Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм БЕККАМОВ

20.03.2018


АТЛАС КИЙИБ ТОВЛАНАР БАҲОР...

Ҳамма жойда саранжом-саришталик, ҳовлиларга сувлар сепилган.  Димоғингизга тупроқ ҳиди урилиб, баҳри дилингиз яйраб кетади. Хонадон соҳиблари покиза дилларида ажиб эзгу  ниятлар ила ҳовлиларга, кўчаларга мевали ва манзарали   дарахт ниҳолларини, анвойи гуллар кўчатларини қадашмоқда.

Зеро, юрт – обод, кўнгиллар – обод. Диёримизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари эса қалби Ватан ишқи билан ёнган ҳар бир юртдошимизга чексиз ғурур-ифтихор туйғусини бағишлайди.

Эрталаб ишга отланарканман, неварам Самандаржон, у эндигина уч ёшдан ошди, пилдираганича ёнимга югуриб келади-да:

– Бобожон, мениям баййамга оббаясизми? – дейди чучук  ва бийрон тил билан.

– Ҳа, – дейман жондан азиз неварамнинг саволига жавобан, – албатта олиб бораман, албатта! Байрамнинг байрамлигиям сизлар билан-да!..

Самандаржон дадаси-аяси ва синглиси – жажжи Солиҳа томонга ҳам ғурурланиб, ҳам ширин энтикиб нигоҳ ташлайди:

– Бобожоним мени баййамга    оббаяди-ии!..

Мен унинг сочларини силаб-силаб, эркалаганимча пешонасидан ўпиб қўяман...

Ҳа-ҳа, бу байрамни ёшу қари, барча интиқлик билан кутади. Ҳа, кўнгилларда – байрам, элларда – байрам...

Хуллас, фасли баҳор кўнгилларимизга шодлик, севинч ва ифтихор туйғуларини бахш этган. Яна бир нарса кишини қувонтиради: у ҳам бўлса, одамларимиз юз-кўзидаги шукрона. Улар Ватанимиз тақдирига бефарқ эмас. Қарияларимизнинг дилларида бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровон турмуш учун Яратгандан, мамлакатимиз раҳбариятидан чексиз миннатдорлик ҳисси ҳукмрон. Наврўз айёми - шодлик, меҳр-оқибат, қадр-қиммат ва  хайру  саховат  рамзи сифатида элимизнинг бутун ҳаётидан муносиб жой олган шодиёна байрамдир. Буларнинг барчаси мустақиллик туфайлидир.

Дарҳақиқат, истиқлол шарофати билан Деҳқонобод саноати ривожланиб бораётган ҳудудга айланмоқда. “Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон” темир йўли 61 километрининг Деҳқонобод туманини кесиб ўтиши ва  Калийли ўғитлар заводи ҳамда бир қанча саноат корхоналарининг бунёд этилиши аҳолининг яшаш шароитини тубдан ўзгартирди, турмуш фаровонлигини оширди. Кўплаб ёшларнинг иш билан бандлиги таъминланди.

2018 – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида ҳам туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида манзилли дастурларнинг амалга оширилиши режалаштирилган. Булардан асосийлари – жунни қайта ишлаш, биогаз ускунаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш, табиий тоғ тошини қайта ишлаш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мевани қайта ишлаш, туз қазиб олиш, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қўйчилик, эчкичилик, паррандачилик, балиқчиликни ривожлантириш ва ҳоказолардир. Бундан ташқари, жорий йилда қиймати 350 миллион сўмлик лойиҳа асосида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари кўлами кенгайтирилади, қиймати 1 миллиард сўмлик бўлган 2 та совутгичли омборхона, қиймати 270 миллион сўмлик 2 та иссиқхона бунёд этилади. 2 гектар майдонда боғ ташкил қилиниб, уларда грек ёнғоғи ва хандон  писта етиштирилиши режалаштирилган. Булар – амалга оширилиши шарт ва зарур бўлган лойиҳалардир.

Айни пайтда туманда 37 та ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатмоқда.  Наврўз - умумхалқ айёми  туман марказида ва ҳудудда жойлашган 106 та қишлоқда кенг нишонланмоқда. Уларда “Сумалак сайли”, миллий таомлар, халқ амалий ҳунармандчилиги кўргазмалари, халқ миллий ўйинлари ва айтишувлар ҳамда фольклор-этнографик дасталарининг концертлари намойиш этилаётир.

Халқимизнинг кайфияти баланд, эртанги кундан умидлари катта. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир эзгу ишдан фахр-ифтихор туйғуларини туймоқдалар, тинчлик ва осойишталик тараққиётга нечоғлик боғлиқ эканлигини қалбдан англайдилар.  Зеро, юртимизда тинчлик ва тотувлик ҳукм сураётган экан, мустақиллигимиз абадул абад мустаҳкам, эртанги кунларимиз бундан-да, нурафшон бўлиб бораверади.

Офтоб тиккага келган. Мана, анов ям-яшил ялангликда бир тўп одамлар. Давра кенг олинган. Бахши-шоирлар мушоираси бошланди. Қурнинг тўрида қадрдон дўстим, Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимов, унинг теграсида Абдимурод бахши, Баҳром бахши, Шоқул бахши, Бойқул бахши, Муҳаммади бахши, Маҳмаражаб бахши...

Қаҳҳор бахши эгнида беқасам тўн, қўлида отаси – машҳур бахши Қодир бахшидан қолган дўмбира. У кўзлари қисилиб, бугунги шукуҳли дамлардан масрур бўлганича ҳақ таолога шукроналар айтиб, Наврўз ҳақида шодланганича юраги тошиб-тошиб, ўзидан қўшиб-қўшиб, жўшиб-жўшиб куйламоқда:

Тоғ бағридан эриб кетди қор,

Ўт-ўланлар куйлади алёр,

Атлас кийиб товланар баҳор,

Юртимизга Наврўз келганда.

Бодом гули - дилбар келинчак,

Қир-адирлар тўла бойчечак,

Қиз-жувонлар учар ҳалинчак,

Юртимизга Наврўз келганда.

Дошқозонда қайнар сумалак,

Атрофида қиз-жувон – малак,

Оҳорланиб товланар фалак,

Юртимизга Наврўз келганда.

Тоғда каклик сайрайди саҳар,

Ҳар дақиқа тўлишар анҳор,

Қувонгандан куйлайди баҳор,

Юртимизга Наврўз келганда...

 

, Деҳқонобод тумани ҳокимлиги масъул ходими

Report typo