Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

18.07.2024


Буюк Британия компанияси вилоятимиздаги бизнесини кенгайтирмоқчи

Қашқадарё ва дунё

Юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европада сотиш билан шуғулланадиган Буюк Британиянинг "AKS Services Group" компанияси Қашқадарёдаги фаолиятини кенгайтириш ниятида.

Бу ҳақда хабар тарқатган "Дунё" ахборот агентлиги яқинда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усманов "AKS Services Group" компанияси бош директори Ваис Каис билан учрашув ўтказганини маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, мулоқот давомида "AKS Services Group" компаниясининг Ўзбекистонда фаолият йўналишларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди ва хорижий томон билан турар жой мажмуаларини барпо этиш, шаҳарсозлик соҳаларида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Буюк Британияга экспорт қилиш, тоғ-кон саноати, таълим ҳамда мавсумий меҳнат миграцияси йўналишларида алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Маълумотларга кўра, "AKS Services Group" компанияси 2009 йилда Буюк Британияда таъсис этилган. У иқтисодий таҳлил, молиявий бошқарув, маҳсулотлар экспорти ва логистика хизматлари, жумладан, халқаро савдони рағбатлантириш каби соҳаларда фаолият юритади. Бундан ташқари, халқаро савдони ривожлантиришга доир семинар ва тренинглар ҳам ташкил этади.

"AKS Services Group" компаниясининг Китоб туманида минтақавий офиси фаолият юритмоқда. Беш йил олдин мазкур компания Ўзбекистон-Буюк Британия савдо-иқтисодий муносабатлари тарихида илк бор юртимиздан Лондондаги савдо тармоқларига гилос етказгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, бу бизнес субъекти Буюк Британияга Қашқадарё ва республикамизнинг бошқа вилоятларида етиштирилган мева ва сабзавотлар ҳамда қуритилган меваларни етказиб бериш ва сотиш билан шуғулланади.

Report typo