Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 февраль, чоршанба. 2025 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар: ВОҲАМИЗ УЛУШИ ҲАТТО БИР ФОИЗГА ҲАМ ЕТМАЯПТИ

Темур НИЗОМОВ

23.01.2025


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар: ВОҲАМИЗ УЛУШИ ҲАТТО БИР ФОИЗГА ҲАМ ЕТМАЯПТИ

Долзарб статистика

Жорий йил 1 январь ҳолатида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони 140 тани ташкил этиб, улардан 79 таси қўшма, яна 61 таси эса хорижий корхоналардир.

Вилоят статистика бошқармасининг статистик регистрларни юритиш бўлими томонидан эълон қилинган маълумотларга қараганда, жорий йил 1 январь ҳолатида воҳамиздаги қўшма ва хорижий корхоналарнинг асосий қисми саноат (54), савдо (36) ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (24) каби соҳаларда бизнес юритиб келмоқда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг яна бир қисми қурилиш (10), ташиш ва сақлаш (3), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (2), яшаш ва овқатланиш хизматлари (1) ҳамда иқтисодиётнинг бошқа секторларида фаолият кўрсатади. 

Қашқадарёда хорижий сармоялар ҳисобидан фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг 29 таси (ёки қарийб 20,7 фоизи) Хитой Халқ Республикаси компаниялари ва тадбиркорлари иштирокида ташкил этилган бўлса, 24 таси (17,1 фоизи)да Россия Федерацияси, 13 таси (9,3 фоизи)да Туркия, 9 таси (6,4 фоизи)да Жанубий Корея ишбилармонларининг улуши мавжуд.

Ҳудудлар кесимида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг энг кўпи Қарши шаҳрида (33) ҳамда Муборак (13), Ғузор (12) ва Нишон (11) туманларида фаолият кўрсатмоқда. Мазкур кўрсаткич бўйича аутсайдерлар рўйхатидан Қамаши ва Миришкор (5 тадан), Шаҳрисабз тумани (4) ҳамда Шаҳрисабз шаҳри ва Кўкдала тумани (2 тадан) жой эгаллаган.

Энг ачинарли томони - кейинги икки йилда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг сони сезиларли даражада камайган. 2023 йилнинг бошида ушбу рақам 246 тани ташкил этган бўлса, ўтган йил 1 январь ҳолатида 162 тагача пасайган. Ҳозир мазкур кўрсаткич бўйича Қашқадарё мамлакатимиз ҳудудлари орасида фақат Хоразм вилоятини (133 та хорижий ва қўшма корхона) бироз ортда қолдириб, пастдан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг умумий сони (14871)да воҳамиз улуши (0,94 фоиз) ҳатто бир фоизга ҳам етмаяпти.

Қашқадарёда 2024 йилда янги ташкил этилган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони борасидаги аҳвол эса янада афсусланарлидир. Зеро, вилоятда ўтган йили атиги 27 та қўшма ва хорижий корхона тузилган ва бу республика миқёсидаги тегишли кўрсаткич (4200)нинг бор-йўғи 0,64 фоизини ташкил этади, холос...

Инфографика stat.uz сайтидан олинган.

Report typo