Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 декабрь, якшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

12.11.2021


ҚАШҚАДАРЁДА ТИББИЁТ СОҲАСИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР РЎЙ БЕРАЯПТИ?

Тиббиёт ва ислоҳот

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт тизимида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг "...Тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак" деган сўзларига уйғун равишда бу жабҳадаги ислоҳотлар мутлақо янги босқичга кўтарилди. Натижада нисбатан қисқа фурсат ичида соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлида мисли кўрилмаган ишлар қилинди.

Касб байрами - Тиббиёт ходимлари куни арафасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат МАМАДИЕВ Қашқадарёда мазкур соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси хусусида сўз юритмоқда.

- Бугун она Ватанимиз ҳақида сўз кетганда "Янги Ўзбекистон" ибораси тез-тез тилга олинмоқдаки, бу истиқлол аталмиш улуғ неъмат туфайли кейинги йилларда Президентимиз бошчилигида юртимиз тараққиётининг бутунлай янги босқичига қадам қўйгани, эришаётган залворли ютуқлари эътирофидир.

Мамлакат раҳбари қайд этганидек, соғлиқни сақлаш тизими давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлиб, аҳоли тизимдаги ўзгаришларга қараб давлатнинг фаолиятига баҳо беради. Айниқса, коронавирус касаллиги авж олган пандемия даврида мамлакатимиз тиббиёти жиддий синовдан ўтиб, ушбу хавфли хасталикка қарши курашиш, уни аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олиш, халқимизни ушбу балодан сақлаш, саломатлигини асраш борасида барча имкониятлар ишга солинди. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари ишга туширилди. Катта миқдорда қўшимча тиббиёт ускуналари ва тез ёрдам машиналари харид қилинди.

Қолаверса, шундай мураккаб даврда ўз ҳаётини гаровга қўйиб, юртимизда коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш ишига ўзининг билим ва салоҳияти, профессионал маҳорати билан муносиб ҳисса қўшган  тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлиги соҳа ходимлари фаолиятига берилган юксак баҳодир. Энг муҳими, бугун юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгариш ва янгиланишларни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этмоқда.

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни 2022 йил учун солиқ тушумлари ва бюджет параметрлари юзасидан  ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилганлигини маълум қилди. Жумладан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар кўрсатиш учун ҳам зарур маблағ берилиши режалаштирилган. Шунингдек, йиғилишда халқ таълими ва тиббиёт ходимлари иш ҳақини босқичма-босқич ошириш бўйича қўшимча маблағ йўналтирилиши алоҳида таъкидланди. 

Президент ва ҳукумат эътибори туфайли воҳамизда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган бир қатор ислоҳотлар ўзининг тотли меваларини бермоқда.

Хусусан, ўтган йилнинг декабрь ойида, айни қиш-қировли кунларда 25 кунлик ўта қисқа муддат давомида вилоятнинг барча туманларида аҳоли тиббий хатловдан ўтказилди. Саломатлик ва касалланиш кўрсаткичларига асосан вилоятда аҳолининг 1 миллион 413 минг 9 нафари (42,9 фоиз) соғлом деб топилди. 1 миллион 105 минг 468 нафари (33,6 фоиз) паст, 692 минг 533 нафари (21 фоиз) ўрта, 77 минг 569 нафари (2,2 фоиз) юқори хавф гуруҳларига ажратилди. Шу асосда ҳудудларнинг саломатлик профиллари яратилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Маълумки, тиббиётнинг бирламчи бўғини аҳоли саломатлигини сақлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда беқиёс ўринга эга. Бироқ тан олиш керак, мамлакатимизда яқин-яқингача тиббиётнинг мазкур бўғинида беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган. Мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш мақсадида Президентнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Уларга кўра, умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланди ва фаолияти янги босқичга кўтарилди. Ушбу мутахассисларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилди. Мазкур бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида "тиббий харита"лар шакллантириб, манзилли иш олиб бориши белгиланди. Бу орқали эса тиббиётнинг бирламчи бўғини тўғридан-тўғри бемор билан ишлайдиган, касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантирилмоқда.

Вилоятимизда жорий йилда 8 та маҳаллада оилавий шифокорлик пунктлари, 1 та маҳаллада оилавий поликлиника ташкил этилди. Келгуси икки йил давомида 17 та оилавий шифокорлик пункти ҳамда 4 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади. Вилоятнинг чекка ва олис ҳудудларида яшовчи аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида 12 та ҳудуд шифокорлар билан таъминланди.  Уларга берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди. Бугунги кунда вилоятдаги чекка ва олис худудлар аҳолиси ҳам оилавий шифокор томонидан  кўрсатиладиган тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинди.

2017-2021 йилларда тизимга 118 та махсус автотранспорт воситаси сотиб олинди. Узоқ ҳудудлар учун 3 та "Соболь", 9 та "УАЗ" тез тиббий ёрдам автомашинаси ажратилди. Яқинда тизимга 10 та "Volkswagen" русумли замонавий махсус автотранспорт воситаси берилди. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 та "Исузу" автомашинаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мобиль поликлиникаси учун тўлиқ тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 1 та махсус "Исузу" автобуси харид қилинди. Айни пайтда мазкур кўчма поликлиника олис ҳудудлар аҳолисининг  узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда, бу техника орқали "маҳаллабай" тизимда малакали тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида тизимдаги мавжуд кўпгина муаммолар буткул барҳам топди. Хусусан, охирги йилларда "Тез ёрдам"да битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 10 баробардан зиёдга ошиб, бугунги кунда ўртача 7 минг 700 сўмни ташкил қилмоқда. 2016 йилда эса "Тез ёрдам" тизимида ҳар бир чақириққа сарфланган маблағ ўртача атиги 745 сўмни ташкил этарди.

