Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

23.10.2020


БЕСТСЕЛЛЕР РОМАН РУМИЙ ВА ТАБРИЗИЙГА ТУҲМАТМИ?

Мутолаадан сўнг

Бирор китоб кўп мақталаётган бўлса ва муаллиф ҳақида аввал эшитмаган эсам, мутолаага киришишдан олдин ҳадик туради кўнгилда: ўқиб фойда топаманми, вақтим беҳуда сарф бўлмайдими?

Аввал бошдан ўтган-да: бисёр мадҳ этилган Коэльо, Мураками отлиқ ёзувчиларнинг бестселлерларини ўқиб, буларнинг нимаси бунча мақтовга лойиқ экан, деган саволлар бодраб чиқаверган.

Хуллас, бир муддат аввал китоб пештахталарида Туркия ва АҚШ ёзувчиси сифатида танилган Элиф Шафақнинг "Ишққа оид 40 қоида" номли китоби пайдо бўлди. У ҳақда ижтимоий тармоқлардаги рекламаларга кўзим тушган, 40 тилда 800 минг нусхада чоп этилганини билган ва ҳафсала топсам ўқирман, деган хаёлда эдим. 

"Ишққа оид 40 қоида". Бу номни эшитиб, даставвал китобда ҳалигиндақа, чимилдиқ ортидаги гаплар ёзилган бўлса керак, деган фикр туғилади тўғриси. Бунга муқовадаги 18+ белгиси яна бир улуш бўлиб қўшилади.

Қисқача сюжет шундай: асар қаҳрамони Элла Рубинштейн Америкада, Массачусетс штатида яшайди. Эри тиш дўхтири, топиш-тутиши яхши, ўзига етар даражада ҳашамга эга,  Бостонда, Родос оролида уйлари бор. Оилада 3 фарзанд тарбия топади, катта қизнинг бўйи етиб қолган. Элла биздаги ибора билан айтганда чинакам уй бекаси, ошхонадан бери келмайди. Эрининг хиёнатларига эса кўз юмади. Баъзан бундан турмуш ўртоғининг виждони қийналиб, меҳри товлаб ҳам туради.

Вақт ўтиб, эри унга мижозлари ёки маъшуқаларидан бири кўмагида адабиёт агентлигидан иш топиб беради. Агентликдан эса дастлабки юмуш сифатида номаълум муаллиф асарини ўқиб чиқиб, тақриз ёзиш вазифаси топширилади.

Айни шу жойда роман "асар ичида асар" кўринишини олади. Гап шундаки, тақриз ёзилиши керак бўлган китоб Амстердамда яшайдиган Азиз Захара деган муаллифнинг "Ширин шаккоклик" романи бўлиб, унда Жалолиддин Румий ва Шамс Табризий билан боғлиқ воқеалар қаламга олинганди.

Элланинг эътиборини китобдаги дастлабки жумла ўзига тортади: "Баъзиларнинг фикрлари акси ўлароқ, ишқ кутилмаганда келадиган ва тез кетадиган туйғу эмас". Чунки у мутолаага киришишдан олдин бир йигит билан турмуш қурмоқчи бўлган қизига дакки берган, севги йўқлиги ҳақида ўзи билганича тушунтирганди.

Шундай қилиб, Элла билан бирга китобхон ҳам "Ширин шаккоклик"ни ўқишга киришади. Хўш, Захаранинг китоби нега бундай ном олган? Бу ҳақда   ривоят келтириладики, унга кўра, бир чўпон Худога ёлвориб, "Қаердасан,  дастёринг бўлай, сут-қаймоқ билан қорнингни тўйдирай", деб юрганини эшитган улуғ инсон "Эй, гумроҳ, нега Худони ўзингга ўхшатасан?" деб койийди.

Муаллиф буни "Тўғри, чўпон шаккоклик қилди, бироқ бу ширин шаккоклик эди, у Худони ўз даражасича тушунарди, ҳис қиларди", дея талқин этади.

Энди "Ишққа оид 40 қоида" номи ҳақида тўхталсак. Бу Шамс Табризийнинг Ҳаққа элтувчи қоидалари бўлиб, турли вазият ва ҳолатлардан келиб чиқиб, уларнинг моҳияти баён қилиб борилади.

Дарвишлик мақомидаги Шамс теграсида ўзини тушунадиган, дилдан суҳбат қурадиган одам йўқлиги боис Бағдодга боради, у ерда Кўнёга борса, ўзи истаган одам билан учрашиши мумкинлигини айтишади. Вақт ўтиб, икки буюк инсон, икки буюк  уммон учрашади, фикрлар бирлашади.

