Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

31.03.2023


Асосий устуворлик – жамоат транспорти қатновига

Қарши шаҳрида транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда асосий устуворлик жамоат транспорти қатновига берилади. Шунингдек, туманлардан келувчи транспорт оқимини жиловлаш эвазига вилоят марказида тирбандликларни камайтириш, чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, жойларда “парковка” масаласини ҳал этиш  чораси кўрилади.

Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси ва Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган учрашув чоғида сўз юритилди.

Тошкент давлат транспорт университети кафедра мудири Шавкат Ҳакимов  тақдимот қилган мазкур мулоқотда таъкидланганидек, мамлакат Президентининг шу йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қарши шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Жорий йилнинг март-июль ойларида амалга оширилиши лозим бўлган бу вазифа шаҳарда йўловчи оқими юқори бўлган нуқталарни аниқлаш ва бирламчи маълумотларни йиғиш, математик транспорт моделини ишлаб чиқиш, транспортга бўлган талабни аниқлаш учун якуний ижтимоий сўровномаларни ўтказиб, ишлаб чиқилган бош режани халқ депутатлари вилоят Кенгашига тасдиқлаш учун киритиш каби жараёнларни қамраб олади.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори талабига кўра, шу йил 1 августгача Қарши шаҳрида автобус йўналишларининг янги тармоғи жорий этилиб, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизмати йўлга қўйилиши зарур. Келгуси йил 1 январдан эса мунтазам шаҳар автобус йўналишида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими ишга туширилади.

Report typo