Фотонигоҳ
Эътибор берган бўлсангиз, Қарши шаҳридаги Насаф кўчасидан вилоят телерадиокомпанияси томон шундоққина қайрилишда ташқи кўриниши муҳташам, аммо қурилиши тугалланмаган бир бино бор. Бир пайтлар бу ер йўлнинг нариёғидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси билан бирга "опа"га, яъни Биринчи Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиларди.
Келгусида форумлар саройи бўлиши кўзда тутилган ушбу масканда бирор тузук-қуруқ тадбир ўтганини биров эслолмайди. Боз устига "опа"нинг даври ўтгач (Г.Каримованинг жиноий қилмишлари бўйича қандай иш очилганию қандай ҳукм ўқилганини яхши биласиз, албатта), бу ер анча муддат ҳувиллаб қолди. Атрофи ўралганича қолиб кетди.
Хўш, бугун бу ерда аҳвол қандай? Бино шу туриш қолаверадими ё мақсадли фойдаланиладими?
Маълум бўлишича, бу ерни "Тонг сув қурилиш" МЧЖ аукцион савдоси орқали сотиб олган, эндиликда тўрт юлдузли меҳмонхона қуриш тараддудида экан.
- Меҳмонхона 140 ўринга мўлжалланади, - дейди жамият раҳбари Поён Жўраев. - Қурилиш-жиҳозлаш ишлари учун 3 миллиард сўм ўз маблағимиз, 7 миллиард сўм банк кредити йўналтиришни мақсад қилганмиз. Ҳозиргача ўз ҳисобимиздан 5 миллиард сўм сармоя киритдик. Қўшимча хоналар қурилди, том қисми ёпилди, бинонинг аввалги кўринишига анча ўзгариш киритилди. Қурилиш материаллари, жиҳозлар олиб келиш бўйича Хитой билан шартнома қилганмиз. Меҳмонхонани 2021 йил охиригача фойдаланишга топшириш мақсад қилинган.
Айтишларича, бошда бинони янада баландроқ қилиб, ўринлар сонини ошириш кўзланган, бироқ аввалги лойиҳа 4 қаватга мўлжаллаб тузилгани сабаб таваккал қилинмаган, қўшимча қаватлардан воз кечилган.
Бироқ шу туришда ҳам бино кўриниши кескин ўзгаради. Бунга эски ва янги лойиҳаларни солиштириб ҳам амин бўлишингиз мумкин. Нима бўлганда ҳам, агар ишлар режадагидек давом этса, шаҳарда яна бир обод маскан пайдо бўлиши тайин.
НАСРИДДИН
БОБУРБЕК олган суратлар.