Қарийб 3 минг йиллик тарихга эга бўлган ва ҳозир ҳам маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган Наврўз айёми Чироқчи туманида миллий қадрият ва урф-одатларимизга уйғун тарзда, ҳар томонлама муносиб даражада нишонланмоқда.
Мазкур ҳудуддаги асосий байрам тадбири Ҳайиткул кенгликларида ўтказилиб, унда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг никоҳ тўйи, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомлар кўргазмаси, улоқ-кўпкари, кураш ва бошқа миллий спорт турлари бўйича мусобақалар, варрак ўчириш каби халқ ўйинлари ташкил қилинди.
Фольклор-этнографик гуруҳлар ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, бахшилар, ижодкорлар ҳамда профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларининг иштироки тадбирга ўзгача файз бағишлади.