Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июнь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

14.03.2022


БУГУН – АМАЛИЁТЧИ, ЭРТАГА – МУТАХАССИС

 

Таълим ва ислоҳот

     Яқинда “Uzbekistan GTL” корхонаси томонидан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётларига қабул қилиш учун танлов ўтказилган эди. Танлов доирасидаги саралаш имтиҳонлари ўтган ойда якунига етди. Якунда жами 800 нафар иштирокчидан 102 нафари ушбу корхонада кенгайтирилган амалиёт ўташ имкониятига эга бўлди. Улар орасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари ҳам бор. Бу ёшлар айни пайтда амалиёт машғулотларига киришган.

Шу муносабат билан институтнинг нефть ва газ ҳамда саноат технологияси факультетлари деканлари, “Нефть ва газни қайта ишлаш технологияси” ҳамда “Технологик машиналар ва жиҳозлар” кафедралари мудирлари “Uzbekistan GTL” заводида бўлиб, амалиёт жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

- Амалиёт танловида энг юқори натижа кўрсатган иқтидорли ёшларнинг 40 нафари, яъни 39 фоизи Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси эканлиги бизни қувонтиради, албатта, - дейди нефть ва газ факультети декани Зафар Суннатов. – Улар бу ерда ўз устида ишлаб, тажриба орттирадилар, келгусида мазкур корхонанинг ишчиси бўлиш учун ҳаракат қиладилар. Бунинг учун талабалар амалиётни муваффақиятли ўташлари лозим.

Дарҳақиқат, амалиётда ўз иқтидори, меҳнатсеварлигини намойиш этиб, кўникмаларини амалда қўллай олган талабалар жорий йилнинг июль-август ойларида шу ернинг ўзида иш ўрганувчи ходим сифатида ишлаб, муддатли меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилиниши мумкин. Албатта, бу талабалар учун катта имконият.

Айни пайтда амалиёт ўтаётган талабаларга заводдаги технологик жараёнлар ҳақида дастлабки тушунчалар берилаяпти, лаборатория жиҳозларидан фойдаланиш ва технологияларнинг ишлаш принциплари бўйича машғулотлар ўтказилаяпти.

Абдураззоқ МУРОДОВ

 

 

Report typo