Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

27.04.2023


БУХОРОНИНГ СЎНГГИ АМИРИ КИТОБ ЁЗГАНМИ?

Сараланган сатрлар

Яқин тарихдан биламиз, Амир Олимхон 1881 йилда Карманада туғилган. 12 ёшида Санкт-Петербургга ўқишга бориб, уч йил таҳсил кўради. Бугунги тил билан айтганда, сиёсий фаолиятини 1898 йилда Қарши ҳокими сифатида бошлайди. Сўнг Карманада ҳокимлик қилади. Отасининг вафотидан сўнг, 1910 йилда Бухоро амирлиги тахтига ўтиради.

Тарихчиларнинг қайд этишича, Олимхон даврида амирликнинг Россияга қарамлиги янада кучайган. Тараққийпарвар кучлар, шунингдек, "Ёш бухороликлар" таъқиб қилинган. Биринчи жаҳон уруши даврида Россия императори Николай II уни генерал-лейтенант ҳарбий унвони билан тақдирлаган ва ўзининг генерал-адъютанти қилиб тайинлаган. Бунга сабаб, амир Россияга катта миқдордаги пул билан ёрдам берган.

Бухорода 1917 йил апрелда юз берган намойиш, 1918 йил Колесов воқеасидан кейин у амирлик ҳудудида 3 минг кишини жадидликда айблаб, ноҳақ қатл қилдиргани айтилади.

Кўп ўтмай, аниқроғи, 1920 йил августида қизил армиянинг Бухорога босқини натижасида амирлик тузуми ағдариб ташланади. Шундан сўнг Амир Олимхон Ҳисор вилоятини ўзига қароргоҳ қилиб, 6 ой давомида қизил аскарларга карши курашади. Унга ёрдамга Фарғонадан 4 минг йигит келиб, қўшинлари сони 25 минг кишига етади. Бироқ қатор жангларда мағлубиятга учрагач, Олимхон Амударё орқали Афғонистонга қочишга мажбур бўлади.

Афғонистон амири Омонуллахон Олимхон доимий яшаши учун махсус қароргоқ ажратиб беради. Олимхон Афғон диёрида туриб ҳам Бухородаги озодлик ҳаракатига ғоявий раҳбарлик қилишда давом этади. Кейинроқ кўзи ожиз бўлиб, оғир дардга чалинади ва узоқ давом этган хасталикдан  кейин вафот этади.

Амир Сайид Олимхон ҳақида озми-кўпми биламиз, аммо у "Бухоро халқининг ҳасратли тарихи" деган китоб ёзганини ҳаммаям яхши билмаса керак. Табиийки, китоб амирнинг ўзини оқлаши кўринишида. Бироқ тарихнинг бир бўлаги сифатида ўқишга, ўрганишга арзийди.

Бухоро амири эсдаликлари 1927 йил сентябрда   ўзининг мутлақ вакили бўлмиш генерал Ҳожи Юсуфбий Муқимбий томонидан Миллатлар Иттифоқига тақдим қилинган.

"Франция, Италия, Германия, Англия ва Эрон вакиллари бу фавқулодда кишига нисбатан ҳурмат-эҳтиромда бўлдилар. Олийҳазрат Амир ўз навбатида Миллатлар Иттифоқи ҳайъатида инсон қадри ва ҳуқуқининг қадрига етишидан иккинчи марта мени Оврупога равона бўлишга буюрдилар. У киши баъзи буюк давлатлар бошлиқлари номига мен орқали мактуб йўлладилар", деб ёзади генерал. Яна қўшимча қилинадики: "Бу эсдаликларни ўқиган ўқувчилардан яна шу нарсаларни орзу этаман: шояд улар бизнинг бу муқаддас бурчимизни бажо келтиришимизга кўмак беришса ва Русия большевикларининг бизга нисбатан қилаётган барча туҳмат ва бўҳтонлари хақиқатдан холи эканлигини билиб олишса".

"Бухоро халқининг ҳасратли тарихи" китоби 1929 йилда Парижда француз тилида, кейинчалик форс тилида, юртимизда ўзбек ва рус тилларида, Тожикистонда тожик тилида чоп этилади.

*  *  *

Бухоро аҳолиси уч ярим миллион нафардан иборат. Унинг майдони 225 минг километр квадрат келади, яъни тахминан Италия майдони билан тенг. Унинг аҳолисининг асосий қисми ўзбек, туркман, қирғиз, қозоқ, тожик, яхудий ва араблардан иборат. Бухоронинг ғарбий қисми, хусусан, Амударё соҳилларидан ташқари жойлари экин экишга ва деҳқончилик қилишга қобил эмас. Аксинча дарёга яқин жойлар анча серҳосил ерлардир. Қашқадарё, Сурхондарё, Зарафшон, Кофирнаҳанг ва Ғийшлар теварагида деҳқончилик қилишади.

 *  *  *

Бухоронинг шарқий қисмини улуғ тоғлар ўраб турадики, улар   дунёнинг энг баланд тоғларидир. Ҳисор тоғларини ўраб олган қанчадан-қанча чўққилари борки, ундайлар жуда оз бўлиб, уларнинг баландлиги беш минг беш юз метрга етади. Бир-бирига занжир бўлиб уланган ерлари то олти минг бир юз метрга етади. Жумладан, Дарвоз тоғлари то Помир даштигача чўзилади.

*  *  *

Гарчи Бухоро мамлакати Русия давлати ҳимоясида бўлган бўлса-да, лекин у ўзининг қадимги мустақиллигини сақлаб қолган эди.

Бухоронинг ислом уламолари амирни пайғамбар халифаси ўринбосари, усул ва шариат ҳимоячиси деб биларди.

*  *  *

Аскарий ишлар эса тўпчибоши раҳбарлигида ўтар эди. Унинг вазифа даражалари ушбулар қароридан келиб чиқади: қушбеги, девонбеги, парвоначи, иноқ, додҳобий, тўқсоба. Учинчи Искандар (Искандар солис) нишони энг муҳим нишонлардан бири эди. Бухоро амири у билан мансабдор кишиларни ва ҳарбий офицерларни мукофотларди. Қуввайи қазоия-мамлакат тақдирини ҳал қилиш масаласи - амирнинг ўз қўлида эди. Бу Қуръон хукмлари ва ислом шариати қонунлари асосида юритилади.

*  *  *

Бухороннинг табиий бойликлари: тилло, кумуш, қўрғошин, мис, темирлар Бухорода кўп миқдорда топилади. Хусусан Шарқий қисмларда маъданлар борки, улар то шу маҳалгача ишлаб чиқилмаган. Табиий бойликлар ичида нефть, кўмир, гугурт, нашатирлар бор. Савдо-сотиқ ишида тери, юнг, шойи гиламлар - мамлакатнинг  ташқарига чиқарадиган асосий молларини ташкил этади.

*  *  *

Бухоро мевалари дунёга машҳурдир. Бухоро отлари, хусусан, қорабайир нави 1914 йилги урушда аҳамият қозониб, яхшилигини исботлади.

Бухоро амири қанчадан-қанча минг бош отни Русия давлатига берди. Ҳар хил фаслларда тоғу чаманзорлар ранг-баранг бўлганидан қўй, эчки, от ва туя сурувлари ўз ўтлоқларида мириқиб ўтлаб юришади.

*  *  *

Бухоронинг асосий савдоси Русия, Эрон, Афғонистон мамлакатлари билан бўлади.

Большевиклар инқилобидан олдин Бухоро савдоси фақат Русиянинг ўзи билан икки юз эллик миллион франкка етар эди. Лекин бахтга қарши юкларни элтиш воситаларининг бўлмаслигидан савдо ишининг ривожланишига катта тўсқинлик пайдо бўлди.

Ваҳоланки, қанчадан-қанча темир йўл воситалари мамлакатнинг бошидан оёғигача чўзилган эди.

*  *  *

1917 йил февраль инқилобидан сўнг большевиклар ўзларининг ёмон ниятда бўлган илк қадамларини тарғибот ва ташвиқот йўллари билан бошлаб юбордилар. Ичкаридаги можаропараст унсурлар билан ҳангома талаб унсурлар бир-бирлари билан тил бириктириб большевиклар билан ҳамкорлик қилишди. Улар хукумат учун кўп қийинчиликлар туғдирди.

*  *  *

Саййид Амир Музаффархон ўғли Саййид Амир Абдулаҳадхон 1859 йили Бухорода туғилди. У киши йигитликнинг дастлабки кезларида мамлакатда ислоҳот ўтказишга ўта майл пайдо қилган эди. 1883 йили учинчи Александрнинг тахтга ўтириши тантанасида иштирок этиш учун Москвага боради.

Янгиликларга қадам қўйиш, темир йўл, телеграф ва бошқа нарсаларни қуриш хусусида тажриба орттириш каби ишлар у кишини хос кишилар ва омма ўртасида шуҳратини яна ҳам ошириб юборган эди.

*  *  *

Бухоро давлати андак вақт ичида зарур ҳарбий чораларни кўриб, бирозгина тартиб-интизом ўрнатгач, исломда ҳаммазҳаб бўлганлиги жиҳатидан бир-бирига меҳрибонлик билан қараш оқибатида икки биродар (Афғонистон ва Бухоро) бир тану бир жон бўлиб қолди. Афғонистон давлати билан дўстлик аҳди тузилди. Шу жиҳатдан большевиклар жамоаси унга рашк билан қарар эди. Бордию агар аста-секин Бухоро ҳам зўрайиб тартиб-интизом даражасига эришиб қоладиган бўлса, бизнинг жумҳурият давлатимиз паришонҳолга тушиб қолиши ва ранжу кулфатга мубтало бўлиши турган гап, деб ўйлашди. Ваҳоланки, бизда етишмовчиликлар бор.

*  *  *

Большевикларнинг Бухоро давлатига бўлган муомаласи кундан-кунга ва борган сари қаттиқлаша борди. Улар Бухоро давлатига ғайриқонуний талаблар қўйиб, уларни ижро этилишини талаб қиладиган бўлишди, улар қандай бўлмасин, бир амаллаб уруш бошлашни ўзларига ҳунар қилиб олишди. Улар ўринсиз равишда бухоролик фуқароларни йўл-йўлакай тутиб, уларни қамаб қўйишарди, ниҳоят, ислом давлатининг бу душманлари анчагина аскар ва қурол-яроғлар тўплаб, қўққисдан Бухоройи шарифга ҳужум қилишни истардилар.

*  *  *

Шу тариқа улар Бухоро аскарлари устига ёпирилиб келиб ҳужум уюштирдилар, шу билан урушни бошлаб юбордилар. Натижада вақт ярим кеча соат иккида анча аскар ва ҳарбий қуроллар жамлаб, тўп отиш ва ўқ ёғдириш билан бирга темир қалқонли аравалар - броневиклар, темир қопланган моторлар - бронепоездлар билан уруш бошлаб юбордилар. Улар ўн битта тайёра билан Бухоро шаҳри устида ҳавода парвоз этиб, бомба ёғдирдилар. Бу бандайи ожиз ўз аскаримни мажбуран олдинга - фронтга чиқариб, ихтиёрни тақдири илоҳийга топшириб, тўрт кечаю тўрт кундуз урушдик. Бу уруш асносида душман тахминан Бухоронинг ярмини тўп ва пулемётдан ўққа тутиб, кўп талафот етказди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo