Қашқадарё одамлари
1974 йил сентябрь ойининг ўрталарида шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган истироҳат боғида катта қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Унга вилоятдаги туманларнинг барча колхоз ва совхозларидан бободеҳқонлар келишиб, ўзлари етиштирган сархил меваю узумлар, сабзавоту полиз маҳсулотларини намойиш қилишди. Ҳар бир туман кўчма ошхоналарни ҳам олиб келган. Тадбир иштирокчилари шаҳарликларга намунали хизмат кўрсатган кўргазма йигирма кунча давом этди.
Айни шу ойининг ўрталарида кечки пайт мазкур истироҳат боғида бахши-шоирларнинг илк республика кўрик-танлови ҳам бўлиб ўтди. Унда деҳқонободлик Қодир бахши Раҳимов биринчи ўринни эгаллаб, мутлақ ғолиб, деб топилди. Очиғи, Қодир бахши ҳақида биринчи марта отамдан эшитган, лекин ўзини ҳали кўрмагандим. Уйимизда магнитофондан бахши-шоирларнинг достон ва термаларини тинглаб, бахшичилик санъатига ихлос қўйиб қолганим ҳам рост гап.
Шу ўринда қизиқ бир ҳолатни ҳам айтиб ўтсам: бахши-шоирларнинг кўрик-танлови истироҳат боғи ичидаги очиқ саҳналарнинг бирида ўтказилаётганди. Одам ҳам унчалик кўп эмасди. Нари борса, юз чоғли киши тахта ўриндиқларда ўтириб, бахшиларнинг чиқишларини томоша қиларди. Бўш ўриндиқлар ҳам анчагина эди. Шу билан бир вақтда танлов ўтказилаётган жойдан тахминан юз-юз эллик қадамча нарироқдаги яна бир очиқ саҳнада қандайдир маҳаллий эстрада гуруҳи концерт бераётганди. ¤ша даврларда ҳам эстрада санъатига қизиқувчи ёшлар кўп бўлиб, саҳна атрофи анча ғуж эди. Агар иккала саҳна атрофини бир-бирига солиштирадиган бўлсак, бахши-шоирлар танлови ўтказилаётган саҳна тевараги хийла ғариб эди.
Бир пайт бошловчи навбатни деҳқонободлик Қодир бахши Раҳимовга берди. Узун бўйли, хипчадан келган киши қўлига дўмбирасини олганича саҳна ўртасига ўрнатилган микрофон ёнига келиб, курсига ўтирди ва "Алпомиш" достонидан бир парчани бошлаб юборди. Ҳаял вақт ўтмадики, биз ўтирган саҳна теварагида бирин-кетин одамлар кўпая бошлашди.
Қодир бахши жўшиб-жўшиб куйларди. Одамлар эса биз томонга дарёдай оқиб келарди. Бахши энди термалар куйлашга, сўнг эса бадиҳагўйликка ўтди. У ҳайъат аъзоларининг, ҳатто томошабинларнинг қиёфаларини оҳори тўкилмаган сатрлар билан таърифларди. Бу эса адоғи йўқ қийқириқларга сабаб бўларди.
Орқага ўгирилиб қарасам, барча ўриндиқлар тўлган, ўтирганлардан кўра тик туриб томоша кўраётганлар анча кўп. Томошабинлар шунчалик тирбанд эдики, уларни ёриб чиқишнинг ҳеч бир иложи йўқ. Қизиқсинганимча жойимдан туриб, эстрада концерти бўлаётган саҳнага нигоҳ ташладим: саҳна олдидаги ўриндиқларда атиги ўн чоқли томошабин ўтирарди. Бу ерда эса мингдан зиёд киши жамланди. Томошабинлар Қодир бахшининг ҳар бир авж пардасига чиқишини қарсаклар билан қийқирганча тинмай олқишларди. Мен шунда билдимки, бахши билан бахшининг ҳам фарқи бор экан. Кўп одамлар бахшичилик санъатига унчалик қизиқмайди деган гаплар беҳуда, аксинча, улар ҳамма вақт ҳам ҳақиқий санъатнинг шайдолари экан. Кўрик-танлов алламаҳалгача давом этди...
Кўрик-танлов поёнига етса ҳамки, томошабинлар анча вақтга қадар тарқалмай турди. Ҳаммадан кўра, менинг қалбим бир олам шодликларга тўлиб, ғурурланганимча талабалар ётоқхонасига қайтдим.
Абдуқаюм БЕККАМОВ,
Деҳқонобод тумани