Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.11.2020


Дўкон олдидаги машинани акасиники деб ўйлаб миниб кетганмиш...

Машина олиб қочиш жиноятига одатда хориж фильмларида дуч келамиз. Аслида ўзимизда ҳам бундай жиноятлар содир бўлиб туради. Шу боис, автомашина ёки унинг салонидаги буюмларга биров кўз олайтирмаслиги учун зарур хавфсизлик чораларини кўриш даркор. Бу борадаги эътиборсизлик эса турли бошоғриқларга, ташвишларга сабаб бўлиши мумкин.

Шу йилнинг 11 ноябрь куни соат тахминан 20:25 да 41 ёшли А.Х. “Nexia-3” русумли автомашинада Қамаши тумани Ўзбекистон кўчасида жойлашган спиртли ичимликлар сотиш учун мўлжалланган савдо дўкони олдида тўхтаб, автомашинани очиқ ҳолда ва ўт олдиргичда калитини қолдириб, дўконга киради. Ушбу ҳолатни кўрган номаълум шахс қулай фурсатдан фойдаланиш мақсадида автомашинага ўтириб ҳайдаб кетади.

Ички ишлар ходимлари томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасига кўра, олиб қочилган автомашина туманнинг Поклик кўчасидан топилади. Бироқ машинадаги 600 АҚШ доллари йўқолиб қолганди. Олинган видеотасвирга кўра, автомашинани олиб қочган шахс 39 ёшли А.Ж. эканлиги маълум бўлди.

Шу тариқа А.Ж. ушланган вақтида, у автомашинани олиб қочган вақтда маст ҳолатда бўлганини ва дўкон олдидан ўтиб кетаётганида, “Nexia-3”ни кўриб, уни акасининг автомашинаси деб ўйлагани ва шунинг учун бошқариб кетганини билдирди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Ж.га нисбатан айблов эълон қилинган ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахсларга нисбатан 5-10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши кўрсатиб ўтилган”, дейилади Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти хабарида.

Report typo