Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

29.06.2021


БИРОВДАН БОҒ, БИРОВДАН ДОҒ, ЯНА КИМДАНДИР БОТҚОҚ ҚОЛАДИ...

Фотонигоҳ

Баъзан шаҳардаги истироҳат боғлари, кенгроқ майдонларда сайр қилиб юриб, буям ғанимат, яна бир неча йиллардан кейин бу жойларни ҳам қурилишлар эгаллаб олса керак, деган ўй келади хаёлга. Боиси, аҳоли сонига яраша эҳтиёжлар ҳам ортгани сайин ерга бўлган талаб анча кучайди. Кўп қаватли уйлар ёнида "йўлнинг ҳаққи"ни ҳам қолдирилмай, ҳатто ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда қурилишлар авж олиб кетдики, бу ҳақда бировга айтсангиз, гурунг йўналиши ҳокимларнинг ер сотиши ҳақидаги тусмолларга қараб бурилади...

Ҳокимлар ер сотадими-йўқми, буниси ўзларига тан, аммо бизга маълуми шуки, Қарши шаҳридаги Насаф кўчасида, "Оригинал" отлиқ савдо шохобчаси рўпарасида шаҳарнинг собиқ ҳокими даврида хатлаб берилган ер майдонидаги қурилиш бир муддат илгари вилоят раҳбари кўрсатмаси билан тўхтатиб қўйилган.

- Бу ерда аввал юзга яқин дарахт гуркираб ўсиб турганди, - дейди шу ерлик фуқаро Ибодулла Хўжаназаров. - Икки йилча олдин Арал маҳалласидан Анвар Алиқулов деган йигит ҳужжат қилдим, магазин қураман, деб келди. Маҳалладан, ширкатдан, уч-тўрт кишидан "қурилишга қаршилигимиз йўқ" деган мазмунда имзо қўйдириб, подвал қаздирди. Лекин қурилишни якунига    етказа олмади. Буниси майли, лекин юзлаб дарахтларнинг кесилиб кетгани ёмон бўлди. Қолаверса, тўғри келган жойда қурилиш қилиб кетилавермайди-ку. Бу бўйича шаҳар архитектурасига бир неча марта мурожаат қилдим. Ҳоким ўринбосари Ғайрат Султонов билан нақ 8 марта учрашдим. Ҳар сафар эртага бораман, деб алдаб бирор марта келмади. Кейин сенаторга, Қонунчилик палатаси депутатига арз қилдим. Шу орада вилоят ҳокими бу ерда бўлиб, қурилишни тўхтатиш бўйича топшириқ берди. Шундан сўнг ободонлаштириш бошқармасидан келиб, подвални чиқинди билан тўлдириб кетишди. Аммо энди бу ерда бирор нарса униб чиқиши даргумон.

Дарҳақиқат, қурилиш бошланмасдан илгари сувга бостирилган подвалнинг бир қисми бугун ботқоққа айланган. Ахлату чиқиндилар ва бадбўйдан кишининг кўнгли айнийди. Фуқаро айтганидек, чиқинди билан тўлдирилган жойда эндиликда яна аввалгидек дарахтзор бўлишига ишониш қийин.

Маълум бўлишича, бу ерда Шўртангаз маҳалласи 7-миттитумандаги 4 қаватли 35-уй жойлашган бўлиб, уйдан тротуаргача бўлган масофа 25 метрни ташкил қилади. Шу жойда 30-40 йил аввал чоғроқ боғ ташкил қилинган ва аҳоли вакиллари чиқиб дам олган, хордиқ чиқарган. Кўриниб турибдики, йўл ва бино оралиғидаги масофа 25 метр бўлгани ҳолда бу орада яна бошқа бир бино қуришга уриниш ҳеч бир мантиққа, шаҳарсозлик қоидаларига тўғри келмайди.

Шу ўринда бир савол туғилади: бордию қурилиш ноқонуний бўлса (ҳар ҳолда вилоят раҳбари қурилишни тўхтатиш бўйича бежиз буйруқ бермаган), шаҳарнинг қоқ марказида ўзи билганича иш тутган киши кимга орқа қилиб, шунча дарахтни кесиб, шунча жойни кавлаб ташлади? Демак, дарахтлар  ноқонуний кесилган бўлиб чиқади ва шунда жаримани ким тўлайди?

Башарти ҳаммаси қонуний деб ҳисобланса, қайси масъул бу борадаги ҳужжатга имзо қўйди? Ва имзолагунча қурилиш бўладиган жой ва кўп қаватли уй орасида ақалли ҳаво айлангулик жой қолмаганини наҳотки билмаган?

- Ўша вақти ер ажратилиши нотўғри бўлган, - дейди Қарши шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ғайрат Султонов. - Бу бўйича фуқаролар дарахтлар кесилмасин, деб мурожаат қилишганди. Ўша жойни бориб кўрганман. Кейин кўмдириб ташлаганмиз.

Ҳоким ўринбосари қонунга зид ҳаракат бўлганини тан олаяпти. Демак, бу ерда битта масала очиқ қолмоқда: кесилган юзлаб дарахтлар учун жарима тўланиши керак! Суратларда қазиб ташланган ҳудуднинг аввалги манзарасини келтираяпмиз. Кўриниб турибдики, катта бир боғ таг-томири билан йўқ бўлиб кетган...

Аввалги ҳоким нотўғри қарор чиқарган, деган билан ҳокимликдагилар зиммаларидан гуноҳ соқит бўлиб қолмаслигини унутмасликлари керак. Ҳар ҳолда эски фильмда айтилганидек, хўжасизларча иш тутиладиган "У замонлар ўтиб кетган, князь..."

НАСРИДДИН 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo