Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

З.НАЗИРОВА

30.07.2019


БОБУР ҲАЁТИ - ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРИ ИЖОДКОРЛАРИ ТАЛҚИНИДА

Куни кеча вилоят мусиқали драма театрида ушбу саҳна асари намойиши бўлиб ўтди.

- Тарих - ойна, унга қараган киши ўзини, томирларида оқаётган қонни,  аждодлари қудратини кўради ва уларга муносиб бўлиш масъулиятини ҳис қилади, - дейди саҳналаштирувчи режиссёр Ғайрат Ҳамроев. - Бобур ҳаёти саргузаштларга бойлиги билан ҳамиша мени ўзига тортарди. Узоқ йиллар давомида унинг ҳаёт йўлини ўргандим, ибратли воқеаларни тўплаб юрдим. Қарши давлат университетининг бобуршунос олимлари билан маслаҳатлашиб, спектаклни тайёрладик.

Асарда воқеалар ривожи Ҳиндистон, Андижон ва Самарқандда бўлиб ўтади. Юрт ишқи, Ватан соғинчи қийнаётган шоҳ Бобур Ҳинд диёрида дилини хуфтон қилган ҳар қандай воқеа-ҳодисага  ақл-идрок, босиқлик билан ёндашади. Мусофирчиликдаги азобларига она Ватанда кечган илиқ хотиралари билан малҳам қўяди. Саҳна безаклари ҳам воқеалар ривожига қараб, ҳинд ёки ўзбек қадриятларига мутаносиб тарзда ўзгариб бораверади. Қўғирчоқларнинг либослари, куй-қўшиқлар моҳирлик билан танланганки, бу билан ёш томошабин воқеаларни тўлароқ англайди.

- Бобур болалигида ҳам жуда ақлли бўлган экан, - дейди ўн ёшли Зиёда Иброҳимова. - Унинг устози билан суҳбати жараёни менга ёқди.

Спектакль янги ўқув йили бошланиши билан вилоятимиздаги мактабларда намойиш этилиши кўзда тутилган.  

З.НАЗИРОВА

Муаллиф олган сурат.

Report typo