломлаштириш йўналишида ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, жорий йилда республика ва халқаро мусобақаларда вилоят спортчилари томонидан 1 минг 76 та медаль, шундан, 2 та Паралимпия ўйинларида, 17 та жаҳон чемпионати ва кубокларида, 34 та Осиё чемпионати ва кубокларида, 962 та Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида, 61 та халқаро спорт мусобақаларида қўлга киритилди.    Медалларнинг  283 таси олтин, 316 таси кумуш ва 477 таси бронзани ташкил этади.

Токио шаҳрида ўтказилган Ёзги олимпия ўйинларида 1 та ва Паралимпия ўйинларида 3 нафар вилоятимиз вакили иштирок этиб, 2 та кумуш медални қўлга киритди.

"Насаф" футбол жамоамиз тарихида иккинчи маротаба Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди ҳамда Осиё конфедерациялар кубоги финалчисига айланди.

2021 йилда бокс бўйича Қашқадарёнинг тарихида янги саҳифа очилди. Боксчи қизимиз Райҳона Қодирова Олимпиада ўйинлари иштирокчиси бўлган бўлса, 18 ёшли Азизбек Тожиев Ўзбекистон чемпионатида эркаклар ўртасида 71 килограмм вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритди.

Ҳурматли юртдошлар, барча соҳаларда маррани баланд олиб, демократик ислоҳотлар йўли - биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўл эканини кундалик фаолиятимизга айлантириш - пировард мақсадимиздир.

Президентимизнинг вилоятга ташрифлари чоғида берган кўрсатма ва тавсиялари асосида, Қашқадарё вилоятининг буюк тарихи, меросини ўрганиш ва татбиқ этиш, салоҳияти юксак заминнинг мавжуд ресурсларидан унумли фойдаланиш ҳамда меҳнатсевар одамларининг қобилиятларини қўллаб-қувватлаш борасида аниқ режалар тузилганлиги ҳақида таъкидламоқчиман.

Вилоятда 2022 йилда ҳам макроиқтисодий барқарорлик сақланиб қолади. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот 106,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 106,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 103,4 фоизга, хизмат кўрсатиш ҳажми 122 фоизга ўсиш таъминланади.

Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 104,2 фоизга оширилади ва 13 миллион 938 минг сўмга етказилади.

Солиқ базасини кенгайтириш ҳамда солиқларни йиғувчанлигини ошириш орқали бюджетга 3 триллион 677 миллиард 500 миллион сўм тушум таъминланади.

Хизматлар соҳасида вилоят ҳудудидан ўтадиган  халқаро ҳамда республика аҳамиятидаги йўлларда 522 та (21,7 га) ер майдонларида савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ташкил этилади.

Мажмуалар, замонавий архитектура талабларига мос савдо шохобчалари, ошхона, кафе, меҳмонхона, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, мотель, санитария узеллари ва душ хизматларини ўз ичига олади.

Масалан, Чироқчи тумани А-378 халқаро аҳамиятидаги автомобиль йўли бўйидаги Олтин дала маҳалласида 5,5 гектар майдонда комплекс савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

Вилоятда 105 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланади. Бу ишларни амалга оширишда ҳар бир маҳаллада иш бошлаётган тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича 793 нафар ҳоким ёрдамчиси ўрни каттадир. Ҳоким ёрдамчилари ўз "бюджети" доирасида субсидиялар бериш, жамоат ишларини ташкил этиш ҳамда касбга ўқитишга маблағ ажратиш, маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик учун кредитлар бериш орқали 82 минг 642 нафар аҳолини банд қилади.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 22 минг 410 нафар аҳоли банд бўлади.

Вилоятда ишсизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитишнинг мутлақо янги тизими жорий этилади. 92 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари иш бошлайди. Эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда биринчи навбатда Ғузор, Муборак, Миришкор, Косон туманларида касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ташкил этилади.

Барча касб-ҳунар марказлари вилоятдаги иккита  йирик субъект - Шўртангазкимё мажмуаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводига бириктирилади.

Қарши туманида "Ҳунармандчилик маркази"ни, Касби туманида "Кулолчилик маркази"ни ташкил этиш, Шаҳрисабз шаҳрининг Оқсарой майдонидаги  Чорсу бозори биносида каштачилик, атлас, адрас, аъло бахмал тўқиш ўргатиладиган "Ҳунармандлар маркази" ташкил қилиш ва ёшларни ўқитиш келгуси йил режасига киритилган. Вилоятда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 45 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Секторларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини маҳаллабай хатлов ўтказган ҳолда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритиб бориш давом эттирилади.

Вилоятда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча ресурслар ҳамда тадбиркорларга кредит фоиз тўловларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади.

Чироқчи, Деҳқонобод, Касби, Миришкор ва Нишонтуманларида янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари учун 2025 йил 1 январга қадар фойда солиғи ставкаси 50 фоизга пасайтирилади ҳамда ер, мол-мулк, айланмадан солиқлар тўлашдан озод этилади.

Натижада, 10 минг 300 нафар тадбиркор янгидан фаолиятини бошлайди. Бунда оилавий корхона ташкил этишга устувор аҳамият қаратилади.

Инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бўйича "пастдан-юқорига" тамойили асосида, янги тизим йўлга қўйилади.

Ҳудудларда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқувчи "лойиҳа гуруҳи" ташкил этилади ва вилоят салоҳиятидан келиб чиқиб, инвестиция ва экспорт стратегияси ишлаб чиқилади.

Шакллантирилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида салоҳиятли тадбиркорлар иштирокида холдинг компания ташкил этилади. Бунда тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси лойиҳаларнинг 30 фоизгача қисмини молиялаштириш бўйича ишлар йўлга қўйилади.

Вилоят ҳудудларини жадал ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 49,3 триллион сўмлик 748 та ҳудудий ҳамда умумий қиймати 162 миллион доллар бўлган 98 та хорижий инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Вилоятда экспорт ҳажми 1,4 баробарга оширилиб, 238 миллион АҚШ долларига етказилади. Бунда, экспорт таркибида қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар улуши 45 фоиздан оширилади, экспортчи корхоналар сони 2 баробарга кўпайтирилади.

Европа бозорларига кириш учун қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларига "Қашқадарё бренди" жорий этилади.

Вилоятда нефть-газ саноатини ривожлантириш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Шўртан газ кимё комплексининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш орқали полиэтилен ишлаб чиқаришни йилига 405 минг тоннага етказиш, 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, 50 минг тонна пиролиз дистиллятини олиш эвазига 800 та янги иш ўрни яратилади.

Саноат тармоқларини драйвер йўналишларидан келиб чиқиб, Чироқчи, Нишон ва Косон туманларида гўшт ва сутни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган алоҳида "Қашқадарё бренди" яратилади.

Вилоятда етиштириладиган пилла хом ашёсини қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етказилиб, 233 минг погонаметр ипак мато ва 80 дона ипак гиламлари ишлаб чиқарилади.

Бунинг учун 2022 йилда 40 минг 200 қути ипак қурти парваришланиб, 2 минг 300 тонна тирик пилла етиштирилади ҳамда озуқа базасини ривожлантириш учун 12 миллион туп тут кўчати экилади.

Вилоятда саноат тармоғини барқарор ривожлантириш учун саноат зоналари фаолияти кенгайтирилади.

Қарши аэропорти ёнидаги алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари тадбиқ этиладиган барча инфратузилмага эга 120 гектар майдонда, саноат технопарки  ҳамда Китоб туманида Ургут эркин иқтисодий зонаси филиали фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари 6 та туманда кичик саноат зоналари ташкил қилинади.

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш мақсадида 73 та давлат активлари 71 миллиард сўм бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилади.

Бўш турган бинолардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида инвестиция мажбурияти билан сотилган 97 та объект негизида 157 миллиард сўм ва 8 миллион доллар миқдорида лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 1 минг 800 та янги иш ўрни яратилади.

Транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадида,барча манбалар ҳисобидан йўналтириладиган 211 миллиард сўм маблағ эвазига 680 километр узунликдаги ички йўллар ва кўчалар ҳамда 10 та кўприк таъмирланади.

