Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

20.10.2023


“Буюк ва муқаддассан, она тилим!” танлови ғолиблари аниқланди

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан йўлга қўйилган “Буюк ва муқаддассан, она тилим!” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Маълумки, глобаллашув шароитида миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш долзарб вазифа ҳисобланади. “Буюк ва муқаддассан, она тилим!” танлови тилимизни янада улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини кенг тарғиб этиш, бу борада фаоллик кўрсатаётган фидойи инсонларни рағбатлантириш, муҳим тажриба ва таклифларини амалда татбиқ этиш каби мақсад-вазифаларни кўзда тутгани билан аҳамиятлидир.

Танловда умумтаълим мактабларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари икки босқичда ғолиблик учун ўзаро беллашишди. Дастлаб туман, шаҳар босқичларида иштирокчилар иншо ёзиб, давлат тили қоидаларига риоя қилиш, имло хатоларига йўл қўймаслик, мавзунинг очиб берилиши каби мезонлар бўйича баҳоланди. Шунга кўра, ҳар бир ҳудуддан бир нафардан иштирокчи вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Танловнинг вилоят босқичи 3 шарт асосида ўтказилди. Дастлабки – “Ўзбекчаси бор-ку” шартида кундалик мулоқотда кўп қўлланадиган хорижий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини айтиш ва шарҳлаш сўралди. “Диктант” шартида иштирокчиларнинг саводхонлик даражаси аниқланди. Учинчи шарт – “Менинг фикрим” деб номланиб, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилаётганидан келиб чиқиб, ушбу масалани қандай тартибга солиш мумкинлиги бўйича иштирокчи томонидан аввалдан тайёрланган видеоролик кўриб чиқилди. Таклиф ва чора-тадбирларнинг аниқ ва амалда қўллаш мумкинлиги, теран ёндашув, тиниқ фикр ва сифатли тасвирга асосий эътибор қаратилди.

Якуний натижаларга кўра, Қамаши туманидаги 95-мактаб ўқитувчиси Насиба Иброҳимова 1-ўринни эгаллади. Миришкор туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси Ҳайитой Ҳомидова 2- ва Ғузордаги 44-мактаб ўқитувчиси Гулзира Шарипова 3-ўринни қўлга киритди.

Фаол иштирокчиларга ташаккурнома, китоб ва совғалар топширилди.

1-, 2- ва 3-ўрин соҳибалари эртага вилоят мусиқали драма театрида ташкил этиладиган тантанали маросимда тақдирланади.

Б.САЙФИЕВ

Report typo