Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА

17.11.2020


ҚАШҚАДАРЁДА БАРЧА СОҲАЛАРДА ВАЗИЯТ ТУБДАН ЎЗГАРИШИ КЕРАК

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пандемия шароитига қарамай, иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантириш, одамлар ҳаётини яхшилаш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташрифнинг иккинчи куни Қарши шаҳрида вилоят фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Тадбир бошида вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати танқидий     таҳлил қилинди.

- Бу ерга келишимдан асосий мақсад - сизлар билан бирга ҳудуд ривожига кучли туртки бериш бўйича аниқ вазифа ва чора-тадбирларни белгилаб олиш. Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаяпти, мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидан анча орқада, - деди давлат раҳбари.

Бу замин улкан имкониятларга эга. Лекин унинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳалар аҳволи бунга мутлақо мос эмас. Охирги 10 йил ичида    вилоятнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 9,4 фоиздан 7,1 фоизга,      саноатдаги улуши эса 11 фоиздан 6 фоизга тушиб кетган.

- Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот мамлакатимиздаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Қашқадарё эли шунга муносибми? - дея савол қўйди Президент.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда илмий асос ва инновацион ёндашув йўқ, вилоят иқлим шароитига мос янги навлар яратилмаган. Ўтган йили пахта ҳосилдорлиги гектарига 19 центнерни ёки юртимиздаги энг қуйи кўрсаткични ташкил этган. Қишлоқ хўжалиги техникалари етишмайди. Маҳсулотларни қайта ишлаш даражаси ҳам паст.

Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги ирригация ва мелиорация ҳолатини кескин танқид қилди. Нотўғри суғориш оқибатида ерларнинг 45 фоизи шўрланган. Айниқса, бу борада Муборак, Ғузор, Нишон ва Косонда аҳвол жуда оғир. 38 минг гектар майдон фойдаланишдан чиқиб кетган. Томчилатиб суғориш жами суғориладиган майдоннинг бор-йўғи 2,4 фоизида жорий қилинган.

Аҳолининг ичимлик суви таъминоти вилоят бўйича 50 фоизни, хусусан, Косонда 26, Деҳқонободда эса атиги 4 фоизни ташкил қилади. Қувурларнинг 60 фоизи таъмирталаб бўлиб қолган. Қарши шаҳрининг канализация тизими ҳам эскирган. Автомобиль йўлларининг 8 минг 700 километри яроқсиз ҳолга келган.

Таълим ва тиббиёт сифати масаласига тўхталиб ўтилди.

Вилоятнинг 88 мактабида "смена" кўрсаткичи юқори экани, бир нечта мактаб филиали биноси пахсадан қурилгани кўрсатиб ўтилди. Қашқадарё ёшлари олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича мамлакатда 13-ўринда. Бу йил 191 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртларига кира олмаган.

Тор соҳалар бўйича 257 та, бирламчи бўғинда 855 та шифокор етишмайди. Ҳудудда қўшимча 18 та оилавий поликлиника ва 30 та оилавий шифокорлар пунктига талаб мавжуд. Ҳар бир оилавий поликлиникага ўртача  25-30 минг нафардан фуқаро тўғри келиши лозим бўлса-да, вилоятда бу кўрсаткич 90 мингтани ташкил этади.

Йиғилишда шу каби муаммолар, мавжуд имкониятлар таҳлил қилиниб, Қашқадарёни комплекс ривожлантириш ва аҳолининг ҳаёт шароитини яхшилашга доир устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

- Қашқадарёда барча соҳаларда вазият тубдан ўзгариши шарт. Бунинг учун вилоятда ҳамма имконият бор. Ҳамма уйғониши керак, - деди Президент.

Ҳокимларнинг таклифлари ва вилоятдаги муаммоларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, тадбиркорлик асосий йўналиш этиб белгиланди. 2021 йил Қашқадарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди. Бу борада манзилли ишлаш учун туман ва шаҳарларга вазирлар, тармоқ ва банклар раҳбарлари бириктирилди.

Давлатимиз раҳбари бугунги бозор талаби ва "ўсиш нуқталари"дан келиб чиқиб, туманларни муайян иқтисодиёт йўналишларига ихтисослаштириш зарурлигини таъкидлади.

Хусусан, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Китоб туманлари боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади. Ғузор ва Муборак туманларида нефть, газ-кимё, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларида қурилиш материаллари бўйича кўплаб корхоналар ташкил этиш мумкин.

Касби, Нишон, Миришкор ва Косон туманларини чорвачиликка ихтисослаштириб, йирик комплекслар ва кичик бўрдоқичилик фермалари ташкил этиш, озуқа базаси учун ер ажратиш вазифаси қўйилди.

Молия вазирлигига чорвачилик учун ўзлаштириладиган ер, боқилган ҳар бир бош қорамол учун субсидия бериш механизмини йўлга қўйиш топширилди.

Вилоятда 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган, умумий қиймати 28 триллион сўм бўлган 950 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу лойиҳалар натижасида 15 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Камбағалликни қисқартириш, ёрдамга муҳтож ва ишсиз аҳолига даромад манбаи яратиш чоралари кўриб чиқилди.

Мутасаддиларга келгуси йилда 50 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиш бўйича топшириқ берилди.

Президентимиз аҳолини уй-жой билан таъминлаш, йўллар, ичимлик суви тармоқлари қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини     79 фоизга, хусусан, бу борада вазият оғир бўлган Ғузор туманида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Ёшлар ва аёллар манфаатларини таъминлаш масаласи чуқур таҳлил қилинди.

- Вилоятда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Ҳокимлар ҳар ҳафтада бир кунни ёшлар билан ишлаш куни, деб эълон қилиб, уларнинг муаммолари билан шуғулланади, - деди давлатимиз раҳбари.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 минг 815 нафар аёлнинг турмуш шароитини яхшилаш, ишсиз хотин-қизларни "Устоз-шогирд" анъаналари асосида ҳунармандчиликка жалб этиш чоралари белгиланди.

- Биз танлаган йўл - машаққат йўли. Қашқадарё бўйича улкан режаларимиз бор, жуда катта маблағ бериляпти. Энди энг асосий вазифа ва талаб - шу маблағни тўғри йўналтириб, одамлар манфаати учун ишлатиш, яхши шароит яратиш, - деди давлатимиз раҳбари.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрининг Наво маҳалласида қурилаётган янги турар жойларни кўздан кечирди.

Бу ҳудудда жами 39 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, беш босқичда амалга оширилади.

Айни пайтда биринчи босқичда 16 қаватли 3 та турар жой қуриб битказилган.

Қайд этиш керакки, шу пайтгача вилоят ҳудудида 7 қаватдан баланд уй қурилмаган. Шу сабабли бунёдкорликда сейсмология ва архитектура талабларига алоҳида эътибор қаратилган. Сифатли, энергия тежовчи материаллардан фойдаланилган. Хонадонларнинг ҳар бирига алоҳида сув иситиш қозони ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари уйларнинг қурилиш технологияси ва сифатига эътибор қаратди. Ёнғин хавфсизлигини, коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Ҳудуд ободонлаштирилган, болалар майдончаси ташкил этилган. Яна 4 та 16 қаватли уйни келаси йил март ойида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Шунингдек, 1 минг 680 ўринли мактаб, 2 та мактабгача таълим муассасаси, поликлиника, супермаркет, спорт майдонлари, истироҳат боғи ва бошқа объектлар барпо этилади.

Бу ерда автомобиль йўллари қуриш ва таъмирлаш, Қарши шаҳрида иситиш, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти ўтказилди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига сафари якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА

 

Report typo