Қарши шаҳридан Қарши тумани Қовчин қишлоғида жойлашган "Абу Муин Ан-Насафий" зиёратгоҳига борадиган 30 километр йўл замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилинади.

"Uzbekistan GTL" заводи учун Нишон-Кенгсой станциялари оралиғида 1,5 километр айланма темир йўл қурилади.

Вилоятда сифатли жамоат транспорти хизматини йўлга қуйиш учун 74 та автобус ва 46 та микроавтобус сотиб олинади.

Транспорт етиб бормаган олис ҳудудларда янги 10 та автобус йўналишлари ташкил этилади. Деҳқонобод ва Шаҳрисабз туманларидаги автостанциялар реконструкция қилинади.

24 та объектда 101,6 миллиард сўм маблағ эвазига 433,2 километр ичимлик суви тармоғи ётқизилади, 11 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Натижада 2022 йил якунига келиб аҳолини ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 53,6 фоизга етказилади.

Энергия таъминоти сифатини яхшилаш ҳамда барқарорлигини таъминлаш мақсадида, 1 минг 215 километр электр тармоғи, 3 та нимстанция ва 333 та трансформатор қурилиб, реконструкция қилинади.

2022 йилда 8,1 километр газ тармоқлари мукаммал таъмирланади ва реконструкция қилинади, 465 та газ регуляторлар ва 37 минг 674 та электрон газ сарфини ҳисоблаш ускунаси ўрнатилади.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2 минг 600 та уй-жой учун 729 миллиард сўм ипотека кредитлари ҳамда 2 мингта уй учун 83 миллиард 200 миллион сўм субсидиялар ажратилади.

Маҳаллий бюджет даромадларини ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 60 та уй-жой сотиб олинади ва улар хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга белгиланган тартибда берилади.

Шу ўринда, Қарши шаҳридаги Шодлик маҳалласида жойлашган ётоқхона масаласига ҳам тўхталиб ўтишим жоиз. Ижтимоий тармоқларда ёритилган мазкур муаммони жойига бориб, ўзим ўргандим. Аҳоли билан мулоқотда бўлдим. Мени қаттиқ ташвишга солгани, ётоқхонада ҳеч қандай шароити бўлмаган хоналарда яшаётган фарзандлар таълим-тарбияси ва тақдири қандай кечади.

Тезлик билан бу ерда ҳомийлик асосида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Вилоят раҳбари сифатида айтишим керак, ётоқхонада турадиган ҳар бир инсоннинг тақдири алоҳида эътиборга олинган. Талабга кўра, уй-жойга эҳтиёжи бор бўлган фуқароларга уй-жой берилади, даволаниши зарур бўлганларга тиббий хизмат кўрсатилади, ёлғиз, боқувчисини йўқотган одамларнинг тақдири ҳам эътиборимизда.

Шу ўринда, депутатлар, вилоят фаолларига мурожаат этмоқчиман.

Кенгашлар ҳузурида ташкил этилган "Халқпарвар" комиссиялари ишини фаоллаштиришимиз керак.

Аҳолининг уй-жойга бўлган мурожаатини ўрганиш, асосли таклиф бериш ва талабга кўра уй-жой билан таъминланишида албатта мазкур комиссиянинг адолатли ёндашувларига, таклифларига таянамиз.

2022 йилдан бошлаб "Боғдод тажрибаси" асосида уй-жойлар, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий инфраструктура объектларини ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади.

Биринчи босқичда, Косон туманининг Дўстлик ва Яккабоғ туманининг Айғиркўл маҳаллалари ҳудудидан кўп қаватли турар жойлар барпо этиш учун ер майдонлари танлаб олинди. Косон тумани Дўстлик маҳалласида 30 та ва Яккабоғ тумани Айғиркўл маҳалласида 25 та кўп хонадонли уй-жой, 5 та ижтимоий соҳа объекти қурилади.

Ушбу объектлар учун 4 километр ичимлик суви тармоғи, 4 дона сув иншооти, 5 километр оқова сув тармоғи, 2 дона локал тозалаш иншооти ва 900 метр йўл қурилади, 1 километр электр, 3 километр алоқа ва 800 метр табиий газ тармоғи тортилади.

