Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 июль, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Биродар АЗИЗОВ

10.01.2020


ҚАШҚАДАРЁДА ЭНГ МАЗАЛИ ТАНДИР ГЎШТИНИ КИМ ТАЙЁРЛАЙДИ?

Бу саволга аниқ жавобни вилоятимизда илк бор ўтказиладиган "Лола ва кабоб сайли"да билиб оламиз

Янги йил режалари

Шу йил баҳорда Ғузор туманидаги адирликларда "Лола ва кабоб сайли"ни ташкил этиб, воҳада гастрономик туризмни ривожлантириш ва Қашқадарёнинг энг машҳур таоми – тандир гўштини маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар ўртасида янада оммалаштириш назарда тутилган.

Таҳририятимизга бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон гастрономик туризм ассоциацияси раиси Гулноза Одилованинг айтишича, "Лола ва кабоб сайли"ни Қашқадарёда лолақизғалдоқлар очилган вақтда, бевосита лолазорда уч кунлик фестиваль тарзида ўтказиш режалаштирилмоқда.

- Бундан кўзланган асосий мақсад бутун дунёга тандир кабоб Қашқадарёнинг ўзига хос гастрономик бренди эканлигини намойиш этиб, шу орқали ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада оширишдир, - дейди Гулноза Одилова. - Фестиваль доирасида "Энг мазали тандир кабоб" танловини уюштириб, тандир гўшти тайёрлашга ихтисослашган қашқадарёлик энг зўр ошпазларни аниқлаш, қолаверса, шу ернинг ўзида бу машҳур таом дегустацияси (татиб кўриш жараёни) ва савдосини ташкил қилиш мўлжалланган. Режага кўра, "Лола ва кабоб сайли"да Қашқадарё фольклор-этнографик ансамбллари  ҳам иштирок этиб, тадбир қатнашчиларига ўзгача кайфият бағишлайди.  Лолазор узра ранг-баранг ҳаво шарларининг парвози ва уларда сайр қилиш учун шарт-шароитлар яратилиши, ўйлайманки, бу фестивалга бўлган қизиқишни янада оширади.

2020 йилда режалаштирилаётган маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари тақвимида ушбу фестивалнинг ташкилотчилари сифатида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон гастрономик туризм ассоциацияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа ҳамкорлар кўрсатилган. "Лола ва кабоб сайли"ни ўтказиш муддати дастлаб май ойининг биринчи ҳафтаси, деб қайд этилган бўлса-да, рамазон ойига тўғри келиши муносабати билан ташкилотчилар уни 10-12 апрель кунларига кўчиришни таклиф қилишмоқда. 

Шунингдек, мазкур тақвимда шу йил баҳорда вилоятимизда миллий либослар халқаро фестивали, от спорти бўйича нуфузли мусобақа ҳамда "Кашталарда ҳаёт порлайди" каштачилик буюмлари республика кўргазма савдоси ўтказилиши ҳам белгиланган.

Биродар АЗИЗОВ

Report typo