Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • БИНО ТАЪМИРГА МУҲТОЖ: АММО ҚУРУВЧИ ИШ БОШЛАСА, ГОҲ ТОМ ЙЎҚОЛИБ ҚОЛЯПТИ, ГОҲ ЭШИК-ДЕРАЗА. ОДАМЛАР ЭСА ДАРДИНИ КИМГА АЙТАРИНИ БИЛМАЙ САРСОН...

НАСРИДДИН

02.03.2023


БИНО ТАЪМИРГА МУҲТОЖ: АММО ҚУРУВЧИ ИШ БОШЛАСА, ГОҲ ТОМ ЙЎҚОЛИБ ҚОЛЯПТИ, ГОҲ ЭШИК-ДЕРАЗА. ОДАМЛАР ЭСА ДАРДИНИ КИМГА АЙТАРИНИ БИЛМАЙ САРСОН...

Фотонигоҳ: мавзуга қайтиб

Кейинги вақтларда кўп ғаройиб ҳодисаларнинг гувоҳи бўляпмиз. Коронавирус деган бало бутун инсониятни зир титратган бўлса, ўтган йили аномал иссиқни, бу йил аномал совуқниям кўрдик. Шундай шароитда хоҳлаймизми-йўқми, инсон саломатлигини таъминлаш биринчи ўринга чиқади. Боиси, ғайритабиий ҳодисалар соғликка таъсир кўрсатиши, ҳатто издан чиқариши аниқ. Умуман, иссиқ жоннинг иситмаси бор, деганларидек, аномал ҳодисалар юз бермаса ҳам дўхтиру дорихонага иш тушиб туриши тайин. Демак, тиббиёт муассасалари бунга шай бўлиши, дўхтирлар вазиятдан келиб чиқиб тегишли чораларни кўришга тайёр туриши даркор.

Бироқ Ғузор туманидаги Қовчин қишлоғида анча йилдан бери ғалати ишлар юз бермоқда.

Гап шундаки, бир вақтлар яқин-атрофдаги 5 та қишлоқ - Араб, Паст Қовчин, Дўнг Қовчин, Қоратикан ва Кескак аҳолисига хизмат кўрсатган қишлоқ врачлик пункти анча вақтдан бери хароба аҳволда ётибдию унга назар соладиган амалдор йўқ. Четдан борган киши ҳолатни кўриб, қайсидир асрдан қолиб кетган эски бино бўлса керак, тез орада бузиб ташланади ҳойнаҳой, деган ўйга боради. Афсуски, бундай эмас.

Айтишларича, 2 қаватли мазкур бино ўтган аср 90-йиллари бошида қурилган, 1998 йилда Ғузор тумани саломатликни қайта тиклаш шифохонасига айлантирилган, 2008 йилда эса ёпилиб, шу ердаги амбулатория ихтиёрига берилган.

2019 йилнинг ёзида бу ерда гўёки қурилиш ишлари бошланган. Бино томини очиб, рейка, "стропила" келтириб ўрнатишган. Одамлар ҳам "Ҳайтовур энди елкамизга офтоб тегаркан" деб қувониб юрганида, қурувчилар ашёларни қандай ўрнатган бўлса, шундай қўпориб олиб кетишган.

Энг қизиғи, "томи кетган" бинода 150 дан ошиқ дўхтир аҳолига хизмат кўрсатишда давом этаверган. Бироқ ёғин-сочинли кунлар бошланганда, шифтдан чакка томиб, электр симлари сабаб хавф туғилаётгани боис бинонинг бир қисмида иш тўхтаган.

Шу ердаги тез ёрдам шохобчасини таъмирлашга эса дастлаб 22 миллион сўм (!) маблағ ажратилган, қурувчилар эса оҳак устидан шпаклёвка, эмульсия суртиб кетган, холос.

Кейин бино ичкарисидаги полни, иситишга мўлжалланган трубаларни қўпориб, тез ёрдам шохобчасига айвон тиклаб беришган...

Албатта, бу каби ҳолатлар тиббий хизмат сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаган. Бу ердаги хизматдан одамларнинг норозилиги ортган.

Шунга биноан 2020 йилнинг охирида Қовчинда бўлиб, вазиятни ўрганган эдик. Аҳоли вакиллари доимий тиббий кўрикка, даволанишга муҳтож   кишилар кўп экани, муассаса эса талабга жавоб бермаётганидан шикоят қилган бўлса, қурувчи - "Улкан давр сифат" МЧЖ иш юритувчиси Илёс Худойқулов қишлоқ врачлик пунктида 293 миллион сўмлик ишлар бажарилиши кўзда тутилгани, бундан фақат том қисмини очишга улгуришгани, шу қилинган иш учун ҳам 1 сўм тўлаб берилмаганини, бажарилган ишни текшириб, "26 миллион сўмлик иш қилгансизлар" деб кетишгани ва    натижада "ремонт" ҳам тўхтаб қолганини айтганди.

Ўша вақтда Ғузор тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бўлган Зоҳиджон Зокиров эса туманда юқумли касалликлар шифохонаси, 150 ўринли Ковид-19 маркази учун кўп маблағ сарф бўлгани, бу йилча (2020 йил назарда тутилмоқда) Қовчиндаги ҚВП биносининг фақат том қисмигина ёпилиши, 2021 йилда эса таъмирлашга ўтилишини маълум қилганди.

Мана, орадан қанча қовун пишиғи ўтди. Қурувчи билганини қилиб кетди, ҳоким ўринбосари айтган ишларнинг эса бирортаси бажарилмади - аксинча баттар аҳволга тушди. Аввал-ку, томни қўпориб кетишганди, энди эшик-деразалар ҳам кўздан ғойиб бўлган...

Энди бир ўйлаб кўринг: ўшандан бери қанча вақт ўтди, ҳаво исиб-совиб, не-не касаллар овораю сарсон бўлмади дейсиз? Наҳотки шу ҳолатни билиб-кўриб туриб туман мутасаддилари   фақат томошабинликка яраган бўлса? Танаси  бошқа дард билмас, деганлари чин.

- Ҳозир ҳам ҚВПдаги аҳвол ўша-ўша, - дейди Қовчин МФЙ раиси Зокир Чоршанбиев. - Яқинда 2023 йил мартдан таъмирлаш ишлари бошланади, дейишганди, лекин мана 1 март бўлдиям, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

Кўриниб турибдики, кўплаб саволлар ҚВП томи каби очиқ қолмоқда. Бино қачон таъмирланади? Ҳудуд аҳолиси қачон сифатли тиббий хизматдан фойдаланади? Шу қисқа, аммо залворли саволларга туман ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг муносабатини билмоқчимиз: қоғоз қоралашга эмас, одамлар, уларнинг саломатлиги учун керак бу...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo