Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

27.04.2021


БУ ЙИЛ ВИЛОЯТДА ХУСУСИЙ БОҒЧАЛАР НЕЧТАГА КЎПАЯДИ?

Матбуот анжумани

Мамлакатимизда хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил этила бошланган 2018 - 2019 йилларда кўплаб тадбиркорлар  соҳага қизиқиш билдирган. Уларнинг бир қисми бу борада ташаббусини амалга оширган бўлса, яна бир қанча ишбилармонларнинг тайёр лойиҳалари молиялаштирилмасдан қолиб кетганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 апрелдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,  2018 - 2019 йилларда имзоланган ва бугунги кунга қадар молиялаштирилмасдан келаётган лойиҳалар учун маблағ ажратилиши белгиланган.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бошқарма бўлим бошлиғи Дилшод Азимов маълум қилди.

-   Мамлакатимиз бўйича 241 та ана шундай давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга кредит маблағлари босқичма-босқич ажратиладиган бўлди, - дейди у. - Вилоятимизда ҳам 9 та шундай битимлар тузилган ва уларнинг барчаси молиялаштириладиган бўлса, бу  тадбиркорларимиз учун катта имконият бўлади. Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу битимлар учун кредит маблағи 7 йиллик муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан берилиши ва бунинг молиялаштириш манбалари ҳам кўрсатилганлиги соҳа учун қувонарли ҳол, албатта.

Дилшод Азимовнинг қўшимча қилишича, жорий йилда вилоятда 144 та ташаббускор тадбиркор билан давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича битимлар имзоланган эди. Шундан 420 ўринли 6 та лойиҳа рентабеллик даражаси пастлиги сабабли бекор қилинган бўлса, қолган 138 та лойиҳанинг 109 таси шу кунга қадар тўлиқ фойдаланишга топширилган.  Яна 9 лойиҳа лицензия олиш босқичида. Қолган лойиҳалар бўйича қурилиш-таъмирлаш  ишлари олиб борилаяпти ва улар 2021 йил иккинчи чорагида фойдаланишга топширилади.

Ушбу лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши натижасида жорий йилнинг ўзида вилоятдаги мавжуд мактабгача таълим муассасаларининг умумий қуввати камида 13 минг 500 ўринга ортади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo