Малайзияда икки фарзанднинг онаси уларни икки кун уйда ёлғиз қолдиргани сабаб қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб ёзади World of Buzz манбаси.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари 41 ёшли аёл бири эндигина 14 ойлик бўлган икки ўғлига етарли даражада ғамхўрлик қилмагани айбини тан олгач, бир ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар тарқатган.
Аёлнинг қилмиши маҳаллий аҳоли вакилларидан бири ҳуқуқ-тартибот идорасига олти ёшли бола ва укаси уйида қамалиб қолгани, уларнинг онаси эса икки кундан буён қайтмагани ҳақида хабар қилгач, маълум бўлган.
Она ўзининг узоқ вақт уйда бўлмаганини ишдаги вазифаларини бажариш зарурияти билан изоҳлаган. Бироқ тергов унинг фарзандларини қаровсиз қолдириш қарори улар ҳаётини хавф остида қолдирганини исботлаган.
Мамлакат прокурори ўринбосари Муҳаммад Хайруликром Хайриддиннинг таъкидлашича, қаттиқ жазо тайинлаш нафақат зарур, балки "бошқа ота-оналарга ҳам сабоқ бўлиши керак".