Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

23.06.2020


"ЧИДАСАНГ - ШУ" БИЛАН УЗОҚҚА БОРИБ БЎЛАДИМИ?

Ёхуд соатига "пул туғадиган" майдонлар нега бирданига "туғмай" қўяётгани хусусида

Нуқтаи назар

Ана шу мини стадион деганлари зап чиқди-да! Илгари кўпчилик ёши катталар қош қорайгач телевизор қаршисидан нари кетмас, ёшлар эса ҳали у ерда, ҳали бу ерда тўпланиб, бекорчиликдан бери келмасди. Ўз-ўзидан бундай ҳолатда катталар орасида қон босими, юрак касалликлари, ёшлар орасида эса жиноят, ҳуқуқбузарликлар кўпайиши тайин эди. Энди эса мини майдонлар бор жойларга бир қаранг, ёшу қарини кўрасиз.

Қизиқувчию қўлловчилар ҳам керагича. Албатта, бу иштиёқ, спортга бўлган рағбат 5-10 йилда ўз мевасини ҳам беради. Кичик миқёсда тобланган-пишган йигитлар ҳали жаҳон майдонларида тўп суриши шубҳасиз. Ривалдо, Роналдиньо, Муҳаммад Салоҳ каби юзлаб юлдузлар ҳам кўчада тўп тепиб-тепиб,   кейин машҳур бўлиб кетган-да.

Бироқ ҳозирги мавзумиз бу ҳақда эмас.

Гап шундаки, "миллионлар ўйини" кичик майдонларда урфга кирмоқда, юртимизнинг турли бурчакларида, олис қишлоқларда ҳам спортнинг мазкур турига қизиқувчилар, шуғулланувчилар истаганча топилади. Аммо ана шу авжга тескари равишда турли ҳудудларда сиз суратларда кўраётган манзаралар ҳам кўпайиб бораётгани ғалати.

Ҳувиллаган, тўшамалари йиртилган, тешилган, ери чўккан, қаровсиз, бу яқин ўртада шуғулланувчилар тугул, эгалари ҳам қадам босмаган майдонлар...

Кузатишларимизга кўра, бугунги кунда бундай майдонларда бир соат тўп суриш нархи 40 мингдан 70 минг сўмгача. Одатда ўйинлар кечки салқинда бўлишини ҳисобга олсак, стадион эгасига бир кунда ўртача 5-6 соат учун 200-250 минг сўм фойда келади, бир ойда эса 5-6 миллиондан кам бўлмайди.

Шундай экан, фойда аниқ ва мўмай экан, қаровсиз, абгор аҳволдаги майдонлар қаердан пайдо бўлаяпти?

Бу ҳақда мутахассислардан сўраб-суриштирсангиз, улар тўшаманинг сифатсизи ётқизилгани, ё бўлмаса, тагидаги зичловчи қисм мустаҳкам бўлмагани, чим гранулалари маълум вақтда ташлаб турилмаганини сабаб қилиб кўрсатишади. Буям нотўғри эмас.

Аммо асосий сабаб биргина шумикан?

Ана шундай майдонларда бир-икки марта тўп сурган, бевосита иштирокчи, кузатувчи сифатида шуни айтиш мумкинки, ушбу йўналишга ҳам маркетинг керак. Чунки ҳозирча айрим ҳудудларда рақобат у қадар кучли эмас ва мижозлар билан "чидасанг - шу" қабилида ишлайдиган стадион эгалари кўп топилади.

Яъни нимага "чидаш" керак? Оддийгина кийим алмаштириш, ювиниш хоналари йўқлигига, ақалли ичимлик суви келтирилмаганига, майдонда бирор ноқулайлик юзага келса, узоқ йиллар ўзгармай туришига, йилнинг фақат очиқ-сочиқ кунлари тўп суриш мумкинлигига ва ҳоказо...

Шундай стадионлар ҳам борки, қурувчиларнинг "маҳорати" билан "уровень" олинмай, қия қилиб қурилган ва у ерда бир-икки ўйнаб, оёғидан мадори кетган киши қайтиб бориши даргумон.

Бошқалари эса аҳоли яшаш пунктлари билан бақамти жойлашганки, тунги вақтда тўпиллаётган товуш ҳеч кимга ёқмаслиги аниқ ва бундай жойда майдондаги рақибга қарши кураш билан бирга,    ташқаридаги кишилар билан муросаю мадорани тенгма-тенг олиб бориш тақозо этилади...

Стадион қурилаётганда нега шу омил ҳисобга олинмайди? Яқинда қишлоғимизда ана шундай мини стадион ёнгинасида 2 сотихли турар жойларга пойдевор ташланганини кўриб, кўпчиликда таажжуб пайдо бўлди. Стадион-ку аввалдан бор эди, аммо улардан 5-6 метр наридан уй қурилиши нимаси? Бундай ҳолатда ё уйдан, ё стадиондан воз кечиш керак бўлади, наҳотки шуни ўйлашмаса?!

Тўғри, ҳозирча қишлоқларда битта-яримта мини стадионлар бўлгани ва рақобат йўқлиги учун зарур, бирламчи шароитларни яратишга у қадар шошилишаётгани йўқ. Шаҳарда эса рақобат борлиги сабаб шароити ва ҳолати бошқаларига нисбатан ҳамин-қадари табиий равишда "саф"дан тушиб қолаяпти. Майдон кўпайиб, одамларда танлаш имкони бўлаяпти ва ҳамма ўзини ўшандай стадионларга ураяпти. Талабга мос таклиф беролмаётганларда эса қаровсиз, абгор аҳвол ҳукмрон.

Хўш, бизга шу керакми? Албатта, йўқ. Қани ҳамма спорт масканлари кўнгилдагидек ишласа, тўлаган пулингизга яраша кўрган манфаатингиз ҳам шунга яраша бўлса?!

Шаҳарнинг қоқ ўртасида бўла туриб, абгор аҳволга келган, қулф осилгану, тешилган симтўрлари орасидан бемалол кириб-чиқиш мумкин бўлган айрим майдонларни кузатиб (шунақасини "Геолог" спорт-соғломлаштириш мажмуаси ва вилоят почтаси идораси томонда учратасиз), уларнинг эгаларига стадион эмас, каттагина ерни банд қилиб қўйиш муҳимга ўхшайди, деган ўйга ҳам борасан киши...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo