Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 июнь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.05.2024


Қашқадарёдан пиёз, карам, сабзи, ловия экспорти кескин кўпайди

Вилоятимиздан экспорт қилинган айрим турдаги мева-сабзавотлар ҳажмининг кескин кўпайиши жаҳон бозорида Ўзбекистон ва, хусусан, Қашқадарёда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб тобора ортиб бораётганидан дарак бермоқда.

Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-апрель ойларида вилоятимиздан 14,7 миллион АҚШ доллари қийматдаги мева-сабзавотлар экспорт қилинган. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан  46,2 фоизга кўпайган ва вилоятнинг жами экспорти (165,8 миллион доллар)даги улуши  8,8 фоизни ташкил этган.

Бошқарманинг ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бўлими томонидан тайёрланган таҳлилий шарҳда кўрсатилганидек, хорижий мамлакатларга сотилган мева-сабзавотлар ҳажмининг ўсиши асосан пиёз (экспорт ҳажми – 4,1 миллион доллар ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,9 марта кўп), карам (3,1 миллион доллар ёки 6,4 марта кўп), сабзи (0,3 миллион доллар ёки 2,7 марта кўп) ва ловия (4,2 миллион доллар ёки 47,8 фоиз кўп) экспортининг ортиши эвазига эришилган. Узум, помидор, бодринг ва цитрус мевалар экспорти борасида, аксинча, пасайиш кузатилган. Мутахассислар буни ўтган йили воҳамиз узумзорларида, қиш-баҳор ойларида эса иссиқхона хўжаликларида маҳсулот етиштириш ҳажмининг камайгани ва ички бозорда узум, дуккаклилар ва шу турдаги сабзавотларга талабнинг юқорилиги билан изоҳлашмоқда.

Мева-сабзавотлар экспорти географиясига тўхталсак, унинг асосий қисми Покистон (5,3 миллион доллар ёки жами бундай маҳсулотлар экспортининг 36,1 фоизи), Қозоғистон (3,8 миллион доллар ёки 26,1 фоиз), Россия (2,6 миллион доллар ёки 17,9 фоиз) ва Афғонистон (2,3 миллион доллар ёки 15,8 фоиз) каби мамлакатларга сотилгани маълум бўлмоқда.

Инфографика qashstat.uz сайтидан олинган.

   

Report typo