Ҳар бир массивда 20 гектардан иборат ёшлар иссиқхона мажмуалари қурилиб, оилаларга 10 сотихдан бўлиб берилади. Аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида, массивлар ҳудудида 2 та кичик саноат зонаси ташкил этилади.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 26 та қишлоқ ва 4 та маҳалланинг архитектура қиёфаси тубдан яхшиланиб, ҳудудлари ободонлаштирилади ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш учун барча манбалар ҳисобидан ажратиладиган 463 миллиард сўм маблағ қуйидаги мақсадларга сарфланади:

538 километр ички йўллар яхшиланади;

451 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилади ҳамда 24 та сув иншооти қурилади ва таъмирланади;

398 километр электр линиялари тортилади, 55 та трансформатор янгиланади, 3 минг 283 та таянч устун (столба) ўрнатилади;

4 та боғча, 24 та мактаб ва 11 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади, 7 та болалар ўйин майдони қурилади, 21 та маҳалла биноси, 1967 та якка тартибдаги уй-жой ва 113 та кўп квартирали уй-жой таъмирланади;

24 километр пиёдалар йўлаклари қурилади, 636 та ёритиш тизимлари ўрнатилади ҳамда 31 минг туп гул ва дарахтлар экилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш мақсадида, фойдаланишдан чиққан 17 минг 700 гектар ер майдонлари ўзлаштирилиб, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик учун талабгорларга очиқ танлов асосида ажратилади.

 Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ туманларида   8 минг 900 гектар токзорлар барпо этилади ҳамда  Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида 1 минг 400 гектар интенсив боғ яратилади.

Қамаши, Чироқчи, Яккабоғ, Деҳқонобод туманларида 412 гектар писта плантациялари барпо этилади ва вилоятда пистачилик ассоциацияси ташкил қилинади.

10 минг 234 гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига 0,50 гектардан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага берилади. Бунда биринчи навбатда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқароларга, шунингдек, томорқадан самарали фойдаланган аҳолига устунлик берилади.

Чорвачилик соҳасини ривожлантириш ҳисобига озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида Касби, Миришкор, Нишон ва Косон туманларида кластер тизими асосида сиғими минг бошдан кам бўлмаган йирик чорвачилик комплекслари ташкил қилинади ҳамда 40 минг гектар майдон чорва озуқасини етиштириш учун ажратилади.

Наслчилик хўжаликлари томонидан аҳоли хонадонларига 5 минг бошдан зиёд наслли қорамоллар етказиб берилади.

Йирик чорва комплекслари билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларидаги чорва наслини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида Косон туманида "Чорвадорлар амалий-ўқув маркази" ташкил қилинади. Бу соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишга янги жорий этилаётган "Ҳоким ёрдамчилари"кучидан фойдаланиш ҳам йўлга қўйилади.

Хусусан, Косон туманининг Арабхона маҳалласида 500 га яқин хонадон эгалари 200 тадан 1 минг 500 тагача қўй боқиб, йилига ўртача 500 миллион сўмдан даромад олиб келишаяпти, лекин улар давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётганлиги учун ишсизлар сифатида ҳисоботларда акс этиб келмоқда.

"Ҳоким ёрдамчилари"кўмаги билан уларга имтиёзли кредит ва озуқа учун тумандаги оборотдан чиққан 14 минг гектар ер майдонидан 1 гектардан 20 гектаргача ажратиш орқали мотивация бериб,  маҳалладаги мавжуд 1 минг 830 та хонадонни тўлиқ қўй боқишга ўтказамиз.

Чорвачилик йўналишида "Косон тажрибаси" вилоятнинг Касби, Миришкор, Деҳқонобод, Нишон, Муборак ва Чироқчи туманларида ҳам йўлга қўйилади ҳамда бу орқали 7 минга яқин ишсизнинг бандлиги таъминланади.

Балиқчиликни ривожлантиришда ҳам "Ҳоким ёрдамчилари" кучига таяниб иш олиб борилади.

Жумладан, Чироқчи туманидаги Қаҳрамон маҳалласи фуқароси Абдурашид Аҳмедовнинг бугунги кунда балиқ етиштириш бўйича янги тажрибаси маҳаллада балиқчиликни ривожлантиришга туртки бўлмоқда.

Ушбу фуқарони ўзининг маҳалласига "Ҳоким ёрдамчиси" лавозимига ўтказиб, 990 та хонадонни тўлиқ балиқчиликка ўргатиш, кредит ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳовуз қуриб бериш орқали маҳаллада ишсизликни бартараф этиш бўйича  "Чироқчи тажрибаси"ни йўлга қўямиз.

Балиқ етиштиришнинг "Чироқчи тажрибаси"ни Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб, Нишон, Қамаши, Косон ва Миришкор туманларида йўлга қўйиш орқали 5 мингга яқин ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаймиз.

Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш орқали вилоятдаги 66 минг гектар аҳоли томорқаларининг 52 минг гектарига эртаки, 18 минг гектарига ўртаки ва 14 минг гектарига тўқсонбости экинлари экилиши йўлга қўйилади. Соҳада сервисни йўлга қўйиш мақсадида 12 та йўналишда хизмат кўрсатадиган томорқа кластери ташкил этилади.

Сув таъминоти оғир бўлган маҳаллаларда 700 тага яқин тик қудуқлар қазиш ҳисобига 10 минг хонадонда сув таъминоти яхшиланади.

Аҳоли томорқаларида 350 та енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун 2 миллиард 600 миллион сўм субсидиялар ажратилади.

Вилоятда 187 километр ирригация ва мелиорация объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти ривожлантирилиб, уларнинг фаолияти такомиллаштирилиши ҳисобига пахтани қайта ишлаш даражаси      53  фоиздан 100 фоизга етказилади.

Ғаллачилик кластерлари томонидан етиштирилган буғдойни тўлиқ қайта ишлаш қувватлари ташкил қилинади.

Мева-сабзавот кластерларига етиштирган маҳсулот ҳажмидан келиб чиқиб, Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан имтиёзли кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади.

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2 та оилавий поликлиника ва 9 та шифокорлик пункти ташкил этилади, 13 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт, перинатал, скрининг ва репродуктив саломатлик марказлари ҳамда туғруқ комплекси бирлаштирилиб, "Она ва бола" тиббиёт кластери ташкил этилади.

Шаҳрисабз, Ғузор ва Касби туманларида қўшма жароҳатлар ва қон-томир касалликлари бўлимлари ташкил қилинади ҳамда онкологик касалликларни эрта аниқлаш учун 40 ёшдан ошган 132  минг нафар аёл скрининг текширувидан ўтказилади.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини ташкил қилиш бўйича "Қашқадарё тажрибаси" яратилади.

Шу ўринда, тиб илмининг султони Абу Али ибн Синонинг бир ҳикматини келтириб ўтаман.

"Ҳар қандай касалликнинг давоси тўғри овқатланишдир". Жорий йилнинг октябрь ойида вилоятдаги 652 минг 733 та хонадонда истиқомат қиладиган 3 миллион 285 минг 291 нафар аҳолида ўтказилган текширувлар натижасида:

катта ёшдаги аҳолининг 28,3 фоизида ортиқча вазн,14,2 фоизида семизлик, 42,3 фоизи мева-сабзавотни кам истеъмол қилиши, 57 фоизи ёғли овқатни хуш кўриши, 42 фоизи жисмоний нофаол экани аниқланди.

Вилоятда аҳоли томонидан бетартиб овқатланиш, гўшт маҳсулотларини меъёридан кўп истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликларининг келиб чиқишига омил бўлиб қолмоқда.

Ижтимоий тармоқда кузатганим бир лавҳада Қашқадарё вилоятида бўлган тўй ҳақида сўз юритиб, 10 дан ортиқ қозон осиб, 40-50 миллион сўм пул сарфлаб, базм уюштираётган, ким ўзарга тўй қилаётганлар ўртасида тарғиботни кучайтириш лозим деб ўйлайман.

Бир кунлик тўй учун сарф этиладиган 40-50 миллион маблағга қанча китоб сотиб олса бўлади, қанча эҳтиёжманд учун хайр-саховат амалини олиб борса бўлади.

Шу қишлоқ учун кутубхона ёки ўқув маркази барпо этса бўлади. Бу каби меъёридан ортиқ овқатланиш биринчидан, саломатлик учун хавфли, қолаверса, йиллар давомида оғир меҳнат орқали топилган маблағни мақсадли сарфлаш ҳақида ҳам ўйлашимиз керак.

Яна бир муҳим масала, барчамиз инсон ва унинг ҳуқуқлари энг олий қадрият эканлигини бир дақиқа ҳам ёддан чиқармаслигимиз зарур.

Аҳолининг хавфсиз, тинч ва осойишта яшаши учун "хавфсиз хонадон", "хавфсиз шаҳар", "хавфсиз туризм" каби концепциялар ҳаётга татбиқ этилиб, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки унинг барвақт олдини олишга қаратилган ислоҳотлар давом этмоқда.

Бироқ, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган мисли кўрилмаган шарт-шароитларга қарамасдан ижтимоий тармоқлардаги вилоятимизда содир этилаётган жиноятлар ҳақидаги лавҳалардан барчамиз бирдек уялаяпмиз деб айтсам, ўйлайманки, қалбингиздаги гапни айтган бўламан.  

Айрим ҳолларда эса ички ишлар ходимларининг номуносиб хатти-ҳаракатларини ҳам оқлаб бўлмайди.

Вилоятда фирибгарлик, тан жароҳати етказиш, йўл- транспорт ҳодисалари каби жиноятлар ҳамда оилавий ажримлар сони ошган. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчилик билан биргаликда ҳали амалга оширишимиз зарур бўлган вазифалар талайгина эканлигини кўрсатмоқда.

Келгуси йилда ҳам ҳуқуқбузарликни олдини олишга қаратилган тадбирларни фаол давом эттирган ҳолда, соҳа ходимларига зарур шарт-шароитларни яратиш билан бирга, жиноятни жиловлашда замонавий ахборот-технологиялари имкониятидан кенг фойдаланишни устувор вазифа сифатида белгилаймиз.

Бу борада коррупцияга қарши курашиш бизнинг бош мақсадимиз эканлигини барча мансабдорлар   англаб етиши шарт.

Жиноятлар содир этилишининг туб сабаби бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишга, маънавий муҳитни яхшилашга барча куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.

Қадрли депутатлар, вилоят фаоллари, зиёлилар, муқаддас Қуръони каримда айтилган "Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг" ҳикматдан хулоса чиқариб, бу борада тарғибот ишини кучайтириш, тўйларни ихчамлаштириш, жиноятчиликни олдини олиш орқали аҳолини маърифатга, маънавиятга чорлаш лозим бўлади.

Таълим ва илм-фанни ривожлантиришда маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур" деган ҳикматлари ҳамиша, ҳамма даврда ҳам аҳамиятли эканлиги барчамизга маълум.

Шундан келиб чиқиб, 2022 йилда боғчаларда 3-7 ёшдаги болалар қамровни 50,6 фоиздан 56 фоизга етказиш бўйича вилоятнинг манзилли дастури ишлаб чиқилди.

Унга кўра, 24 та мактабгача таълим ташкилотини янгидан қуриш ҳисобига 3 минг 476 нафар, 19 та давлат МТТларини реконструкция қилиш ҳисобига 960 нафар, 23 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги МТМ фаолиятини йўлга қўйиш орқали 2 минг 400 нафар, 300 та янги ташкил қилинадиган оилавий нодавлат МТТлари ҳисобига 7 минг 500 нафар бола қамраб олинади.

Мактабларда навбатлик коэффициентини камайтириш, моддий-техник базасини ривожлантириш ва таълим сифатини яхшилаш учун 2 та янги мактаб қуриш, 20 та мактабни реконструкция қилиш орқали 5 минг 332 нафар ўқувчига барча қулайликларга эга ўқиш ўрни яратилади.

Туман (шаҳар)дан биттадан, жами 15 та мактаб  танлаб олиниб, Президент мактаби билан боғланган ҳолда аниқ фанлар ўқитилиши бўйича Президент  мактаби услубларига мослаштирилади ҳамда Президент мактабига ўқишга киролмаган ўқувчилар ушбу мактабларда ўқишини давом эттириши йўлга қўйилади.

