Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

11.10.2019


ЧИНАКАМ ВАТАНПАРВАР ИНСОН

- Ёшлигимда мактабдаги устозларимга ҳавас қилиб, мен ҳам улардек ўқитувчи бўлишни орзу қилардим, - дейди у. - Акам шу соҳани танлагач, қалбимдаги орзу янада қатъийлашди. Мактабни тамомлаб, ҳеч иккиланмай Шаҳрисабздаги педагогика техникумига ҳужжат топширдим. 1986 йилда мазкур билим юртини тамомлаб, Қамаши туманидаги 52-ўрта мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида иш бошлаганман. Орадан бир йил ўтиб оиламиз билан Нишон туманига кўчиб келганмиз. Мен эса ўша йили шу ердаги мактабга ишга жойлашдим. Кейинчалик, Қарши давлат университетини тамомлаб, олий маълумот олишга ҳам эришдим. Хуллас, мана қарийб 33 йилдан буён шу даргоҳда меҳнат қилаяпман.

Мактаб остонасига эндигина қадам қўйган жажжи болаларнинг қўлидан тутиб, уларга ҳарф танитиш, саноқ ўргатиш, ҳаёт ва жамият ҳақидаги билимларини бойитиш, қолаверса, ҳақиқий ватанпарвар шахс этиб тарбиялаш осон иш эмас. Ўқитувчи бунинг учун юксак билим ва тажриба орттириб, астойдил меҳнат қилиши, доимий изланиши, интилиши, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши талаб этилади. Айни пайтда синфдаги ҳар бир боланинг ўзига хос феъл-атвори, истеъдод ва иштиёқларидан келиб чиққан ҳолда уларга бирдек муносабатда бўлиши, барчасини илм уммони сари бошлай билмоғи лозим.

Ана шу тамойилларга қатъий амал қиладиган Ҳафиза Жўраева ҳам ўз меҳнати самарасини шогирдлари эришаётган ютуқларда кўради. Доимо юқори натижалар сари ҳаракат қилишдан тўхтамайди. У ўқувчилари билан бир неча бор митти олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этиб, турли танловларда совринли ўринларни қўлга киритган.

2019 йил эса Ҳафиза Жўраева фаолиятида янада эсда қоларли йил бўлди. Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида бу фидойи аёл Президентимиз фармонига асосан Ватанимизнинг юксак мукофотларидан бири "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

- Чекка ҳудуддаги мактаблардан бирида ишлаётган оддий ўқитувчига шундай мукофотнинг топширилиши давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан таълим-тарбияга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир намунасидир, - дейди Ҳафиза Жўраева. - Бугун мактабимизда 1176 бола таълим олиб, 81 нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Менга берилган мукофот ана шу катта жамоанинг меҳнатига берилган рағбат, келгусида янада масъулият билан меҳнат қилишимиз учун билдирилган ишонч, деб биламан. Давлат мукофоти мени ана шу ишончга муносиб бўлиб, эртамиз ворисларининг ҳар томонлама камолга етишлари йўлида янада кўпроқ меҳнат қилишга, изланишга ундамоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

Report typo