Массачусетсда эса асарни ўқиётган Эллада ўзгаришлар бўлиб, муаллифга хатлар ёза бошлайди ва иккиси бир-бирини севиб қолади. Якунда эса бир умр боши ошхонадан чиқмаган, эри билан ақалли номига бўлса-да, зиддиятга киришмаган Элла оиласини ташлаб, Захаранинг ёнига кетиб қолади. Кейин билса, Азиз оғир дардга чалинган, озгина умри қолган экан. "Ширин шаккоклик" тўлалигича ишқ мавзусидан сўз очмайдими, табиийки, Элла оиласини қўйиб, бошқа одам билан ҳаётини боғлашга қарор қилади. Орадан бир йил ўтиб эса Азиз вафот этади...

"Бу қирқинчи қоида. Ишқнинг хос номи йўқ. У қандай бор бўлса, шундайича бор - оддий ва соф туйғу" деган хулосага келинади якунда.

Бундай олиб қараганда, китобда кўп яхши гаплар айтилгандай. Румий ва Шамс ҳақида китоб бўладию уни ёмон деб бўладими?

Аммо мутолаа жараёнида айрим мулоҳазалар пайдо бўладики, мисол учун, Элланинг умр бўйи рўзғор ташвишларидан боши чиқмабди, хўш, бунинг учун уни айблаш керакми? Хотин, хонадон эгаси сифатида вазифасини бажарибди-да, ахир бизда бу одатий ҳол-ку. Нима энди эри билан севишмай турмуш қурганлар ишқ излаб оиласини ташлаб кетиши керакми? Китобда муаллиф шуни истайдигандай тасаввур уйғонади, Элланинг эри хиёнаткор экани гўё чиқиб кетишга сабабдай. Бунданам ёмони, Элла эрини ўзига қаратиш, меҳр-муҳаббатини қозониш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Аввалдан кўнгли бўлмай турмушга чиққан, тамом-вассалом. Унинг оилани сақлаб қолиши, эрига ёқишга уринишини аслида муаллиф истамайди, қандай қилиб бўлмасин, уйдан чиқариб юбориш ҳаракатини қилади.

Буни ғарбча қараш маҳсули деб қабул қилиш мумкиндир, аммо айрим лавҳалар борки, мутлақо тоқат қилиб бўлмайди. Масалан, Шамз Табризий ёшлигидан тушида бировларнинг тақдирини кўрармиш, қўлдаги чизиқларга қараб, тақдирини айтиб берармиш. Ахир бу исломда ҳаром қилинган иш-ку. Наҳотки Шамс Табризийдек динни кучли билган, тушунган тафаккур эгаси фолбинлик қилса?!

Айни шу ҳақда бугунги кунда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шогирдларидан таркиб топган "Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъатига ҳам савол йўлланган, уламолар "Бу Жалолуддин Румий ва Шамс Табризий роҳматуллоҳи алайҳимларга қилинган туҳматдир", деб жавоб беришган экан.

Дарҳақиқат, романда бир ўринда Шамс Табризий ботинидаги ўзгаришларга ҳамоҳанг зоҳирида ҳам эврилиш бўлишини истаб, соч-соқолию қошини қириб ташлагани айтилади. Боз устига у қулоғига юпқа кумуш сирға ҳам тақиб юрармиш. Биламиз, динимизда бундай ишлар ман қилинган. Шуни била туриб, Шамс ҳаром ишларга қўл уриши мумкинми?

Шамс Табризий Кўнёга келганда, ҳамма одам масжидга Жалолиддин Румий маърузасини эшитишга борган вақтда Табризий негадир фоҳишахонада юради. Фоҳишахона эгасига ишқдан сабоқ беради, масканини яқинда бир фоҳиша ташлаб чиқиб, тўғри йўлга киришини башорат қилади. Кейин эса майхонада юриб, майпарастлар билан фикрлашади, уларга ҳам 40 қоидадан бири хусусида айтиб беради (топган жойини қаранг, дейсиз беихтиёр).

Умуман, асар давомида на Шамс, на Табризийни намоз ўқиб турган ёки диний бирор амални бажараётган ҳолда кўрмаймиз. Бунинг ўрнига улар медитация билан шуғулланади. Яъни ўтириб, ички хотиржамлик орқали Ҳаққа етишадилар гўё. Буям динимизда йўқ ишлар.

