Давлат харидлари
Йил тугашига атиги икки ҳафта қолаётган шу кунларда Қарши шаҳрида вилоят мусиқали драма театрига туташ майдонда воҳамиздаги марказий Янги йил арчасини безаш ишлари ҳам якунига етаяпти. Қашқадарёда энг баланд (37 метр) ва энг кўркам бўлиши кутилаётган бу улкан арчага кўзингиз тушар экан, беихтиёр уни барпо этиш ва ўйинчоқлар, ранг-баранг чироқлар билан гўзаллаштириш учун неча пул сарфланаркан, деган савол туғилади. Ахир дўкон ёки бозордаги бир метрлик арча 150-200 минг сўмга баҳоланаётган бир пайтда, ундан қарийб 40 баравар каттасига қанча маблағ кетиши қизиқ-да! Қолаверса, шаҳарнинг бир эмас, камида учта майдонида йирик байрам арчалари маҳаллий бюджет ҳисобидан, яъни сизу биздан йиғилган пул эвазига ўрнатилаётган бўлса, бунга қанча ҳақ тўланаётганини билишга ҳақлимиз...
Очиқ манбаларда бу йилги Янги йил арчаси харажатлари билан боғлиқ маълумотларни топа олмагач, дастлаб ўтган йилнинг охирида Қаршида барпо этилган байрам конструкцияларига оид ҳужжатларни кўриб чиқдик. Уларда қайд этилишича, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси буюртмачи сифатида Янги йил арчаларини ўрнатиш ва безаш ишларини бажариш бўйича бир неча маротаба танловлар ўтказган ва улар якунига кўра, учта пудратчи ташкилот - масъулияти чекланган жамиятларидан биттаси танланган ва у билан умумий ҳажми 1 миллиард сўмдан ортиқ шартномалар тузилган. Электрон тўпламдаги ҳужжатлар бўйича Қарши шаҳрида (аниқ жойи кўрсатилмаган) ҳамда вилоят молия бошқармаси манзили ҳудудида ўрнатиладиган арчаларни монтаж қилиш ва безаш ишлар қиймати 1 миллиард 38 миллион 72 минг 887 сўмга баҳоланган. Объектларга доир далолатномаю битимлар орасида Қарши шаҳар ҳокими Н.Холбоевнинг қарорини ҳам кўриш мумкин, унда, жумладан, ободонлаштириш бошқармасига шаҳар маҳаллий бюджетининг 2020 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан Янги йил арчасини ўрнатиш ва безатиш ишларини бажаришдан ҳосил бўлган қарздорликларни қоплаш харажатларига 905 миллион сўм (!!!) маблағ ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, яна бир танлов якунига кўра, бошқа бир МЧЖ Қарши шаҳри Одина масжиди яқинидаги майдонда арча ўрнатиш ва безаш ишларини бажариш ҳуқуқини қўлга киритган ва у билан дастлаб 200 миллион сўмлик шартнома тузилиб, сўнг қўшимча киритиш тўғрисидаги келишувга биноан контракт суммаси 946 миллион 39 минг 875 сўмгача кўпайтирилган. Айнан шу рақам Қарши шаҳар ҳокими Н.Холбоев тасдиқлаган манзилли дастурда номи рус тилида кўплаб хатолар билан қайд этилган объект ("Монтаж и украшения Новогодний ёлки в городе Карши площад Одина") қаторида ҳам келтирилган.
Аммо, энг қизиғи, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ташкил этган бу танловлар Янги йил байрами ўтиб бўлгач, яъни 2021 йил 25 ва 30 январь ҳамда 3 февраль кунлари ўтказилган. Яна бир кулгили ва айни пайтда ачинарли жиҳати шундаки, бошқарма ходимларидан иборат комиссия аъзолари пудратчилар орасидан ким ғолиб чиқиши ва Янги йил арчаларини ким барпо этишини "ҳал қилаётган" бир пайтда мазкур конструкциялар аллақачон демонтаж қилинган ва безаклари йиғиштириб олинган эди.
Сирасини айтганда, ҳужжатлардаги чалкашлик ва номувофиқликлар туфайли ўтган йили Қаршида Янги йил арчаларини ўрнатиш ва безашга маҳаллий бюджет ҳисобидан айнан қанча маблағ сарфланганини аниқ айтиш қийин. Бу масалага аниқлик киритиб, якуний рақамни ошкор қилиши мумкин бўлган Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси мутасаддилари эса "Ҳужжатларни кўриш керак" деган жавоб билан кифояланиб, ҳалиям ҳисоблаб ҳисобига етишолмаяпти, шекилли.
Бироқ шуниси маълумки, ўтган йили шаҳарда ўрнатилган Янги йил арчаларини қуриш ва безашга бюджетдан ажратилган юз миллионлаб ва ҳатто миллиардлаб пуллар эвазига бир эмас, бир нечта болалар боғчасини таъмирлаш ёки кўплаб абгор аҳволдаги йўллар ва иморатларни тартибга келтириш ҳамда кўмакка муҳтож юзлаб кишиларга ёрдам бериш мумкин эди. Айни пайтда арчаларни ихчамроқ бўлса-да барпо этиш ва байрамни аъло кайфиятда, ортиқча дабдабабозликсиз, харажатларни ошкора ва қатъий назорат остида қилган ҳолда ўтказиш учун ҳам маблағ қолар эди.
Дарвоқе, яқинда давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан вилоят марказидаги Янги йил арчасини безаш юзасидан энг яхши таклифни танлаш жараёни бошланди. Бажарилаётган ишлар қиймати - 102 миллион сўм. Ўтган йилги суммалар билан таққослаганда, анча паст бўлган бу рақамни кўриб, "Бўлар экан-ку!" дегинг келади, аммо унинг кейинчалик (ҳатто Янги йилдан кейин ҳам) ўзгариб қолмаслигига ким кафолат беради?
Боз устига, танловга таклифлар шу йил 20 декабргача қабул қилинар экан. Амалда эса арча безаш жараёни, юқорида айтанимиздек, якунига етиб бораяпти. Демак, ғолиб корхонанинг номи ҳозирданоқ маълум экан-да?!
Ўз мухбиримиз