Олий ва ўрта махсус таълим инфратузилмасини яхшилаш, таълим сифатини ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида Қарши давлат университетида 2 та 800 ўринли ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида 1 та 400 ўринли талабалар учун турар жой қурилади.

Шаҳрисабз педагогика институти ҳудудида замонавий инновация ахборот ресурс маркази ташкил қилинади.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали маъмурий биноси капитал таъмирланади.

Ҳудудларни, иқтисодий соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш, жойларда ахборот-коммуникация      инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида  "Qarshi CITY" ҳудудида "IT-Park" ҳудудий филиали ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган махсус мактаб ташкил қилинади.

"Бир миллион дастурчи" лойиҳаси иштирокчилари сонини 50 минг нафарга етказиш учун вилоятдаги 577 та компьютер синфи (шундан 161 та олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларда) замонавий компьютер техникаси билан таъминланади.

Вилоятдаги 7 та техникум, 9 та коллеж, 28 та касб-ҳунар мактаби ҳамда олис ва узоқ ҳудудлардаги 208 та мактабга юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғи уланади.

2 минг нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларининг замон талабига мос равишда малакаси оширилади.

Китоб туманида фойдаланилмай турган Меҳрибонлик уйи биноси негизида рақамли технологиялар, IT-English ва чет тилларини ўқитишга ихтисослаштирилган ўқув маркази ташкил қилинади.

Жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ҳамда ёшлар билан ишлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш масалалари ҳам алоҳида эътиборимиз марказида бўлади. Бу борада:

100 нафар уй-жойга муҳтож, қийин аҳволдаги, боқувчисини йўқотган хотин-қиз имтиёзли уй-жой билан таъминланади;

9 минг 540 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилади;

9 минг 240 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилади;

9 минг 540 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган аёллар реабилитация техник воситаси билан таъминланади;

13 минг 760 нафар аёлга маънавий, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Вилоят ёшлари ўртасида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, ҳудудий маданият марказларда ҳаваскор ёшлар театр студияси ташкил этилади.

"Workоut" ва "streetball" майдончалари вилоят, шаҳар ва туманлар марказларида ҳамда 200 та маҳаллада  ташкил этилади.

Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, маҳаллаларда "Энг яхши китобхон", "Энг яхши китобхон маҳалла", "Она-бола китобхон" кўрик-танловлари ташкил этилади ва уларга 6 минг нафар ёш жалб этилади.

Ғузор туманида инновацион ёшлар маркази ташкил этилади.

73 минг нафар ёшнинг бандлиги таъминланади. Хусусан:

5 минг 600 нафар ёшга 250 миллиард сўм миқдордаги имтиёзли кредитлар, 8 минг нафарига "Ёшлар дафтари" ва бандлик жамғармаси ҳисобидан 12,6 миллиард сўм субсидиялар ажратилади ҳамда 16 минг нафар ёшга қишлоқ хўжалиги ер майдонлари ажратиб берилади.

60 минг нафар ёш спортга, 70 минг нафари маданият ва санъатга, 20 минг нафари ҳарбий ватанпарварлик фестиваллари, акцияларга жалб этилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз маданий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилишга қаратилган ташаббуслари юксак халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси Бахшичилик санъатини инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритди. Бахшичилик анъанасини муносиб давом эттираётган Қашқадарё бахшилари бу эътибор ва ҳурматдан ниҳоятда мамнун бўлишди.

2022 йилда машҳур, Қашқадарё элининг фахри бўлган Қодир бахши Раҳимов таваллудининг 85 йиллиги нишонланади ҳамда "Қашқадарё ёш бахшилари" вилоят кўрик-танлови ташкил этилади.

Маданият муассасалари моддий техник базасини  мустаҳкамлаш доирасида Қарши шаҳрида вилоят қўғирчоқ театри, Деҳқонобод туманида 1 та маданият маркази учун янги бино қурилиб, фойдаланишга  топширилади.

Қарши туманида 1 та маданият маркази реконструкция қилинади, Кўзи ожизлар кутубхоналарининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланади.

Аждодларимизнинг маданий ва маърифий мероси ва уларнинг шахсини чуқур ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш тизимли ташкил қилинади.

