Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИ - ТАДБИРКОРЛАР МУАММОСИНИ ҲАЛ ЭТИШДА ЯНГИ ТИЗИМ

М.ЖЎРАЕВ

04.06.2019


БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИ - ТАДБИРКОРЛАР МУАММОСИНИ ҲАЛ ЭТИШДА ЯНГИ ТИЗИМ

Аҳамиятлиси, бу каби тўсиқларни олиб ташлаш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, аҳолининг тадбиркорликка иштиёқини янада рағбатлантиришда яна бир муҳим қадам қўйилди. Давлат раҳбарининг жорий йил 14 майдаги "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бунга кенг йўл очди. Ҳужжатга асосан, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилмоқда.

Қарши шаҳри ва Ғузор туманларида бўлиб ўтган тадбирлар ана шу фармон мазмун-моҳиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектлари орасида кенгроқ тарғиб қилишга бағишланди. Учрашувлар Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан ўтказилди. Уларга Қарши шаҳри, Қарши, Миришкор, Нишон, Ғузор, Қамаши ва Деҳқонобод туманларидан жами 150 га яқин тадбиркор жалб этилди.

- Бу тизим кенг жорий этилгач, ўзини қийнаётган масала бўйича тадбиркорлар, чет эл инвесторлари бевосита ушбу қабулхоналарга мурожаат қилиши мумкин бўлади, - дейди  Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Мамажонов. - Қабулхоналар барча ҳудудларда фаолият бошлайди. Уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди. Улар ишбилармонларни тўғридан-тўғри қабул қилади, шунингдек, видеоконференц алоқа тарзида сайёр қабуллар уюштирилади. Бу тузилма тадбиркор, хорижий инвесторнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари поймол этилишига йўл қўймайди. Мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этади. Тегишли давлат органлари ва бошқарув идоралари томонидан мурожаатлар тўлақонли ечим топишини назорат қилади.

 Иштирокчиларга ушбу янги тизим қандай ишлаши, мурожаат қилиш тартиб-таомиллари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳга тадбиркорлар ўз муаммоларини билдиришди. Мисол учун, Қарши шаҳридаги "Юсуфжон ҳамкор бизнес" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер    Намозов "ноль" харид қийматида бўш турган бино олишда ёрдам сўради. Мақсад - фаолиятни янада кенгайтириш. Ғузор туманидаги "Шуҳрат Д" хусусий корхонаси раҳбари Шуҳрат Усмонов келгусида полиэтилен маҳсулоти ишлаб чиқариш ва пахта титиш цехларини ишга туширмоқчи. Айни пайтда ишбилармон бино қуриш учун 1 миллиард сўм миқдорида молиявий кўмакка муҳтож. Ушбу маблағни имтиёзли кредит кўринишида олиш истагида.

Шу куни тадбиркорлардан 100 дан зиёд мурожаат қабул қилинди. Энг қайноқ масала тижорат банкларидан кредит олиш билан боғлиқ экани аҳамиятлидир. Айрим муаммолар туман ва вилоят даражасида ҳал этилиши белгиланган бўлса, қолгани республика миқёсида кўриб чиқилиши назоратга олинди.

Худди шундай учрашувлар Косон ва Шаҳрисабзда ҳам ўтказилди.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo