Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

12.10.2021


БУ ДУНЁДА МУСОФИР КАБИ БЎЛ

Ричард Фрэнсис Бёртон исмли шахс 1821-1890 йилларда яшаган, шоир, ёзувчи, таржимон, тилшунос, саёҳатчи сифатида танилган. Инглиз мустамлакачилари сафида Ҳиндистон, Арабистон ва Африкада ишлаган, жосуслик фаолияти билан шуғулланган. Ҳинд, араб адабиётидан, хусусан, "Минг бир кеча"ни инглиз тилига ўгирган.

Маълумотларга кўра, Бёртоннинг отаси офицер, иккала бобоси эса руҳоний бўлишган. Оиласининг ярми ирландиядан. Келиб чиқиш ва жамиятдаги мавқе хилма-хиллиги Бёртон табиатида ҳам из қолдирган. Табиатан ўжар бўлгани боис армия сафларида тепага кўтарилмайди. Бўладиган гапни айтганда, у бирданига генералликка тайинланиши лозим бўлган ёхуд ҳайдаладиган аскарлар хилидан эди. Яъники ўта қобилиятли экани сабаб унча-мунчага бўйин эгиб кетавермайди. Бёртон дунёга таниқли шахслардан саналади.

Қуйида Ричард Фрэнсис Бёртон фаолиятидан ҳикоя қилувчи, фақат автобиографияга таяниб қолмаган роман - немис ёзувчиси Илия Троянов қаламига мансуб "Оламлар соҳиби" асаридан эътиборга молик лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

Асар воқеалари Ҳиндистон, Арабистон ва Шарқий Африкадаги Занзибар давлатида кечиши билан чинакам адабиёт муҳиблари баробарида саргузашт ишқибозлари диққатини тортади.

Роман муаллифи Илия Троянов Болгарияда таваллуд топган, ота-онаси билан Германияга кўчиб борган, узоқ муддат Африка ва Ҳиндистонда яшаган. Бертельсман номидаги адабиёт мукофоти, Берлин адабиёт мукофоти, Генрих Белл номидаги мукофот билан тақдирланган.

"Оламлар соҳиби" романида ҳукмронлик кучи, турли давлатлардаги эътиқод кўринишлари, уларнинг бир шахс тимсолидаги таҳлили, воқеаларнинг кутилмаган ривожи ва фалсафий мушоҳадаларга гувоҳ бўласиз. Дунёни кезиб чиққан ва турли қиёфаларда турли шахс тимсолида яшаган, динларни чуқур ўрганган Бёртоннинг охир-оқибатда мусулмон бўлгани ҳайратингизни ошириши шубҳасиз.

Тахминлар ишораларга, ишоралар тизимларга, тизимлар шахсларга, нотаниш шахслар исм-шарифи, фазилатлари ва ўз тарихига эга одамларга айланиб боради.

* * *

Инсоният сўқмоғи кўнгил суст кетадиган нарсаларга тўла.

* * *

Инсон ўзига ноил бўлган марҳаматни англаб етиши зарур.

* * *

Фасллар Ҳиндистонда эгасиз уйни вайронага айлантиради.

* * *

Одамлар ўз майнавозчилигига шунчалар ишонадики!

* * *

Вақтни зое кетказмасликнинг биргина йўли тил ўрганиш эди. Тил билиш қуролга тенг. Бу қурол ёрдамида у ўзини зерикиш чангалидан озод қилиши, мансаб пиллапояларидан кўтарилиши, мураккаброқ топшириқлар сари қадам ташлаши мумкин эди...

Шотландиялик бир офицернинг сира талаффузи келишмас, у гапирганида юртдошлари зўрға тушунишар, ерликлар бўлса умуман тушунишмасди. У ҳинд тилида мурожаат этса, ерликлар инглиз тилини билмаслигини айтиб узр сўрашар, бирпас кутиб туришини илтимос қилиб, таржима қилгани бошқа бирини чақириб келишарди.

* * *

"Бёртон соҳибнинг нияти ҳақиқий олимнинг қўлида таълим олиш эди. Ҳар учта саволдан биттасига жавоб беролмайдиган устоз қаршисида ўтириш ниятим йўқ, дерди у".

* * *

"Ҳамма сўзларнинг ўзаги санскритдан бошланади. Фил сўзини олайлик. Санскритда бу "Pilu". Қаери ўхшайди деяётгандирсиз? Унда мен билан Эронга юринг, у ерда "Pilu" "Pil"га айланган, чунки форслар сўз охиридаги унлиларни ташлаб кетишган. Араб тилига "фил" бўлиб кирган, чунки бу тилда "п" товуши йўқлиги сизга, шубҳасиз, маълум бўлса керак. Юнонлар бўлса араб тилидан келган ҳар бир сўзга -as қўшимчасини қўшишади. Ундошларнинг сурилишини инобатга олсак, қарабсизки, "Elephas" пайдо бўлади. Сиз билган "Elephant"гача этимологик нуқтаи назардан яна бир қадам".

* * *

Моддийликдан йироқлаштирилган совға - жуда қизиқарли ғоя.

* * *

Илгарилари шогирдлар бир қучоқ ўтин билан устоз ҳузурига боришганки, бу уларнинг илм гулханида ёнишга тайёр эканликларини билдирган. Устознинг изидан бориб, илм сўқмоқларининг ниҳоясига етгач ўз мустақил йўлингизга қадам боссангиз бўлади.

* * *

...истисно кучсизликдан далолат беради.

* * *

 Раҳмат пулга ўхшайди. Инсонлар бир-бирларини яхшироқ танисалар ундан-да қимматлироқ нарса беришлари мумкин.

* * *

"Ўша одам бир нотаниш қизга нисбатан ишқ ўтида ёнмоқда эди ва у эркак учун дунёдаги энг муҳим инсонга айланганди. Остона ҳатлаб кўчага чиқса, ортидан пойлар, бутун хаёли қизда бўлиб, уни кўздан қочирмас эди. Ўша қизсиз дунё унга қоронғи, хаёллари доим у билан банд эди. Кунлардан бир куни бор шижоатини тўплаб, кўчада қизни тўхтатиб, унга ҳаяжон тўла овозда изҳори ишқ қилди. Унинг муҳаббат ҳақидаги сўзлари интиҳосиз эди. Ниҳоят, қиз унинг гапини бўлиб жилмайди. Эркакнинг хаёлида ортиқ тун бўлмайдигандек туюлди. Тасаввур қилганидан минг чандон нафисроқ овозда қиз унга сўзларининг нақадар ажойиблигини, бундан унинг боши осмонга етганини, аммо у бундай муҳаббатга нолойиқ эканлигини, чунки унинг ортидан келаётган синглиси ундан-да гўзалроқ, мафтункорроқлигини айтди. "Унга бир нигоҳ ташлашинг билан мендан уни аълороқ кўрасан", - деди. Шу заҳоти муҳаббат ўтида куйиб кул бўлаётган эркак кўзларини бир зум маъшуқасидан узиб, таърифланган сингилга бир синовчан нигоҳ ташлади. Маъшуқаси: "Бир умрлик муҳаббатинг ҳали шумиди, мендан ҳам гўзалроқ аёл дарагини эшитишинг билан кўзларинг уни қидиради, сендақалар муҳаббат нималигини қаердан билсин?" - деб унинг бошига бир мушт туширди".

* * *

Инсонни ўз эътиқодини ўзгартиришга мажбур қилиш охири йўқ жиноят.

* * *

"Рақибни яхши билишгина бизни кучли қилади, биз билимларимизни оширишимиз керак, - дерди генерал. - Билимга чанқоқлик бизни ерликлардан ажратиб туради. Улардан бири биз ҳақимизда кўпроқ билишга бел боғлаганини эшитганмизми? Аммо бир кун келиб улар бизнинг нозик жойларимизни, қўрқувларимизни ўргансалар бизга оғриқли зарба беришлари тайин. Ўшанда улар муносиб рақиб даражасига кўтарилишади ва биз улар билан ҳисоблашишга мажбур бўламиз".

* * *

"Британия Ҳиндистонидаги бошқарувимиз қай мақсадга хизмат қилади? Ерларни эгаллашми? Халқларнинг фаровонлигигами? Адолатгами? Буларнинг бари ёлғон. Ҳақиқатни тан олайлик. У талон-торож айлашни енгиллаштиришга хизмат қилади... Бу қотилликлар, ўлимлар савдода рақибларимиздан кўра ҳал қилувчи устунликка эга бўлиш учун. Шунча азоблар аҳмоқлар ҳукмронлиги пойдеворини мустаҳкамлаш учун. Биз эшаклар галактикасида яшаймиз".

* * *

Тажриба чапдастликка ўргатади.

* * *

Қўрқув ҳисси ишончсизлик туғдиради, ишончсизлик бўлса сохталикка олиб келади.

* * *

Мен - ҳамма, ҳамма - мен деган фикр нақадар таскинли!

* * *

Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: "Бу дунёда мусофир каби бўл".

* * *

Қудратли бўлиш ҳар доим ёқимли.

* * *

Рўза тутиш оч қолиш билан баробар эмас.

* * *

Инсон ўз моҳиятига қарши иш қилишидан ёмон нарса йўқ.

* * *

Аҳмоқлар ҳамма нарсани бир идишда ўлчашади, кейин шакли нотўғри экан деб уни синдириб ташлашади.

* * *

Ният аниқ бўлмаса, сўзлар маъно касб этмайди.

* * *

Шер, бўри ва тулки бирга овга чиқишибди. Улар ёввойи эшак, жайрон ва бир қуённи тутишибди. Шер бўридан ўлжани тақсимлашни илтимос қилибди. Бўри сира иккиланиб ўтирмай шерга: "Эшак сизга, жайрон менга, қуён дўстимиз тулкига бўлсин",  дебди. Шер панжаси билан бўрининг бошига урган экан, боши танасидан ажраб кетибди. Кейин у тулкига мурожаат қилибди: "Қани, энди сен ўлжани тақсимла-чи!" Тулки шерга чуқур таъзим қилиб, мулойим овозда: "Ҳазрати олийлари, тақсимлаш жуда осон. Эшакни тушликка, жайронни кечки овқатга ейсиз. Қуённи таомлар оралиғида тамадди қилиш учун қолдирсак, нур устига нур бўлади", деб жавоб қилибди. Шер мамнун бош ирғабди. "Одобинг ва фаросатингга тасанно, айт-чи, сенга бу борада ким сабоқ берган?" деб сўрабди. Тулки: "Бўрининг калласи", деб жавоб берибди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo