Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

06.09.2019


БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ САДОЛАРИ ОСТИДА ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ БОШЛАНДИ

Янги ўқув йили истиқлолимизнинг 28 йиллиги муносабати билан "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остидаги байрам тадбирлари ҳамда Мустақиллик дарслари билан бошланди.

- Бу йил вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларига 63 минг 388 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Севин Очилов. - Уларга Президент совғалари - 13 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тантанали топширилди.

Аҳамиятли томони, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан мактабларда ўтказилган "Билимлар куни" тадбирлари ва Мустақиллик дарслари бу йил янада байрамона кўринишда ва ўзгача шукуҳда ўтди. Айниқса, вилоят, туман ҳокимлари, секторлар раҳбарлари ҳамда ўз соҳасида катта ютуқларга эришган кишилар, ижодкорлар, собиқ битирувчиларнинг мактабларга келиб, "Билимлар куни" тадбирларида иштирок этиши, Мустақиллик дарсларини ўтиши ўқувчилар учун янада эсда қоларли бўлди.

Жумладан, шу куни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳам Косон туманидаги 62-умумтаълим мактабидаги тадбирда иштирок этиб, Мустақиллик дарсини ўтди. Вилоят ҳокими ўқувчиларга истиқлол, унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида батафсил гапириб берди. Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, оилаларимиз фаровонлиги, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ортиб бораётгани айнан мустақиллик билан чамбарчас боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади.

Айтиш жоиз, мустақиллик йилларида мамлакат келажаги соғлом, ҳар томонлама баркамол авлод қўлида эканлигини инобатга олинган ҳолда, таълим тизимига жуда катта эътибор қаратилди. Ўқув жараёнларига кўплаб янги ўқитиш методлари жорий этилди, таълим муассасалари энг замонавий ўқув-услубий қўлланмалар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Юқори малакали кадрлар тайёрлаш, доимий равишда уларнинг малакасини ошириб боришга урғу берилди. Шу билан бир қаторда, энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий типдаги, шинам ва ёруғ ўқув хоналарига эга мактаблар қад ростлади, мавжудлари тубдан таъмирланди. Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, биргина жорий йилнинг ўзида ҳудудда барча турдаги мақсадли дастурлар асосида 57 та мактабда реконструкция ишлари бажарилди, шунингдек, 29 та мактаб капитал, 11 таси жорий таъмирланди. Натижада бир йил ичида вилоятимиздаги мактабларнинг умумий қуввати яна 20 минг 655 ўқувчи ўрнига кўпайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: Қарши шаҳридаги 9-мактабда ўтказилган тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo