Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Биз Қашқадарёнинг улкан имкониятларидан илм-фан, аниқ режалар асосида самарали фойдаланиб, элимизга манфаат келтирадиган катта натижалар сари интиляпмиз

15.02.2024


Биз Қашқадарёнинг улкан имкониятларидан илм-фан, аниқ режалар асосида самарали фойдаланиб, элимизга манфаат келтирадиган катта натижалар сари интиляпмиз

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Бердиалиевич АЗИМОВнинг "Qashqadaryo" газетаси бош муҳаррири Камолиддин Каримовга берган интервьюси

Савол: Муротжон Бердиалиевич, суҳбатимизни тараққиёт учун муҳим устунлардан бири саналадиган маънавият ва маърифат мавзусидан бошласак. Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир".

Жавоб: Янги Ўзбекистон тараққиёти, унинг эртаси бугунидан ҳам обод ва фаровон бўлиши ҳақида ўйлаган ҳар бир фуқаро давлат раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат  кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида айтилган: "Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда "ўзбек", "ўзбекистонлик", "Ўзбекистон" деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади", мазмунидаги чақириқдан сергак тортиши, уйғониши, ҳаракатга тушиши керак.

Бу қандай бўлади? Аввало, илм-маърифат, юксак маънавият бизни ҳар қандай мураккаб синовлардан олиб чиқишини ҳисобга олиб, ана шу йўналишда бошлаган ишларимизни янада кучайтиришимиз шарт. Зеро, бу борадаги ҳар бир ташаббус, эзгу ғоя, албатта, келгусидаги катта бир натижа учун замин бўлади.

Мана, мисол учун, вилоятимизда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, маҳаллий бюджетдан  1 миллиард сўм маблағ ажратган ҳолда "Хорижий тил билан ITга йўл" лойиҳаси йўлга қўйилди ва 500 нафар қашқадарёлик ёшнинг 6 ой давомида ўқув марказларида инглиз тили ва IT соҳаси бўйича ўқиш харажатлари қоплаб берилди. Бу билан юзлаб, минглаб ўғил-қизларимизга энг замонавий билимларни эгаллаш учун имконият яратилди. Улар энди ўз келажагини қуриш бўйича аниқ мақсадга эга ва шу йўналишда қўллаб-қувватловга эришганидан мамнун.

Бундан ташқари, олийгоҳларда ўқиётган ёшларнинг танлаган мутахассисликлари бўйича чуқур билим олишларини рағбатлантириш мақсадида илк бор Қашқадарёда "Вилоят ҳокими стипендияси" жорий этилди. Унга номзодларни саралаб олишга оид низом асосида 14 нафар ғолибга ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг  3 баробари миқдорида қўшимча стипендия тўланади.

Албатта, бу каби муҳим саъй-ҳаракатларнинг натижадорлиги, ўғил-қизларимизнинг билим даражаси рейтинги юқори бўлиши ўқитувчиларнинг салоҳияти билан ҳам бевосита боғлиқ. 2023 йилда 1 минг 200 нафар ўқитувчи таълим йўналишидаги турли грант ва сертификатлар соҳиби бўлди. Жорий йилда ҳам уларнинг хорижда тажриба алмашиш, нуфузли таълим даргоҳлари, олий таълим ташкилотларида малака ошириш ҳаракатлари қўллаб-қувватланади. Дунёнинг ривожланган давлатлари билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилади.

Театрга тарбия ва маънавият ўчоғи дея таъриф беришади. Дарҳақиқат, у ҳар бир инсонга ҳаётий сабоқлар берувчи жонли воситадир. Яқинда Қашқадарё вилояти мусиқали драма  театрида саҳналаштирилган ва премьераси бўлиб ўтган "Абу Муин Насафий" спектакли ҳам театрга берилган ана шу таснифни яна бир бор мустаҳкамлади.

Қайд этиш жоиз, "Табсират-ул адилла", "Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд", "Қасийдул қавоид фи илмил ақоид", "Ал-Ифсод ли ҳадъ  ал-илҳод", "Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ", "Баҳрул калом" сингари чуқур илмий таҳлилга асосланган, мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган ўнлаб асарлари билан мусулмон  дунёсида шуҳрат қозонган зот - Абу Муин Насафий минг йил аввал жаҳолатга қарши маърифат билан курашнинг ўзига хос намунасини кўрсатган эди.

Ўтган йил ноябрда замон талаблари даражасида янгидан бунёд этилган бинога кўчиб ўтган вилоят қўғирчоқ театри жамоаси ҳам болажонлар учун ибратли, тарбиявий аҳамиятга эга спектакллар намойишини давом эттирмоқда. Ёш томошабинлар бинога кириб келар экан, дастлаб миллий қаҳрамонлар сиймоси, халқ амалий санъатининг бетакрор намуналари, кўргазмалар билан танишади. 3D кинозали ҳам ишлаб турибди. Таълим масканлари билан йўлга қўйилган яхши ҳамкорлик аллақачон янги театрни болажонларнинг севимли масканига айлантирди.

Шунингдек, барча туман ва шаҳарларимизда ишлаб турган маънавият масканлари ҳам бугун ёшлар кўп тўпланадиган нуқталардан бирига айланган. Бу масканларда турли фестиваль, марафонлар, китобсеварлар тадбирлари ва танловлар ўтказиш орқали ёшларнинг қизиқишларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Вилоят ҳокими соврини учун икки йилдан буён ташкил этиб келинаётган фан олимпиадаси эса мактаб битирувчилари ўртасида фанларга бўлган қизиқишни ўстиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Олимпиадада ғолибликни қўлга киритган тўққиз нафар 11-синф ўқувчиси Қарши давлат университетига талабаликка имтиҳонсиз қабул қилингани унга бўлган қизиқишни янада оширди.

Жадид боболаримиз "Тилда, фикрда, ишда бирлик!" ғояси остида бирлашиб, ёшларни илмли қилиш, улар қалбида Ватанга, буюк халқимизга нисбатан меҳр-муҳаббат, садоқат туйғуларини шакллантиришга интилганлар. Бугун ҳам бу ҳар биримиз, айниқса, илм-фан вакиллари, ёзувчи, шоирлар, журналистлар, зиёлилар, маданият ва санъат ходимлари зиммасидаги олий вазифадир. Зеро, давлат раҳбари уқтирганидек, "Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак".

Шунга мувофиқ, юқорида айтилганлардан ташқари, инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган бахшичилик санъатини ривожлантириш, шунингдек, миллий мақом санъатини ёшларимизга кенг ўргатиш борасида вилоятимизда йиллар давомида  шаклланган анъаналар давом эттирилмоқда. Маърифатпарвар жамиятнинг қиёфасини яратиш, ёшларнинг илғор ғоялар руҳида тарбиялаш бўйича етук маънавиятчилар, зиёлилар, илм-фан вакиллари билан ҳамкорликда янги-янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз.

Маънавият ва маърифат инсонни нафақат комиликка, балки эркин ва фаровон турмушга етакловчи беқиёс куч ҳамдир. Шундай экан, маънавий-маърифий йўналишда олиб бораётган ишларимизни кенгайтириш, самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга соя солаётган айрим иллатлар шаклланиб қолаётгани киши дилини хира торттиради. Шунча тўғри йўл кўрсатилаётганига, гапирилаётганига қарамай, ҳали ҳам ортиқча ҳою ҳавасга берилиб, топганини бир кунлик тўй ёки базм учун сарфлаётган, қўша-қўша қозонда ош дамлаб исрофгарчиликка йўл қўяётган одамлар орамизда учраб турибди. Ота-оналар орасида ўйлаб топилган эскича қараш ва удумлар қолипида яшаб, хотин-қизларни ўқитиш, олий маълумотли, ҳунарли бўлишига беэътибор қараётганлар, афсуски, орамизда бор. Эрта никоҳ, қариндошлар орасидаги никоҳлар ортидан туғилаётган ногиронлиги бор гўдаклар, ажримлар ҳамон айримларнинг кўзини очмади. Шундайлар билан ишлаш маънавий-маърифий йўналишда олиб бораётган келгуси ишларимиз давомида ҳам диққат-марказида туради.

Савол: Сир эмас, глобаллашув жараёни ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ўта мураккаб даврда яшаяпмиз. Тинчлик ва осойишталикни қадрлайдиган миллат сифатида бугун биз ёт таъсирларга қарши тура олишимиз ҳаётий заруратга айланмоқда. Бунда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораяпти.

Айтингчи, вилоятда бу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, умуман, ёшлар тарбияси масаласида кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари қандай бўлаяпти?

Жавоб: Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 12 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида "Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур"лиги уқтирилган эди. Бу бежизга эмас, глобаллашув жараёнида ёшларни ўз томонига оғдириб олишга интилаётган турли ёт гуруҳлар, куч ва тўдалар кўпайиб бораётгани бор гап. Биз улар билан билвосита тўқнаш келиб турибмиз. Шукурки, юртимиз тинч, ҳарбийларимиз ўз вазифаларини муносиб бажараяпти. Шундай экан, қолганларнинг қурол кўтариб Ватан ҳимоясига отланишининг мавриди эмас. Демак, айни пайтда асосий эътиборимиз ўғил-қизларимизни илм-фан, маънавият ва маърифат, шунингдек, замонавий таълим билан қуроллантиришда, уларни жисмонан соғлом, руҳан етук қилиб тарбиялашда бўлиши  керак. Шунингдек, ёшлар онгида  ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат туйғуларини кучайтиришнинг айни вақти.  

Давлат - лашкарлару фуқароларнинг садоқати ва фидойилиги билан қудратлидир, деган буюк бобомиз Амир Темур. Садоқат ва фидойиликни кимдан ўрганамиз? Албатта ота-она, ўзимиздан катталардан, маҳалла-кўйдан. 

Шундай экан, маҳаллаларда истиқомат қилаётган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, катта ҳаёт тажрибасига эга фахрийлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда Қатағон қурбонлари музейида, "Ватанпарварлар" боғида, "Темурбеклар мактаби" ва ҳарбий қисмларда "Халқ ва армия - бир тану бир жон!" тамойили асосида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиляпти.

"Янги Ўзбекистон армияси - мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!" шиори остида мунтазам ўтказиб келинаётган тадбирларда ёшлар ҳарбий салоҳияти ва тажрибаси, илми билан қудратли мамлакат барпо этган Амир Темур, ватанпарварлиги билан шуҳрат қозонган Жалолиддин Мангуберди каби миллатимиз қаҳрамонлари мисолида ўзлигини  англаяпти. 

Яқинда эълон қилинган "Биз - Соҳибқирон издошларимиз" кўрик-танлови асосида ҳам ўйлайманки, ўғил-қизларимиз Амир Темурнинг жасорати, мардлиги, ҳарбий салоҳияти ва у ташкил этган марказлашган давлатнинг сиёсий, иқтисодий, маданий қудрати ҳақида кенгроқ ўрганиш билан бир қаторда қандай буюк зотларнинг авлодлари эканини теран ҳис этади.

Бизда бир ҳолат бор: аксарият тадбирларда асосан интилувчан, фаол ва талабчан ёшлар билан ишланади, уларни тадбирларга тез-тез таклиф этиш, турли танловларда иштирокини таъминлаш асосий эътиборда бўлади. Энди тарбиясида муаммоси бўлган, алоҳида эътибор ва рағбатга муҳтож ёшлар билан ишлаш бўйича қамровни кенгроқ олишни бошладик. Сектор раҳбарлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари "оғир тоифа"даги ёшларга бириктирилди. Уларнинг муаммолари, орзу-умидларини ўрганиш  орқали ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштирувчи лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Масалан, Нишон туманида жойлашган ҳарбий қисмда 100 нафар, Муборак туманида жойлашган ҳарбий қисмда 200 нафар уюшмаган ҳамда профилактик ҳисобда турувчи ёшлар билан "Жасорат мактаби" ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинлари ўтказилди. Йиғинда қатнашган ёшлар билан доимий алоқа ўрнатилган бўлиб, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига ҳар томонлама кўмаклашилмоқда.

Турли тадбирлар, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, улар учун етарли шарт-шароит яратиш ҳамда тиббий кўриклар ташкил этиш, уй-жой билан таъминлаш ишларига вилоят ҳарбий-маъмурий секторини ривожлантириш жамғармасидан 31 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 

Ёшларнинг бўш вақти - душман учун иш вақти, деган гап бор. Энг ёмон иллат бу лоқайдликдир. Дунё кўздаги бир томчи ёшдек қалқиб турибди. Бугунги глобаллашув жараёнида турли кўринишда учраётган таҳдидларга қарши огоҳлик ва ўткир фикр билан жавоб бериш муҳим саналади. Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори минбарида туриб айтганидек, жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилмоқда. Шундай паллада халқимиз, миллатимиз ўртасидаги ўзаро ишонч, ватанпарварлик бизни ҳар қандай таҳдидлардан сақлайди.

Бир мақол бор: қуш уясида кўрганини қилади. Шунинг моҳиятида ҳаммамиз учун катта ибрат ётибди. Биз - ота-оналар ҳам оилада фарзандларимизга халқимизнинг турли даврлардаги жасоратлари, заминимиз муқаддаслиги, буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўли, ён-атрофимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида кўпроқ сўзлаб беришимиз керак.

Савол: Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили 24-25 октябрь кунлари жойларда ислоҳотларнинг бориши, ҳудудлар ривожи ҳамда аҳоли турмуш тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрганида 2024 йил Қашқадарё вилоятида "Мактаб таълими ва тиббиёт йили" бўлишини алоҳида таъкидлаганди. Бу борадаги режалар қандай?

Жавоб: Нафақат таълим ва тиббиёт, муҳтарам Президентимиз "Қашқадарёда барча соҳаларда вазият тубдан ўзгариши шарт, бунинг учун вилоятда ҳамма имконият бор. Ҳамма уйғониши керак", дея вазифа қўйганди.

Алоҳида кўрсатилган икки соҳада эса кейинги йилларда қўлга киритилган ютуқлар салмоқли. Аввал соғлиқни сақлаш тизими ҳақида тўхталсам, вилоятимиз шифокорлари Туркия, Ҳиндистон, Россия каби давлатлар тиббиётчилари билан  доимий ҳамкорликни йўлга қўйди. Ҳудудда нуфузли клиника ва илмий-тадқиқот марказларининг филиалларини очишга эришилди. Соҳани чуқур ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида биргина ўтган йил давомида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Қашқадарё филиалида республика мутахассислари билан биргаликда 10 нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти амалга оширилди. Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиалларида 134 нафар беморга эндопротез қўйиш, 94 нафарига нейрожарроҳлик, 240 нафарига ошқозон-ҳазм тизими, 33 нафарига урологик, 791 нафарига офтальмологик, 2133 нафарига кардиожарроҳлик йўналишда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази ва Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиаллари яқинида Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудудий филиали янгидан барпо этилган замонавий бинода иш бошлади. Барча бўлимлари энг сўнгги русумдаги илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган. Вилоятлар миқёсида ҳали бундай улкан ва замонавий тиббиёт маркази йўқ, дейиш мумкин. 

Биламиз, фақат юқори технологик тиббий жиҳозларнинг ўзи билангина иш битмайди. Уларни ишлата оладиган, амалиётда маҳорат билан қўллайдиган тиббий мутахассислар керак. Шунга кўра, ўтган йилда вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 52 нафар тиббиёт ходими ўз йўналишлари бўйича хорижда малака оширишга юборилди. Жорий йилда янада кўпроқ шифокорларни тиббиёт соҳаси ривожланган мамлакатларга тажриба алмашиш учун юборишни режалаштирганмиз.

Барча даражадаги тиббиёт муассасаларини илғор техника ва ускуналар билан таъминлаш  диққат-эътиборимизда турибди. Мисол учун, ҳамма туманларда шошилинч қабул бўлими "Emergency Department" очилди. Шаҳрисабз шаҳри, Ғузор ва Касби туманларида "Қўшма шикастланишлар ва ўткир юрак қон-томир касалликлари" марказлари ташкил қилинди ва 33 миллиард сўмлик тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Худди шундай марказ Кўкдала туманида ҳам очилиши кўзда тутилган.  

Президентимизнинг таклифлари асосида ҳар бир маҳаллага 8-вакил сифатида тиббиёт ходимлари бириктирилди ва бу мамлакатимизда "Қашқадарё тажрибаси" сифатида жорий этилди. Ҳозирги кунда республикада биринчи бўлиб, вилоятдаги 900 нафар маҳалла доялари Беларусь ва Туркия мутахассислари томонидан ўқитилди ва уларга халқаро сертификатлар берилди.

Ўрганишлар давомида охирги йилларда вилоятимизда нафас олиш, овқат ҳазм қилиш аъзолари, қон айланиш тизими касалликлари, моддалар алмашинувининг бузилиши билан боғлиқ касалликлар сезиларли ошгани кузатилмоқда. Баъзи касалликларнинг ёшариб бораётгани,  афсуски, бизни ташвишга солмоқда. Шу боис,  1 февралдан вилоятимизда яна тиббий хатлов тадбирлари бошланди. Бу тадбирлар натижасида аниқланган хавф гуруҳлари асосида ихтисослаштирилган хизматни аниқ йўналтириш имконияти туғилади.

Таълимга келсак, Янги Ўзбекистонда ўқитувчининг меҳнатига жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида қарала бошлади. Янгиланган Конституцияга давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланди. Бинобарин, бу таълим-тарбия йўналишида юқори мавқега эришиш учун олдимизга турган вазифалардан бири эди. Чунки, ўқитувчининг жамиятдаги ўрнини юксалтирмай туриб, ундан юқори натижа талаб қилиш самарасиз бўларди.  

Мана, бугун вилоятда фаолият кўрсатаётган 230 нафарга яқин ўқитувчи 1000 АҚШ долларидан ортиқ маош олаяпти. Умумтаълим мактабларининг 50 фоиз ўқитувчилари тоифага эга бўлди. 655 нафар ўқитувчи олис ҳудудларга бориб ишламоқда, уларга меҳнат стажига қараб 10 фоиздан 50 фоизгача ойма-ой устама тўлаб берилмоқда.

Шу билан бирга таълим муассасаларида ўқитувчиларга самарали ишлаш ва ўқувчиларга сифатли ўқиш учун муносиб шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратяпмиз. Хусусан, 2023 йилда вилоятдаги 50 та мактабда 39,1 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилди. Бунинг эвазига минглаб янги ўқувчи ўринлари яратилди, мактабгача таълим ташкилотларида 881 миллиард сўмлик, спорт объектларида 2,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Рақамларда акс этганидек, 2017 йилда вилоятда атиги 326 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатган бўлса, болалар қамров даражаси ҳам шунга мутаносиб - бор-йўғи   11 фоизни ташкил этган. Бугун боғчалар сони 10 карра кўпайди, қамров даражаси эса 57,6 фоизга етди. Бу айтишга осон факт, лекин замирида шу халқ учун қилинган катта меҳнат ётибди.

Жорий йилда ҳам бу каби ишлар жадал давом эттирилади. Жумладан, 8 та туманда 2240 ўринли 17 та давлат мактабгача таълим ташкилоти биносида  қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилади. 30 та мактабда 166,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади.

Умуман, Қашқадарёда таълим ва тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар тизимли амалга ошириб борилмоқда. Президент ташаббуси билан 2024 йилнинг вилоятимизда "Мактаб таълими ва тиббиёт йили", деб эълон қилиниши Қашқадарёни шу икки соҳада намуна қилиб кўрсатадиган даражага олиб чиқишга ундов бўлди. Шунга ҳамоҳанг, инсон қадри улуғланган юртда  халқимиз саломатлигини сақлаш, илм-маърифатини юксалтириш учун қанча ишлаш, изланиш керак бўлса, ҳаммасини биргаликда уддалаймиз. 

Савол: XXI аср рақамли технологиялар асрига айланди. Рақамлаштириш иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш, умуман, барча соҳалар учун замон талаби сифатида юзага чиқди, IT бозори жадал ривожланмоқда. 9 январда қабул қилган "Қашқадарё вилоятида рақамлаштириш соҳасини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисида"ги қарорингиз ҳам шуни ифода этади. Ундан кутилаётган натижаларга тўхталсангиз.

Жавоб: Авваламбор айтиш жоизки, мазкур қарор Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган йил 20 декабрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда қарийб 100 минг нафар ёшнинг келгуси тақдири қамраб олинган. Ҳужжатни қабул қилишда ҳудудларда рақамлаштириш соҳасини янада ривожлантириб, тармоқда кўрсатилаётган хизматлар ва экспорт ҳажмини сезиларли даражада ошириш ҳамда ёшларни IT ва хорижий тилларга ўқитиш қамровини кенгайтириб, уларнинг келажакда замонавий билим ва кўникмаларга эга, дунёқараши кенг, рақобатдош мутахассислар этиб шаклланишига эришиш каби мақсадлар кўзланган.

Кутилаётган натижалар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишингиз учун мўлжалимиздаги айрим рақамларни келтириб ўтаман. Жорий йилда   вилоятимизда кўрсатилган IT-хизматлар ҳажми 300 миллиард сўмга, уларнинг экспорти эса 30 миллион долларга етказилиши режа қилинган.

Йил давомида IT-паркнинг резидентлари сони яна 60 тага ошиб, қарийб  100 тага яқинлашади. "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида 75 минг нафар мактаб ўқувчиси ва 4 минг нафар талаба махсус билим ва кўникмаларга эга бўлади, айни пайтда қашқадарёлик ёшлардан 300 нафари халқаро профессионал IT-сертификатлар олиш имконини берувчи ўқувларга жалб қилинади.

"Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи" лойиҳаси бўйича ҳар бир шаҳар ва туманда ўқитиш манзилларини белгилаб олганмиз,  у ерда 1 минг 600 нафар йигит ва қиз Ёшлар  жамғармаси маблағлари ҳисобидан IT технологиялар бўйича ўқитилади.

Шу билан бирга, 2 минг 400 нафар мактаб ўқувчиси ва 810 нафар талаба инглиз тилига (сўзлашув - C1 даражасида), шунингдек, 700 нафар ўқувчи ва 220 нафар талаба немис ва   бошқа тилларга (B2 даражасида) чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади. Информатика фани бўйича 5-8-синф ўқувчилари ўртасида "мактаб-туман-вилоят" босқичларида олимпиадалар ташкил этилиб, шу жараёнда энг иқтидорли 50 нафар ўқувчи саралаб олинади ва халқаро олимпиадаларга махсус дастурлар асосида тайёрланади.

Чекка ҳудудлардаги ёшларни IT соҳасига жалб қилиш ва ўқитиш мақсадида жорий йил  1 сентябрга қадар вилоятимиз туманларида ҳам Самарқанд вилояти Нуробод туманида ташкил этилган IT-шаҳарчадек IT-шаҳарча фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур чоралар кўрилади.  Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиб, биттадан киберспорт маркази очишни мўлжаллаяпмиз.

Бундан ташқари, вилоятда мазкур тармоқни ривожлантириш борасидаги кўпгина истиқболли режаларимиз бор. Китоб туманида IT соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган университет очиш ва IT хизматлар экспорти билан шуғулланувчи IT-кластери   фаолиятини йўлга қўйиш шулар жумласидан.

Савол: Қашқадарёликлар яхши билишади, Сиз аҳоли орасида кўп юрасиз, оддий одамлар билан мулоқотдан қочмайсиз. Улар Сизга кўпроқ қайси масалаларда мурожаат этишмоқда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган муҳим конституциявий тамойилга қанчалик мослаша олди?

Жавоб: Бугун халқимизга хизмат қилишни истамаган ёки ундан қочадиган масъулга давлат идораларида жой қолмади. Вилоят ҳокими сифатида мен, барча соҳа ва маҳаллий давлат идоралари раҳбарлари Қашқадарёнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун уларга муносиб турмуш шароитларини таъминлаб беришга бурчли эканимизни таъкидлаб ўтмоқчиман. Бунинг учун олдимизга аниқ талаб ҳамда вазифалар қўйилган ва уларнинг аксарияти аҳоли, оддий одамлар билан бўлган мулоқот мавзуларини ўзида ифода этгани билан аҳамиятли.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси  Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналари орқали вилоят ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилсак, уй-жой ва ер, моддий ёрдам ва кредит ажратиш, қурилиш, ички йўллар, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, оқова сув, бандлик масалалари кўпроқ тилга олинган.

Шунга кўра, таъмирга муҳтож 2 минг 451 километр йўллар қурилиши ва таъмири учун бюджетдан 877 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилди. 2 минг 327 километр умумфойдаланишдаги ҳамда ички хўжалик йўллари ва 12 та кўприкда қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилди. 805,4 километр ичимлик суви қувурлари тортилиб, 73 та сув иншооти, 59 дона сув олиш қудуқлари қазилди, 54 дона сув кўтариш минораси қурилди. Натижада ўтган йил якуни билан аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 51,6 фоиздан 59,4 фоизга етказилди.

Вилоятда электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 1 минг 84,7 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари тортилди ва 365 дона трансформатор пункти янгидан қурилди ҳамда 6 минг 552 дона темир-бетон устунлари ўрнатилди. Шу орқали 250 дан ортиқ маҳаллада яшовчи 110 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари, 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг электр энергияси таъминоти барқарорлиги ва сифати яхшиланди.

Барча шаҳар ва туманларимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун уй-жойлар қурилиши давом этмоқда, тайёр бўлганлари муайян имтиёзлар асосида янги эгаларига топширилмоқда.

Албатта, ана шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида қашқадарёликлардан давлат идораларига бўлаётган мурожаатлар сони кейинги йилларда камайиш тенденциясига ўтди. Бироқ бу бизни хотиржам қилмаслиги керак. Шунга кўра, жойлардаги муаммоси бор аҳоли вакиллари билан мулоқотнинг энг яхши йўли - сайёр қабуллар мунтазамлигини ва улар одамларимиз учун манфаатли бўлишини таъминлаш қатъий назоратга олинган. 

Сайёр қабуллар, аҳоли билан мулоқотлар чоғида, айниқса, хотин-қизлардан тушадиган мурожаатларга алоҳида ёндашув зарур. Бу билан раҳбар ходимнинг жамиятга муносабати, маданияти, маърифати ҳам намоён бўлади. Мен шундай фикрдаман. Чунки, аёлни рози қилиш, унинг учун етарли шарт-шароит яратиш оилани мустаҳкамлайди. Ҳар бир хотин-қиз ўтаётган кунидан мамнун бўлиб яшаса, у оиласига, фарзандларига меҳр беради, ҳамма ерни гуллатади.

Ҳар бир мурожаат ортида кимнингдир дарди, ечилмаётган муаммоси, инсон ўй-кечинмалари турибди. Бежизга давлатимиз раҳбари ҳар бир фуқаронинг тақдирини Ватан тақдири деб билмади. У киши томонидан дунёда андазаси бўлмаган "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари", "Темир дафтар"лари жорий қилиниши ҳисобига ана шундай муаммоси бор, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аҳоли вакиллари манзилли қўллаб-қувватланмоқда. Шу асосда 55 минг 381 нафар фуқарога 179 миллиард 640 миллион сўмлик турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Жумладан, "Аёллар дафтари" билан ишлаш тизими доирасида хотин-қизларга 36 миллиард 768 миллион сўмлик ёрдамлар қилинди. 40 минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 7 минг 231 нафардан ортиқ аёл тадбиркорликка ўқитилди ҳамда 3 минг 485 нафарига 32,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. 353 нафар I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.

Сиёсатчилардан бири яқин беш-олти йил ичида юртимизда қўлга киритилган ютуқларнинг учтасидан бири сифатида Ўзбекистоннинг "очиқ ҳукуматга" айланганини эътироф этди. Ҳақиқатда, бугун очиқлик, ошкоралик. Ҳамма ўз фикрини эркин билдириш орқали ислоҳотлар иштирокчисига айланиши мумкин. Шу асосда иш юритилаётгани, муҳим жиҳати - йирик режалар, лойиҳалар халқимизнинг фикр-муносабати ҳамда иштироки билан амалга оширилаётгани фикримиз тасдиғи бўлади олади.

 

Мана, "Очиқ бюджет" порталида йўлга қўйилган "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси орқали ҳам ҳамюртларимиз инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича таклиф киритиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишмоқда. Қашқадарёда мазкур лойиҳанинг ўтган йилги биринчи мавсумида ғолиб деб топилган 261 та таклиф учун 285 миллиард сўм йўналтирилди. "Менинг йўлим" лойиҳаси бўйича эса 33 та маҳалланинг ички йўллари таъмири учун 42,4 миллиард сўм ажратилди. "Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла" мезонлари асосида энг чекка ва олис ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хонадонлар хатловдан ўтказилиб, мавжуд муаммолар уйма-уй юриб ўрганилди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларга хонадонларида мутасадди ташкилотларни жалб қилган ҳолда жорий ва капитал таъмир ишлари олиб борилди. Йўллар асфальтланди, лоток, ариқ, канал, коллектор-зовурлар тозаланди, сув иншоотлари ўрнатилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш масалалари ўрганилиб, тиббий кўрик, давлат хизматларини жойига бориб кўрсатиш ташкил этилди.

Бундан энди давлат идоралари кимдандир мурожаат бўлишини кутиб ўтиришдан аҳоли муаммоларини ўзлари излаб топиб, бартараф этиш тизимида ишлашга ўтаётганини англаш мумкин. Аслида ҳам бундан буёғига шундай бўлиши керак. Шунда "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган муҳим конституциявий тамойил ҳаётимизда тўла-тўкис ифода топади.  

Савол: Маълумки, Қашқадарёда аграр соҳа етакчи тармоқлардан бири саналади. Ҳудуд ҳақида гап кетганда, албатта, вилоятнинг шу йўналишдаги кўрсаткичлари тилга олинади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини шу ернинг ўзида қайта ишлашни кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ана шундай паллада йилдан-йилга кучайиб бораётган сув танқислиги муаммоси хомашё ишлаб чиқариш суръатига таъсир кўрсатмаслиги учун қандай чоралар кўрилаяпти?

Жавоб: Қишлоқ хўжалиги соҳаси вилоятнинг асосий таянч тармоғларидан бири ҳисобланади, кейинги йилларда кузатилаётган табиат қийинчиликларига қарамай, боғ ва экинлардан юқори ҳосил олиш доимий мақсадимизга айланган. Шунга мувофиқ биргина ўтган йилда вилоят бўйича жами 38 триллион 565,3 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, 40 миллион АҚШ долларидан ортиқ ҳажмдаги маҳсулотларни экспорт қилишга эришилди. 

Вилоятда ҳар йили ўртача 420 минг тонна пахта етиштирилса, ундан олинадиган толани ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш даражаси 52,2 фоизга етказилди. Ип калава ишлаб чиқариш 6 баробарга, тайёр маҳсулот - 3,5 баробарга ортди.

Албатта, бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор тажрибаларга таянилмаса, йилдан-йилга кучайиб бораётган сув танқислиги ҳосилдорликка жиддий хавф солади. Бу айниқса қишлоқ хўжалиги ерларига сув етказиб бериш тизими мураккаб бўлган Қашқадарё учун ортиқча муаммолар туғдириши мумкин. Шундай экан, боғ ва экин майдонларига сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга жиддий киришганмиз.

Бундан ташқари, вилоятимиздаги кўпгина  канал ва ариқлар бетон қилинмагани сабабли улар орқали етказиб берилаётган сувнинг  30-35 фоизи ҳеч қандай иқтисодий самара бермасдан йўқотилиб, исроф бўлмоқда. Айниқса, Косон, Нишон, Муборак, Миришкор туманларида бу кўрсаткич 40 фоиздан юқори.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йили 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланаётгани таъкидланган эди. Масалан, айтилганидек, юртимизда бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг куб метр сув сарфлангани ҳолда, иқлими ва ери бизникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизнинг бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти. Шу боис давлат раҳбари сув хўжалигида "каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил" эълон қилганди.

Шу йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, тупроқ ўзанли ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш орқали суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш, канал, ариқларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш, сув ресурсларини тежаш мақсадида алоҳида қарор қабул қилганмиз.

Унга кўра, вилоятимиздаги 1 минг 800 километр ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш давом этмоқда. Жумладан, март ойи охиригача  Қарши туманида 186 километр, Чироқчида 165 километр, Миришкорда 160 километр, Кўкдалада 158 километр ва Косонда 155 километр канал ва ариқлар бетон қилинади.

Шунингдек, магистрал ва хўжаликлараро ирригация тармоқлари ҳамда агрокластер, давлат-хусусий шерикчилик ташкилотлари, фермер хўжаликлари фойдаланувидаги хўжалик ички суғориш тармоқларини тозалаш, ушбу тармоқлардаги гидротехника иншоотлари ва гидропостларни, вилоят насос станциялари ва энергетика бошқармаси ва бошқа мулкдорлар тасарруфидаги насос агрегатларини, суғориш қудуқларини таъмирлаш, фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқларини жиҳозлаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича ҳам ишларни давом эттиряпмиз.

Ўйлайманки, бу саъй-ҳаракатларимиз сув танқислиги таъсирини юмшатишга хизмат қилиб, Қашқадарё деҳқон ва боғбонлари қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишида қўл келади. 

Савол: Бугун иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш дунё афкор оммаси диққат марказидаги долзарб муаммога айлангани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, кейинги ўн йилликда "яшил" тараққиётга интилиш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари глобал миқёсда кун тартибига чиқди. Қашқадарё мисолида мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни кўрсатиб ўтсангиз.

Жавоб: Олимлар, экофаоллар дунё давлатларини иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш учун қазиб олинадиган ёқилғи туридан тезроқ воз кечиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш, ўрмонларни сақлаб қолишга чақирмоқда. Мамлакатимиз ҳам бу чақириқларга хайрихоҳ ва ҳудудларда "яшил энергия" салмоғини ошириш, боғлар, ўрмонлар, кўкаламзор майдонлар ташкил қилиш ишлари жадал давом этмоқда.

Қашқадарёликлар яхши хабардор, ўтган йили 19 май куни Нишон туманида "China Gezhouba Group Investment Company" Co. LTD" (Хитой) компанияси томонидан қиймати 400 миллион доллар, қуввати эса 500 мегаваттга тенг қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига старт берилди. 1000 гектардан ортиқ майдонда барпо этилаётган бу қуёш фотоэлектр станциясини икки босқичда ишга тушириш мўлжалланган. Дастлабки босқичда ўтган йилнинг охирида 200 МВт қуввати фойдаланишга топширилди, бунинг натижасида тармоққа 42 миллион кВт-соат электр энергияси етказиб бериш имконияти яратилди. Яна 300 МВт қуввати жорий йилда ишга туширилади.

2023 йил 24 июль куни эса Нишон туманида жойлашган йирик энергетик объект - "Талимаржон ИЭС"да умумий қуввати 1065 МВт бўлган  навбатдаги иккита буғ-газ қурилмасини бунёд этиш ишлари бошланди. Лойиҳанинг бош пудратчиси - Испаниянинг "Intecsa Ingeniera Industrial S.A." ва Япониянинг "Mitsubishi Corporation" компаниялари консорциумидир. Умумий қиймати 771,8 миллион долларга тенг бу кенг қамровли ишларни 2025 йил якунига қадар якунлаш режа қилинган. Уларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида Талимаржон ИЭС томонидан йилига қўшимча 8,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, энг муҳими, атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 1500 тоннага камаяди ҳамда 112 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, ўтган йили воҳамиздаги 3 минг 450 та аҳоли хонадонига жами 10,2 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилиши бошланган. Хусусан, 64 нафар сектор раҳбари, 1 минг 232 нафар вилоят ва туман ташкилотлари раҳбари, 547 нафар йирик тадбиркор хонадонларига ўз маблағлари, "Темир дафтар"га киритилган 1 минг 607 та оила уйларига маҳаллий бюджет ҳисобидан шу турдаги муқобил энергия манбалари қурилмалари ўрнатилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, 2022 йилда 20 миллиард сўм маблағ эвазига вилоятдаги 177 та объектда қуёш панеллари ҳамда 371 та объектда қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилди. Натижада умумфойдаланишдаги тармоқлардан олинадиган 8 миллион 700 минг кВт электр энергияси иқтисод қилиниб, муқобил энергия манбаларига эга субъектларнинг 3 миллиард 900 миллион сўм маблағини тежаш имконияти яратилди. Жумладан, 900 миллион сўмга вилоят ҳокимлиги биносида ўрнатилган қуввати 70 кВт/соатга тенг қуёш панеллари ҳам тез орада ўз самарадорлигини кўрсатди.  

Сир эмас, бутун дунё миқёсида, хусусан, мамлакатимизда ҳам электр энергиясига бўлган талаб кескин ўсиб бормоқда. Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, сўнгги беш йилда хонадонлар сони 160 мингтага кўпайди, корхоналар сони 29 мингтадан 42 мингтага етди. Уларнинг умумфойдаланишдаги электр тармоқларига уланиши ўз-ўзидан қувват ишлаб чиқаришга бўлган талабни кескин ошириб юборди. Бу ҳолат истеъмол даражаси кескин кўтариладиган куз-қиш ойларида тақчилликка сабаб бўлаётганини ҳам ҳеч ким инкор этмайди ва вазиятни юмшатишнинг энг мақбул йўли қайта тикланувчи ҳамда экологик тоза муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш эканлигини дунё тажрибаси яққол кўрсатиб турибди.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилда жаҳонда ишлаб чиқариладиган қуёш энергияси 1 миллион МВтдан ошиши кутилмоқда. Бу борада Хитой, АҚШ, Япония, Германия ва Ҳиндистон каби давлатлар етакчи. Ваҳоланки, японларда ўртача 167 кун, немисларда эса 136 кун қуёшли бўлади. Бизда эса қуёш йилнинг камида 300 кунида нур сочиб туради. Ана шундай табиий-иқлим шароитида қуёшдан электр энергияси олиш даражаси бизда умумий ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан жуда паст қолаётгани ва ҳозирда истеъмолнинг катта қисмини қоплаб келаётган иссиқлик электр станциялари учун сарфланадиган ёқилғи захиралари абадий эмаслиги, иқлим ўзгариши муаммолари бу йўналишда ҳам илдам қадамлар ташлаш вақти келганини кўрсатиб турибди.  

Шунга мувофиқ, ўтган йилда ҳудуддаги объектларда умумий ишлаб чиқариш ҳажми 69,3 МВт бўлган кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш орқали бир йилда қўшимча 77,4 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинган эди.

Яъни, бунда юқорида айтилган 3 минг 450 та аҳоли хонадонидан ташқари, 495 та ижтимоий соҳа ва бошқа бюджет ташкилотлари, устав фондида 51 фоиздан ортиқ давлат улуши мавжуд 495 та корхона, 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари объектларида қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилган. Албатта, ана шу ишларни охирига етказамиз ва янги режалар бўйича ишлаймиз.

Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, экологик вазиятни яхшилаш масаласидаги яна бир муҳим йўналиш - яшил ҳудудларни сақлаш ҳамда кенгайтириш ҳисобланади ва бу трансчегаравий гармсел шамоллари, чанг, қум бўронлари кузатилиб турадиган Қашқадарё учун жуда зарур.

Шуни тўла ҳис қилган ҳолда 2021 йил куз мавсумидан буён "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимиз бўйлаб 40 миллион тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди, 68 гектар ер майдонида "Яшил   боғлар", 66 гектар ер майдонида "Яшил жамоат парклари" ҳамда вилоятимиздаги саноат корхоналари томонидан 193 гектар ер майдонида "Яшил белбоғлар" ташкил этилди.

Бундан ташқари, вилоятнинг туман ва шаҳарларини бир-бирига боғловчи автомобиль йўллари ёқасида яқин уч йил давомида 600 минг туп иҳота дарахтзорлари экилиб, уларнинг 60 фоизи томчилатиб суғориш тизими билан таъминланди. Мисол учун, Қарши-Кўкдала, Еттитом йўлининг чап ва ўнг тарафида 20 километр, Ғузор-Самарқанд йўлида 6 километр, маҳаллий йўллар атрофидаги 15 километр масофада экилган дарахтларни суғориш учун томчилатиб суғориш тизими барпо этилди. Қарши-Қамаши йўналишидаги йўлнинг чап ва ўнг томонидаги Қарши тумани ҳудудида 10 та 5 тонналик ҳовузлар ўрнатилиб, 10 километр йўл ёқасида экилган дарахтларни томчилатиб суғориш ишлари йўлга қўйилди. 

Муборак, Миришкор ва Нишон туманларининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларида 5000 гектар ер майдонида саксовул уруғлари экилди. 

Ушбу ишларни изчил давом эттириш мақсадида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимиз ҳудудларида ҳар йили   17 миллион туп, жумладан, 2024-2026 йиллар давомида 51 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш бўйича прогноз режамизни белгилаб олганмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан 2024 йилдан бошлаб ҳар йили давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан "Яшил боғлар" ва "Яшил жамоат парклари"ни ташкил этиш учун "Очиқ бюджет" ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида "Менинг боғим" лойиҳалари молиялаштирилади. Шунингдек, "Энг яшил маҳалла" танлови ўтказилиши ва танлов натижалари бўйича ғолиб бўлган 14 та маҳаллага Экология жамғармаси ҳисобидан маҳалланинг тегишли  жамғармасига дарахтлар экиш ва суғориш, "Яшил жамоат парки"ни яратишга жами 500 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказиб бериш, ўзини ўзи бошқариш органларига хизматда фойдаланиш учун биттадан электромобиль харид қилиш белгилаб қўйилган.

Бу вазифалар ижросини таъминлаш, келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, "Яшил макон" лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантириб, ҳар бир оила бунга ҳисса қўшса, хусусан, ҳар бир қашқадарёлик бошланган баҳорги кўчат экиш мавсумида ташаббус кўрсатиб, фаол иштирок этса, нур устига нур бўларди. 

Савол: Ташқи савдо айланмасида кўп йиллар импорт ҳажми экспортдан устунлик қилиб келган Қашқадарё охирги икки йилда бу борада ижобий сальдо қайд этди. Албатта, бу ютуқ вилоятда амалга оширилаётган тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва тўғри йўналтириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини ҳам ўзида ифода этади, шундай эмасми?

Жавоб: Тўғри, 2023 йилда вилоятимиз ташқи савдо айланмаси ҳажми 34,9 фоизга кўпайиб, 735,6 миллион долларга тенг бўлди. Импорт ҳажми 26,7 фоизга, экспорт ҳажми эса 41,5 фоизга ўсди. Ташқи савдо айланмаси ижобий сальдоси, яъни экспортнинг импортдан устунлиги 116,6 миллион долларни ташкил этди. Ваҳоланки, 2022 йилда бу рақам атиги 56,8 миллион долларга тенг бўлган, унга қадар эса 10 йил давомида Қашқадарёда экспорт ва импорт ўртасида фақат манфий тафовут қайд этилган.

Экспорт йўналишига алоҳида тўхталадиган бўлсак, биз 2023 йилда хорижий ҳамкорларга жами 426,1 миллион доллар, яъни олдинги йилга нисбатан 125 миллион долларга кўпроқ ҳажмда товарлар етказиб берганмиз ва хизматлар кўрсатганмиз. Энг кўп экспорт Туркия, Россия Федерацияси, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой Халқ Республикаси, Покистон ва Америка Қўшма Штатларига амалга оширилган.

2023 йилда экспорт географиясини кенгайтириб, биринчи маротаба Венесуэла, Жазоир, Колумбия, Марокаш, Тунис, Эстония каби давлатлар бозорига маҳсулотлар экспортини йўлга қўйдик. Бунинг натижасида ўтган йил давомида Қашқадарё товар ва хизматлари етказиб берилган мамлакатлар сони 50 тадан ошди. Бундан ташқари, 15 дан ортиқ янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб этилди, 12 та янги турдаги маҳсулотлар экспортга чиқарилди ва экспортбоп маҳсулотлар сони 150 турга етказилди.

Албатта, бу борада ҳурматли Президентимиз томонидан тадбиркорликка берилаётган кенг имкониятлар ва бизнеснинг қўллаб-қувватланиши ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Биргина 2023 йил мисолида гапирадиган бўлсак, ўтган йилнинг ўзида вилоятга қарийб 380 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Ёки тадбиркорликка тижорат банклари томонидан 4,6 триллион сўм банк кредитлари  ажратилди.

Бундан ташқари, 2023 йилда 6 мингга яқин янги кичик тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 28 мингтага етказилди. Китоб туманида "Қарши конч цемент" хорижий корхонаси томонидан қиймати 15 миллион долларлик иссиқлик буғидан электр энергия ишлаб чиқариш, Яккабоғ туманида "Рус дост текстиль" корхонаси томонидан қиймати 10 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Қарши шаҳрида "Алп техно сервис" корхонаси томонидан қиймати 4 миллион долларлик телевизорлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 485 миллион долларлик 1,3 мингта ўрта ва кичик лойиҳалар амалга оширилиб, 15,5 мингта янги иш ўрни яратилди.

Хитой Халқ Республикасининг Аньхой ва Цзянсу провинциялари билан яқиндан дўстона алоқаларни ўрнатдик. Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида халқаро форумда иштирок этдик ва Пермь ўлкаси, Нижний Новгород вилоятларига амалий ташрифларни ташкил этдик. Бунда, Хитойнинг Аньхой ва Цзянсу провинциялари билан ўзаро ҳамкорликда 352 миллион доллар, Россиянинг Қозон шаҳридаги бизнес-форумда 337 миллион доллар ҳажмдаги келишувлар имзоланиб, инвесторлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

2024 йилда Қашқадарёда умумий қиймати    4 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган 36 та йирик ва аҳамиятли лойиҳаларни амалга ошириб, йил давомида 1 миллиард доллар инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирганмиз.

Масалан, Китоб туманида Австриянинг "Лассенсбергер Гроуп" компанияси билан қиймати 35 миллион долларлик микрокальцитни қайта ишлаб, қурилиш материаллари тайёрлаш лойиҳаси бўйича ишлар бошланади. Қамаши туманида озарбайжонлик инвесторлар билан ҳамкорликда "Матанат" корхонасида 20 миллион    долларлик гипс ва гипсокартон ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Халқаро ҳамкорлик соҳасида аниқ режа асосида келгуси ишларимизни белгилаб олганмиз. Мана, жорий  йилнинг дастлабки ойида Хитой Халқ Республикасига ташрифларни ташкил этиб, алоқаларни янада ривожлантириш бўйича ишларни бошлаб юбордик.

Савол: Тан олиш керак, туризм Қашқадарёда иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланиб бормоқда. Вилоятда соҳани ривожлантириш учун қатор йирик ва жозибадор лойиҳалар амалга оширилаётир. Жумладан, "Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ" туристик марказлари кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда, шундайми?

Жавоб: Албатта, юртимизда ва хусусан, Қашқадарёда ҳам сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортадиган ҳудуд ва масканлар талайгина. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 28 ноябрдаги қарорига асосан Шаҳрисабз ва Қамаши туманларида ташкил этилаётган туристик марказлари ҳам шундай ноёб ҳудудлар сирасига киради, ҳужжатда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида эса уларнинг маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун жозибадорлиги янада ошиши табиий.

Зеро, Шаҳрисабз туманининг Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллалари ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида жойлашган "Шаҳрисабз" туристик марказида ривожланган давлатлар тажрибасига таяниб ишлаб чиқилган мастер-режа асосида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, жумладан, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар масканлари барпо этилмоқда.

Худди шу тарзда Қамаши туманининг Катта ўра маҳалласи ҳудудидаги умумий майдони 58,6 гектар бўлган ер участкасида ҳам "Майданак баланд тоғ" туристик маркази, яъни меҳмонхона, соғломлаштириш санаторийси, умумий овқатланиш объектлари, дор йўллари, тоғ-чанғи комплекси ва бошқа туристик аҳамиятга эга объектлардан иборат мажмуа қурилиши бошланди. Ушбу туристик марказларни ривожлантириш ва бошқариш учун Президент қарорига асосан ўтган йилнинг охирида вилоят ҳокимлиги ҳузурида Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти ташкил этилиб, Шаҳрисабз туманида жойлаштирилди. Бугунги кунда "Шаҳрисабз" ва "Майданак баланд тоғ" туристик марказлари ҳудудида кенг қамровли ишлар давом эттирилмоқда.

Эътиборли томони, ҳозирги пайтда Президент топшириғига асосан вилоятимиз мутахассислари томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Туризм қўмитаси билан биргаликда Китоб тумани Қайнар маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам замонавий меҳмонхона, сервис ва хизмат кўрсатиш мажмуаларидан иборат туристик марказ барпо этишга қаратилган мастер-режа ишлаб чиқилмоқда.

Маълумки, Президентнинг ўтган йил 28 ноябрдаги қарори билан, шунингдек,  2024 йил 1 мартдан бошлаб "Шаҳрисабз" аэропортига парвозларни ташкиллаштириш вазифаси ҳам қўйилган ва бу борадаги тайёргарлик ишлари жадал кетяпти. "Qarshi" халқаро аэропортидан ички ва халқаро йўналишлар бўйича амалга оширилаётган парвозларнинг кўпайиши ҳам Қашқадарёга ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қўшимча қўлайликлар яратади.

Хабарингиз бор: жорий йил 12 январь куни давлатимиз раҳбари  "Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга имзо чекиб, айни пайтда юртимизда тўсиқсиз туризм инфратузилмаси ва экологик туризмни ривожлантириш, хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали чет эллик сайёҳлар сонини кўпайтириш ва мамлакатимиз нуфузини янада оширишга қаратилган бир қатор қарорлар қабул қилди. Ушбу муҳим ҳужжатларнинг ижроси доирасида вилоятимизда ҳам кўплаб ишлар бажарилади. Масалан, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида замонавий меҳмонхоналар ва савдо-кўнгилочар мажмуалардан иборат бўлган туризм марказлари ва йирик савдо комплекслари барпо қилинади, Ҳисор давлат қўриқхонаси буфер зонаси ҳамда Ҳисор ва Деҳқонобод давлат ўрмон хўжаликларида экотуризм хизматлари йўлга қўйилади, Шаҳрисабз, Китоб ва Қамаши туманларида замонавий талаблар асосида дор йўллари қурилади, Деҳқонобод туманидаги Хўжаипок ва Консойкўл сув ҳавзалари ҳамда Қарши шаҳридаги "Дельфин" масканида пляж ва сувда дам олиш туризм хизматлари ташкил этилади, кўплаб маданий мерос ва концерт-томоша объектлари, музейларда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз туризм инфратузилмаси ривожлантирилади.

Ўйлайманки, вилоятда туризм соҳасида амалга оширилаётган шу ва яна бир қатор истиқболли лойиҳалар Қашқадарёнинг тўрт фаслда ҳам сайёҳларни муносиб кутиб олишга қодир ҳудуд сифатида янада танилиши ва воҳага ташриф буюрадиган туристлар оқимининг кенгайиши, шунингдек, тармоқда банд бўлган фуқаролар сони кўпайиши ва уларнинг турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

Савол: Қашқадарё мамлакатимизнинг ҳар жабҳада улкан имкониятларга эга вилоятларидан бири сифатида тилга олинади. Шундай экан, бу салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш борасида олдимизда қандай устувор вазифалар турибди?

Жавоб: Суҳбат давомида биз турли соҳаларда олдимизда турган кўплаб муҳим мақсад ва устувор вазифалар ҳақида батафсил сўз юритдик. Уларнинг барчасини умумлаштирадиган бўлсак, ҳозирги пайтда асосий мақсадимиз вилоятнинг мавжуд ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиб, ҳудудда муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш ва шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаб, турмуш даражасини оширишдан иборатдир. Ўтган йили 14 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган воҳамиз тараққиётига хизмат қиладиган навбатдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат - "Қашқадарё вилоятини 2024-2025 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор айнан шу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятли. Бу ҳужжатда, жумладан, 2024-2025 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилган бўлиб, уларга кўра, Қашқадарёда кўрсатилган йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми тегишлича - 5,8 фоизга ва 6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми - 8 фоизга ва 8,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми - 4,5 фоизга ва 5 фоизга, бозор хизматлари ҳажми - 14 фоизга ва 15 фоизга ўсиши, шунингдек, 550 минг ва 600 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлашимиз зарур.

Бундан ташқари, 2024 йилда республика бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиш ҳисобига вилоятимиз ҳудудида 90 километр, 2024-2026 йилларда халқаро молия институтлари ва хорижий давлатлар маблағлари ҳисобидан 316 километр, жами 406 километр каналлар бетонлаштирилиши мўлжалланиб, яқин икки йил ичида воҳамиздаги суғориладиган ер майдонларини лазерли текислаш натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда унумдорликни 20 фоизга ошириш режалаштирилган. Умумий фойдаланишдаги ва ички автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 2024 йилда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 220 миллиард сўм ажратилиб, 2024-2026 йилларда халқаро молия ташкилотларидан 122,5 миллион АҚШ доллари жалб қилинади. Шунинг эвазига жами 364 километр (шундан 189 километр умумий фойдаланишдаги ва 175 километр ички) автомобиль йўлларининг ҳолати тубдан яхшиланади.

Шу билан бирга жорий йилда республика бюджетидан 52 миллиард сўм ажратиш ҳамда  халқаро молия ташкилотларидан 31 миллион АҚШ долларини жалб қилиш ҳисобига жами 321 километр ичимлик суви тармоқлари ва 18 та сув иншоотини қуриш орқали марказлашган ичимлик суви таъминоти қамрови 73,6 фоизга етказилади.

Қарорда, табиийки, юқорида айтиб ўтганимиздек, Президент ташаббуси асосида 2024 йилнинг Қашқадарё вилоятида "Мактаб таълими ва тиббиёт йили" деб эълон қилиниши билан боғлиқ зарур чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам қўйилган.

Туризм йўналишида режалаштирилаётган лойиҳаларни молиялаштириш учун вилоятга эса 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағларини жалб этиш ҳисобига жорий йилнинг ўзида 4 миллион нафар маҳаллий ҳамда 500 минг нафар хорижий турист ташрифини ташкил этиш мўлжал қилинган.

Бундай натижаларга эришиш учун бир қатор муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Масалан, жорий йилда Қашқадарё вилоятидаги Бўйноқсой, Севаз, Қалқама, Манғит, Қорабулоқ каби 13 та норуда фойдали қазилма конлари жойлашган ер майдонларига бўлган ҳуқуқларни аукцион савдоларига чиқариш графиги тасдиқланди. Қамаши ва Ғузор туманларидаги 25 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш мақсадида  Пахтаобод каналини модернизация қилишга Жаҳон банкидан зарур маблағларни жалб қилиш бўйича тегишли вазирликлар олдига музокаралар ва тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилди. Қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг озуқа моддалари билан таъминланганлик даражасини аниқлаш мақсадида эса 2024 йилда қўшимча равишда 10 та мобиль лаборатория фаолиятини ташкил қилиб, 150 минг гектарда тупроқнинг агрокимёвий таҳлили харитасини ишлаб чиқиш ва унинг ердан фойдаланувчиларга етказиб берилишини таъминлаш топшириғини олганмиз.

Қарорга асосан жорий этиладиган яна бир янгилик вилоятимиз ҳокимлиги ҳузурида 10 та штат бирлигидан иборат Саноатни ривожлантириш лойиҳа офиси ташкил қилинишидир. Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур тузилма зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган экан, уларни бажариш чоғида ушбу лойиҳа офиси саноат соҳасида фойдаланилмаётган захираларни аниқлаш ва уларни сафарбар этишни назарда тутувчи саноатнинг жадал ривожланиши концепциясини ишлаб чиқиб, Қашқадарёнинг ҳар бир ҳудудини ўзаро узвий ҳолда ривожлантириш  орқали вилоятни республикада саноати ривожланган ҳудудга айлантириш чораларини кўради. Айни пайтда замонавий конструкторлик ва  тажриба бюроларига эга бўлган "Илдам ривожланувчи инновацион саноат зоналари"ни барпо этиб, инновацион ва юқори технологияли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этади.

Мазкур тадбирлар амалга оширилиши учун зарур тажрибага эга бўлган нуфузли халқаро консалтинг компаниясини жалб қиламиз. Ушбу компания, ўз навбатида, "Илдам ривожланувчи инновацион саноат зонаси"ни ташкил этиш концепцияси ёки мастер-режасини ишлаб чиқади. Бу мақсадлар учун республика бюджетидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Сирасини айтганда, давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарори Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Президент ва ҳукумат томонидан аввал қабул қилинган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда воҳамизнинг яқин икки йил ичидаги юксалишининг асосий йўналишлари белгиланган ва аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этадиган кўплаб чора-тадбирлар жамланган.

Шу ўринда вилоятнинг саноат тармоқларида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам қисқача айтиб ўтсам. Биз ҳудудий саноат тармоқларини ривожлантиришни 3 тоифага бўлиб, ҳар бир саноат йўналиши бўйича алоҳида олдимизга аниқ вазифалар белгилаб олганмиз.

Биринчи йўналишда қамраб олинган - тўқимачилик, қурилиш материаллари, ёғ-мой саноати, ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳалари вилоятимизда анча ривожланган тармоқлар ҳисобланади. Биз энди бу соҳаларда маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ва янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида ишлаймиз. Тўқимачилик тармоғи яхши ривожланган Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳамда Қарши, Косон, Яккабоғ туманларида кейинги босқичларда матони бўяш, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини брендлаштириш бўйича фаолият олиб борилади. Қурилиш материаллари тармоғида Китоб, Деҳқонобод туманларида мавжуд табиий хомашёларни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда.

Иккинчи йўналиш бўйича ривожланаётган тармоқлар сифатида электротехника, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, чинни маҳсулотлари ишлаб чиқариш, гиламчилик, заргарлик, мебелсозлик, қоғоз саноати, кимё ва фармацевтика тармоқларида алоҳида чора-тадбирлар белгилаб, ишлар олиб боряпмиз. Мисол учун, электротехника   саноатида 2023 йилнинг ўзида 18 миллион  долларлик 7 та лойиҳа ишга туширилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткични 5 баробарга ошириб, 101 миллион долларлик 18 та лойиҳа ишга туширилади. Кимё  саноатида 2023 йилда ҳудудда 13 миллион долларлик 19 та лойиҳа якунланган, 2024 йилда эса 107 миллион долларлик яна 18 та лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган. Мисол учун, "Муборак сулфур" корхонасида   5 минг тонна олтингугуртни қайта ишлаш йўлга қўйилади.

Шунингдек, вилоятимизда фармацевтика саноатида ҳам туб бурилиш ясалмоқда. Бу соҳада бир неча йил муқаддам бирорта ишлаб чиқариш корхонаси йўқ эди, энди уларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Мисол учун, Яккабоғ туманида "Бургут Фарм" корхонаси негизида қадоқланган меновазин, бодом ёғи ва спирт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2024 йилда 25 миллион долларлик 6 та лойиҳа ишга туширилади.

Истиқболдаги йўналиш сифатида вилоятимизда мавжуд бўлган, лекин ҳали фойдаланилмаётган хомашё захираларини ишлатишни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга оширамиз. Мисол учун, кўмир, олтингугурт, маданли туз ишлаб чиқариш, янги конларни ўзлаштириш, доривор ўсимликлар, гилам ишлаб чиқариш, гўшт, сут, тери, жун ва мевани қайта ишлаш бўйича истиқболли лойиҳалар шулар жумласидандир.

Кўриниб турибди, Қашқадарё улкан ўзгаришлар оғушида. Биз ўзимизда мавжуд улкан имкониятлардан илм-фан, аниқ режалар асосида самарали фойдаланиб, элимизга манфаат келтирадиган катта натижалар сари интилаяпмиз.  Ана шу доирадаги изчил ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишда ўз меҳнати, салоҳияти ва иқтидори, фазилатлари билан улуш қўшаётган барчага самимий миннатдорлик билдираман. Ишончим комилки, биргаликда олдимизда турган янги марраларни ҳам албатта забт этамиз.

Report typo