Элиф Шафақ жуда кўп одамлар каби эътиқод дилда бўлса кифоя,   бошқаси иккиламчи, деган фикрни ўтказишга уринади. Фоҳиша ҳам, майпараст ҳам аслида яхши одамлар, фақат тақдир тақозоси билан ёмон йўлга кириб қолишган, уларнинг қалбига қулоқ тутилса, эзгулик уруғларини кўриш мумкин, деб ҳисоблайди. Шунинг учун бир ўринда Жалолиддин Румий Шамснинг тавсияси билан майхонага бориб, у ердагилар билан суҳбатлашиб, қайтишда икки кўза майни қўлтиқлаб олади... Эмишки, Румий Шамс билан учрашиб, меҳр-муҳаббат дарёси шунчалик кенгайибдики, у ҳатто фоҳишаю пиёнисталарни ҳам қамраб оладиган бўлибди.

Тўғри, улар ҳам одам, уларниям кимдир тўғри йўлга бошлаши керак, бироқ асарда бу кимсаларнинг кўнглида эзгулик бор, шу етади, қилган амали аҳамиятсиз, деган фикр уқтирилади.

Муаллиф динимиз қоидаларини ё билмайди, ё билган ҳолда тақиқланган ёки ман қилинган нарсаларни ёқлайди.

Масалан, бир ўринда Шамс ипак матоларни ёқтириши айтилади. Биламизки, исломда эркаклар ипак кийим кийиши мумкин эмас. 

Шамс Кўнёга келиб, кўчада моховга чалинган тиланчини кўриб, унга таъзим қилади. Аввало, исломда тиланчилик қаттиқ қораланган, буниси майли, Табризийнинг унга таъзим қилгани не боисдан? Чунки инсоннинг инсонга таъзим қилиши мумкинмаслиги ҳақида кўп гаплар айтилган. Сажда қилинадиган Зот эса ягона.

Китобда Румий шахсияти деярли очиб берилмаган. Уйдаги кутубхонасига хотини киришини истамаслиги (?), ўқишга келган қизча вафот этган хотинининг арвоҳи билан суҳбатлашишидан буткул ҳаяжонга тушиши ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Одам руҳлар билан гаплашолмайди, аммо жинлар билан гаплашиши ҳақида айтишади ва бундайлар одатда фолбинлар ва шуларга ўхшаш лаънатга лойиқ кишилар бўлади. Шунинг баробарида жинлар билан гаплашадиганлардан узоқ юриш лозимлигини уламолар уқтиришади.

Хўш, шуни Румий билмасмиди? Биларди, албатта. Романдаги гаплар эса шу қадар тўқимаки, энсани қотиришга ярайди, холос.

Ғарбда Румий ҳақида гап кетса, одатда уни само рақси яратувчиси сифатида билишади. Бу романда ҳам ўз аксини топган ва шундай буюк аллома аллақандай мусиқага рақсга тушиб, давра айлангани, беш унсурга таъзим айлагани ярашмаган гажакдай бўлиб турибди.

Романда ёзилишича, Шамс ўлганда Румий кўкрагига муштлаб, чинқирганмиш. Румий кулфат етганда сабр қилиш буюрилганини яхши билган, шундай экан, ақли ноқис кимса қилиши мумкин ҳаракатни аниқки, содир этмасди.

Яна бир авлиё вафот этганда эса Румий бошлиқ дарвишлар кўчаларда чилдирма ва най чалиб, марҳумни қувноқ куй ва рақслар билан сўнгги манзилга кузатишибди. Ажабо, дейсиз беихтиёр, қайси мусулмон жанозага бориб, куй чалиб, рақсга тушиши мумкин?

Эҳтимол, биз сўфийлик рамзларини билмасмиз, аммо шуни тушунамизки, чинакам сўфийларнинг хатти-ҳаракатлари ҳеч қачон динимиз кўрсатмаларига зид ёки уни бузиб талқин қилиш эвазига бўлмаган.

Тўғриси, шу вақтгача ўқилган бирор китоб бунча сўроқ белгиларига тўлиб кетмаганди. Боз устига таржима ҳам ўзига ярашароқ экан чоғи, бундан саккиз аср олдин яшаган одамлар ҳам "поэзия", "поэма", "индивидуалистик", "плаш", "реал маънода", "сўфизм" "ошхона полини ювиш", "аура", "актуал" деган сўзларни бемалол ишлатаверади, имло хатолари ҳам ғиж-биж.

Буларнинг бари шахсий фикрлар. Эҳтимол Шафақ ўта кучли ғояларни илгари суриб, асарни тўлалигича  рамзларга буркаб ташлагандиру, оддий китобхонлар буни илғаб ололмаётгандир?! Тағин ким билади дейсиз...

НАСРИДДИН

 

 

 

 

 

Report typo