Шаҳрисабзда "Темурийлар даври Ренессанси" илмий-маърифий маркази, Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номида илмий марказ, Абу Муин Насафий мажмуаси базасида маърифат маркази ташкил қилинади.

Қарши шаҳридаги кўчалардан бирига Беҳбудий номи берилади.

Косон тумани Пудина қишлоғида жойлашган "Қусам Шайх ота" зиёратгоҳи ободонлаштирилиб, замонавий мажмуа қурилади.

"Қатағон қурбонлари хотираси" музейи Қарши филиали фондини бойитиб бориш мақсадида илмий изланиш олиб борувчи олимлар гуруҳини ташкил қиламиз.

Вилоятда туристик хизматлар сифатини ошириш ҳамда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилади.

Қамаши туманида жаҳонда саноқли ва ноёб бўлган "Майданак" обсерваторияси ҳамда XIV аср ёдгорлиги ҳисобланган "Лангар ота" масжидида бутун дунёдан туристларни жалб қилиш мақсадида ушбу объектларга олиб борувчи 38 километр йўл таъмирланади ҳамда уй меҳмонхоналари ва ресторанлар ташкил этилади.

Ушбу манзилдан 15 километр узоқлиқда жойлашган кенглик станцияси ҳудудида туризмни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади, бунинг учун ушбу ҳудудга олиб борадиган йўлларни тўлиқ таъмирлашга республика бюджетидан 40 миллиард сўм маблағ жаратилади

Шаҳрисабз туманидаги Мираки, Сувтушар, Кўл, Ғелон, Китоб туманидаги Башир, Қайнар ва Варганза, Яккабоғ туманидаги Татар ва Миришкор туманидаги Жейнов қишлоқларида замонавий талабларга жавоб берадиган туристик лойиҳалар амалга оширилади.

Шу мақсадларга, йўл инфратузилмасини қуриш ва юқори тезликдаги интернет тармоғини тортиш учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Соҳибқирон Амир Темур туғилган Яккабоғ тумани Хўжа Илғор қишлоғи сайёҳларни жалб этиш мақсадида ободонлаштирилади.

Вилоятдаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларда зиёратчи туристларга хизмат кўрсатувчи "Ҳалол туризм маркази" фаолияти йўлга қўйилади ҳамда зиёратгоҳлар ҳудудида тарғибот-ташвиқот форумлари, диний мусобақалар ва зиёрат фестиваллари ташкил қилинади.

214 та уй меҳмонхонаси ва 9 та хостел  ташкил қилинади.

Натижада маҳаллий сайёҳлар сони 1 миллион 250 минг нафарга, хорижий сайёҳлар сони 200 минг нафарга, меҳмонхоналар сони 50 тага, туроператор ва турагентлар сони 20 тага етказилади.

Маъмурий ислоҳотлар йўналишида Давлатимиз раҳбарининг таклифларига кўра, айни кунларда Чироқчи тумани негизида Чироқчи ва Кўкдала туманларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳрисабз тумани марказини Чоршанбе шаҳарчасига кўчириб, уни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, айни кунда бу борадаги ишлар ҳам қизғин давом эттирилмоқда.

Юқорида келтириб ўтилган барча тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 2022 йилда 105 мингта янги иш ўрни яратилиб, ишсизлик даражасини йил якунида 8,8 фоизга туширишга эришилади.

Қадрли вилоят фаоллари, ҳурматли депутатлар, тадбиркорлар! Журналист ва блогерлар.

Катта марра ва мақсадларни олдимизга қўйганмиз. Бу йўлдан дадил ва ишонч билан боришда Сиз фаолларнинг тажрибангиз, салоҳиятингиз, маслаҳат ва кўмакларингиз, қўллаб-қувватлашингизга албатта, таянамиз. Халқимиз, Президентимиз билдирган ишончни оқлаймиз!

Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек: Янги Ўзбекистон стратегияси, олижаноб ниятларни амалга ошириш, янги ҳаёт қуриш йўлидаги беқиёс ўзгаришлар ҳаммамиздан фидойилик ва бунёдкорликни, жонбозликни талаб этмоқда.

Барчангизга ана шу эзгу йўлда куч-қувват, саломатлик тилайман. Тобора яқинлашиб келаётган 2022 йил билан самимий табриклайман!

Report typo