Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

07.01.2020


"АСКАР ОНАЛАРИНИ ШАРАФЛАЙМИЗ"

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни

Қарши шаҳрида 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни арафасида ўтказилган тадбир шундай номланди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда айни пайтда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ аскарлар, уларнинг оналари, яқинлари, ҳарбийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида Ватан посбонларига муносиб шарт-шароит яратиб  бериш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада ҳарбий хизматнинг мақоми юксалиб, фуқароларнинг мазкур жабҳага бўлган қизиқиши янада ошди. Фарзанди муддатли ҳарбий хизматни ўташи ота-она учун ҳам, яқинлари учун ҳам фахр ва ифтихорга айланди.

- Икки ўғил, бир қизнинг онасиман, - дейди Ғузор туманидаги Ёнқишлоқда истиқомат қилаётган Ситора Сайфуллаева. - Мансуржон Шодиев кичик ўғлим. У ёшлигидан ҳарбий хизматга бориш, Ватан ҳимоячиси бўлишни мақсад қилган эди. Бу йўлда йиллар давомида астойдил ўқиб-ўрганди, спорт билан шуғулланди. Ҳаракатлари бесамар кетгани йўқ. Ўтган йили барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга йўл олган эди. Айни пайтда Сурхондарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда. Кейинги мақсади ҳам ҳарбий соҳада олий таълим олиб, офицер сифатида хизматни давом эттириш. Она сифатида ўғлимнинг бу мақсадидан ғурур   туяман, албатта.

Залга Сурхондарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ қашқадарёлик йигитларнинг қўлида гул билан кириб келиши тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларига айланди. Бу учрашувдан қалби севинч ва ҳаяжонга тўлиб-тошган оналар ўз фарзандлари томон талпинди.

- Косон туманиданман, - дейди муддатли ҳарбий хизматчилардан бири Шахбоз Саиднабиев. - Оилада тўрт ўғилмиз. Аввал икки акам ҳарбий хизматга бориб келишган эди. Мен ҳам уларга қизиқиб, хизматга йўл олганман. Ўтган вақт давомида армияда катта ҳаётий тажриба тўпладим, билимларимни бойитдим, спортга қизиқишим янада ошди. Уйга қайтгач, кичик укамга ҳам албатта, ҳарбий хизматга боришни маслаҳат бераман. Ўзим эса шартнома асосида хизматни давом эттирмоқчиман.

Аскар оналарига тадбир ташкилотчилари томонидан ташаккурномалар, эсдалик совғалари топширилди.

Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo