Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

04.12.2018


"БИРИНЧИ ЗАРБАДА - ТИЗЗАЛАРИГАЧА..."

Адиб бу ерга урса, кўкка сапчигудай шўх-шаддод, чапани, анчагина қув, аммо беғубор ва самимий образ орқали ўтган аср бошларидаги даврнинг фожиавий ҳолатларини ҳам ўткир сатира воситасида кўз ўнгингизда яққол акс эттиради. "Тошқин дарё"дан ўтолмай, "ориқ от"ида манзилига етолмаётган" Қоравойнинг аянчли кечмишлари нималарнидир ёдингизга солади...

ИС БОСГАН "ДУНЁБЕХАБАР"ЛАР

Бир эсланг-а. (Ахир фильмдаги "иннайкейин-чи..."дан тортиб, "омбор ҳам ёнди, қўрғон ҳам ёнди" сингари иборалару диалоглар ҳаммамизга ёд бўлиб кетган-ку...) "Ҳожи бобо"нинг уйидаги вазият. Тақводорлик тўнини кийган чилимкаш улфатлар давраси. Баҳс мавзуси - ўша даврда дунё аҳлини, шу жумладан, чор Россиясига қарам бўлган жафокаш туркистонликларни-да таҳликага солган биринчи жаҳон уруши. Банги улфатлардан бири "Николай пошшо бир томондан, "гирмон" деганлари иккинчи томондан роса-а-а жиққамушт" бўлишаётган эмиш..." деса, иккинчиси "Гирмон" деганлари уч кўзли, қаноти бор бир махлуқ эмиш...", дея ўзича фалсафа сўқади. Учинчиси "Эшитдингларми, буғдойнинг нархи яна ошармиш... э-э-эй, қандоқ кунларга қолдик", деб ғингшийди.

Дунёда нима гаплар бўлаяптию,  дунёбехабар, фақатгина ўз ҳаловатию кайфу сафосини ўйлаган, оми, калтафаҳм, банги мардумнинг гурунгини қаранг. Улардан бири китоб титкилаб, ўз "саховатпеша" ҳомийлари "Ҳожи бобо"га савол бериб қолди. Кун бўйи бекорчихўжалар китоб титкилаб, баҳслашган "долзарб" саволни қаранг: "Або Муслим Носири Сайёрни муборак гурзилари билан урганларида ул зот тиззаларигача ерга кириб кетганларми ёки белларигача? Бултурги китобда тиззаларигача, деб ёзилганди, бу йилгисида белларигача..."

Фаҳму фаросатда чилимкаш даврадошларидан беҳроқ бўлмаган "Ҳожи бобо" салмоқланганича, уларга ўз "билимдон"лигини намойиш этади: "Биринчи зарбада - тиззаларигача, иккинчи зарбада - белларигача..."

Дунё ёниб кетаяпти, баттол уруш бир зарбада бутун-бутун давлатларни бошигача ерга киргизиб юбораяптию, бу дунёбехабар, боқибеғам бангиларнинг парвойи фалак. Ўзларича дунё ташвишларидан баҳс юритадилар, шариату тариқатдан, афсонавий баҳодирларнинг қаҳрамонликларидан сўзлайдилар. Банг кайфидан ҳиринглаб, сархуш лақиллашганларича тутун ва ис босган ҳужраларида умргузаронлик қиладилар. Пировардида бир бечора етимга туҳмат қилиб, уни калтаклатишдан ҳам тоймайдилар.

ҚИЙШАЙГАН ЧОРПОЯДАГИ "ГУРУНГ"ЛАР

Сизга нималарнидир эслатмаяптими бу бемаъни давра? Яна қаерда кўргансиз буларга эгизак нусхаларни?

Ҳа, яшанг. Маҳаллангизда, кўча-кўйда, хонадонлардаги солиқчилардан пинҳон қўлбола "бар"лару чойхоналарда бир бурчакда ин қуради бундай ўргимчаксимон нусхалар. Ғингшиб, нолиб, бир-бирини уриб-сўкканича об-ҳавою нарху наводан, иқтисоду сиёсатдан баҳслашиб, даврага тасодифан ё адашиб кириб қолган донони-да оғзига уриб, ўзларини ақлли кўрсатишга бор жаҳдлари билан интилиб, дунё аҳволидан (дунёнинг куни шуларга қолгандай) баҳс қиладиган бу каби танбал ва жоҳил кимсалар гурунгига гувоҳ бўлгандирсиз эҳтимол.

...Мен ҳам йўлда кетаётиб, нотаниш қишлоқда бировнинг хонадонини сўрайман деб, шундай давраларнинг бирига учраб қолдим. Катта йўлнинг шундоққина ёқасида, ажриқ босган томорқа чеккасидаги тол тагидаги қийшайган чорпояга ёнбошлаган уч-тўрт улфат. Соқол босган, иркит башаралар. Ўртада қарта, нарда, кулдон, "семичка" пўчоқ, тумшуғи-лаби учган, яғир чойнак-пиёла, чивин босган тарвуз, пиёз ва ... шиша...  Нарда тошларининг "чиқир-чиқир"и остида "баҳс" ва бемаъни гаров авжига чиққан. Мавзу - йўлдан пайдар-пай ғизиллаб ўтаётган машиналар. Аниқроғи, "навбатдаги ўтадиган машина "Нексия" бўладими,  "Матиз"ми ё "КамАЗ"ми?" Бирови "Нексия" деб айтувди, "Дамас" ўтиб қолди. Гаровда ютқазган киши дўконга болани ғизиллатади - "Чори бар"га мени айтсанг, "бармен"дан беради," темир дафтар"га ёзиб қўйсин, "лева"нинг пулини олсам, узаман..."

Беихтиёр ўйланиб қоласан киши. Кап-катта одамлар бўлишса, айни чошгоҳ маҳали буларнинг уйида қиладиган иши йўқмикан? Чорпоя соҳибининг аҳволидан маълум, хонадони дарвозаси атрофини ажриқ, янтоқ, шўра босиб кетган, ёнгинасида бир ариқ сув оқаяптию, томорқадаги дарахтлар қуриб ётибди. Уйнинг сувоқлари кўчиб тушган, дарвоза қийшайган, дарсидан қолиб, янтоқ ташиётган болаларнинг аҳволи чорпояда ёнбошлаб, эринмасдан йўлдаги машиналарни санаётган ширакайф отанинг парвойига ҳам келмайди...

ҚУТИ КЎТАРГАН "АМАКИ"

"Хўш, иннайкейин-чи?", дейсизми?! Яхшиси, яна  "Шум бола"га қайта қолайлик.

Бой отадан олган чириган олмаларини сотган Қоравой бойваччалардай керилиб, бозор кезади. Шляпали, мўйловли амаки айюҳаннос солиб, тумонатни "ажойибқути"сидаги туйнук орқали "антиқа" суратларни томоша қилишга чақиради. Қоравой ҳам ҳақини тўлаб, туйнукдан мўралайди. Кўз ўнгида унга бутунлай нотаниш бўлган, ақлу ҳушни шоширадиган "жозибадор" манзаралар гавдаланади...

Менимча, бу мўйловдор амаки "ажойибқути"сини кўтарганича бизнинг асримизда ҳам виртуал оламда изғиб, ёшларимизни йўлдан ураяпти. Фақат қути ҳам, ичидаги тасвирлар ҳам анча "такомиллашган". Энг ёмони, бу "оломон маданияти"нинг тумонат харидорлари орасида ҳали оқу қорани танишга улгурмаган "қоравойлар" ҳам бор...

"ТЎХТА, БЎFИРСОҚЖОН..."

Яна бир лавҳа. Фильмда Эргаш Каримов маҳорат билан акс эттирган образ - ўғрилар даврасида шароб ичиб, аввал "бешбармоқ", сўнг "муштбармоқ" еган чаламулла ёдингиздами? Эсингиздами, у Қоравойга ўзини қандай улуғ зотларнинг авлоди сифатида таништиради? Қолаверса, Бухорои шарифдаги катта мадрасаларда таҳсил олганлиги хусусида оғиз кўпиртириб, лоф уради. Сўнг Шум болани ўзи билан кетишга, қишлоқма-қишлоқ кезиб, ризқ териб ейишга ундайди. Қоравой рози бўлмагач, қовоқ-тумшуғи осилганича қолади.

Аммо дабдурустдан йўлга отланган Қоравойнинг изидан қувиб етади ва унинг елкаларини силкитганича гарчи ўзи  ғирт муттаҳам бўлса-да, алам ва изтироб билан ўзининг чаламуллалигини эътироф этадиган бир гапни айтади: "Менга қара, бўғирсоқжон! Ўқигин! Тушундингми, ўқигин! Мана, мени айтди дерсан. Одам бўласан!"

***

"...Хўш, иннайкейин-чи?", дерсиз яна?! Бўлди! Шу! Шум бола айтмоқчи: "Қандил пишибди... Териш керак...".

Нуриддин ЭГАМОВ

Report typo