Туман ва шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимларида 218 та "Дамас" русумли автотранспорт воситаси мавжуд. Соҳадаги муҳим ўзгаришлардан яна бири келгуси уч йилда вилоятдаги барча тез ёрдам машиналари замонавий, барча қулайликларга эга бўлган техникаларга алмаштирилади.

2019 йилда вилоятда кардиология, эндокринология ва юқумли касалликлар ихтисосликлари бўйича замонавий тиббиёт муассасалари бинолари барпо этилди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида жорий йилнинг 9 ойида жами 2500 дан ортиқ  беморда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари муваффақиятли тарзда ўтказилди. Натижада пойтахтдаги ва хорижий давлатлардаги клиникаларга бўлган мурожаатлар сони 80 фоизга камайди. Филиалда айни пайтгача республикамизнинг бошқа вилоятлари аҳолисидан ташқари Тожикистон, Афғонистон ва Туркия фуқаролари ҳам дардларига шифо топишди. Шу тариқа бу ерда ички ва ташқи тиббий туризм бўлими фаолиятига асос солинди. Швейцария, Россия, Германия, Польша ва Грузия давлатларининг нуфузли клиникалари билан ҳамкорликда мунтазам равишда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари, маҳорат    дарслари йўлга қўйилди. Филиал поликлиникаси бугунги кунда тўлиқ электрон поликлиника шаклида фаолият юритмоқда.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали биноларини таъмирлаш, беморларга ва уларнинг яқинларига қўшимча қулайликлар яратиш учун жами 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Мобиль маммограф, тегишли реактивлар тўплами ва бошқа бир қатор ускуна ва дори-дармонлар учун маҳаллий бюджетдан жами 6 миллиард 705 миллион сўм ажратилди. Жорий йилда шифохона ҳаётида ўта муҳим янгилик содир бўлди. Ислом тараққиёт банки инвестицияси асосида онкологияда ноёб ҳисобланган масофавий нур-терапия ва брахиотерапия ускуналари олиб келиниб, ўрнатилди.

Вилоятнинг Ғузор ва Касби туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир юрак-қон томир касалликлари марказлари ташкил этилмоқда. Ушбу марказлар 34 хил турдаги, жами қиймати 4,3 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланиши, шунингдек, мазкур муассасаларда гемодиализ хизмати йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Вилоятда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 6 та минтақавий филиали ташкил этилган. 2022 йилда яна   5 та шундай филиал очилиши мўлжалланмоқда.

2022 йилда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида Оналар ва болалар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш кластери ташкил этилади. Мазкур кластер замонавий ва юқори технологияли асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади. Унда ҳомиладор ва фертил ёшидаги хотин-қизларга, 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга барча йўналишлар бўйича замонавий ихтисослашган ва юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатилади. Хусусан, эҳтиёждан келиб чиқиб, мавжуд имкониятларни инобатга олган ҳолда неонатал кардиохирургия, болалар онкогематология  бўлимлари ташкил этилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш, бу каби тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, тизимга хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода 2017-2021 йилларда вилоят бўйича 312 янги хусусий тиббиёт муассасаси очилиб, уларнинг сони 558 тага етказилди. Айни пайтда мазкур муассасалардаги ўринлар сони 2885 тани ташкил этади. Уларда 1142 нафар шифокор, 1676 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 640 нафар бошқа ходимлар фаолият юритиб келмоқда.

Хусусий сектор билан ҳамкорликни ривожлантириш учун 3 та давлат- хусусий шерикчилик лойиҳаси амалга оширилиб, 35 та аутсорсинг ва 73 та ижара шартномаси имзоланди. 2022 йилда эса хусусий тиббиёт муассасаларининг сони 580 тага етказилиб, 451 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 2026 йилнинг охиригача бундай шифо масканларининг сони 700 тадан ошиши, уларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари сони 5000 нафардан ортиқ бўлиши кутилмоқда.

Вилоят ҳудудида юрак-қон томир, нафас ва сийдик йўллари касалликлари сони юқорилиги сабабли кейинги 5 йилда айнан ушбу йўналишларда 7 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, кейинги йилларда тиббиётда чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим муассасалари сони ошиб бормоқда. Буни биргина вилоятимизда Қарши давлат университетида очилган тиббиёт факультети мисолида айтиш мумкин.

Албатта, бу ижобий ўзгариш ва янгиланишлар мамлакатимиз тиббиёт тизимида малакали кадрлар сони ва сифатини яхшилаш, олис ва чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини етук мутахассислар билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Умуман олганда, вилоятимизда ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган 5142 нафар шифокор, 37 минг 329 нафар ўрта ва 9 минг 812 нафар кичик тиббиёт ходими фаолият юритади. Касб байрами арафасида улар иштирокида воҳамизда "Тиббиёт ходимларига юксак эътибор кўрсатайлик!" ҳафталиги ўтказилиб, соҳа вакилларига алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билдирилаётган экан, бу ҳам халқимиз томонидан шифокор ва ҳамшираларнинг машаққатли меҳнати қанчалик юқори баҳоланиши ва қадрланишининг яна бир ифодаси, деб ҳисоблайман.

Касб байрами муносабати билан тиббиёт ходимларига йўлланаётган кўплаб самимий табрикларга  қўшилган ҳолда, ҳамкасбларни бу қутлуғ сана билан чин қалбдан муборакбод этаман ва уларга бахт-саодат, омад ҳамда Президент таъбири билан   айтганда, "замонамизнинг чинакам қаҳрамонлари" номига доимо муносиб бўлишни тилайман.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

 

Report typo