Брифинг
Бугун Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ комиссиясининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.
Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, округ комиссияси аъзолари иштирок этдилар.
Брифингда округ комиссияси раиси Исоқ Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси референдумини юксак савияда ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда референдумга тайёргарлик ишларининг бориши, бу борадаги қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, референдум ўтказувчи участка комиссияларида овоз берувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.
- Маълумки, референдум 2023 йилнинг 30 апрелида соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади, - деди Исоқ Аҳмедов. - Овоз бериш жараёнлари Қашқадарё вилоятидаги 819 та маҳалла ҳудудида жойлашган 1002 та референдум ўтказиш участкасида бўлиб ўтади. Участка комиссияларининг аъзолари сони 11144 нафарни ташкил этади. Уларнинг 80,3 фоизи, яъни 8946 нафари аввалги сайловларда иштирок этган, тажрибаси юқори фуқаролардан бўлиши таъминланди.
Брифингда вилоятда жорий йилнинг 19-26 апрель кунлари ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ҳақида айтиб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, барча участкалар 30 апрель куни ўтказиладиган референдум жараёнига шай ҳолатга келтирилган.
Абдураззоқ ДАВРОН