Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шерзод РАҲИМОВ, Жамшид ПИРМАТОВ

23.02.2017


ДАРС ВАҚТИДАГИ “КОНТР СТРАЙК”

Интернет билимлар манбаи бўлиши билан бирга, унда шаҳвоний мазмундаги, зўравонликни, бузғунчиликни, айирмачиликни тарғиб қилувчи, ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини ўргатувчи бир неча минглаб сайтлар мавжуд. Айни вақтда кўпчилик болалар ва ўсмирлар онлайн тарзда тарқатиладиган порнография таъсирига тушиб қолмоқда. Интернет тармоқлари орқали турли диний экстремистик оқимларга даъват этиш ҳолатлари эса хавотирли масалалардир.

Бу эса ўз навбатида ота-оналардан, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддиларидан янада масъулиятли бўлишни тақозо этади. Шунингдек, бу ўринда компьютер хизматлари кўрсатувчи субъектлар вакиллари ҳам фақат фойдани ўйламасдан, бугун эътиборсиз қараётган ҳолат ортида ёшларимизнинг келажаги, тақдири турганини ҳис қилишлари лозим.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, юртимизда бу борадаги муносабатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солиниши белгиланди. Болалар назоратсиз интернетга кириши мумкин бўлган шохобчалар масъулларининг жавобгарлиги оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1882-модда билан тўлдирилган қисмида вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш, яъни ресторанлар, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатр, компьютер заллари, интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёки бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларининг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз кўрсатилган муассасаларда бўлишига йўл қўйиш маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши белгиланди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар мажмуасида ўқувчи-ёшларнинг дарс ва тунги вақтларда интернет-кафе ва компьютер клубларида бўлиши, маънавий-ахлоқий бузуқликни тарғиб этувчи сайтларга кириши ҳолатларини аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда рейдлар ташкил этиш, рейд вақтида аниқланган салбий ҳолатлар бўйича ушбу хизматларни кўрсатувчи субъектлар раҳбарларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда кескин чоралар кўриш белгиланди.

Бинобарин, ўсиб келаётган ёш авлодни шундай тарбиялашимиз керакки, улар ахборот маконига қадам қўйганида фақат ўзи учун зарур ва фойдали нарсани олсин, интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргансин.

Лекин бошқа бир масала ҳам бор. Компьютер хизматлари кўрсатувчи шохобчаларда назоратни кучайтирганимиз билан бола уйда ҳам бемалол глобал тармоқдан истаганича фойдаланиши мумкин. Шунинг учун ота-оналар фарзанди интернетга қай мақсадда кираяпти, нима кўраяпти, нима эшитаяпти, мунтазам бохабар бўлиб боришлари лозим. Тўғри, ижтимоий тармоқлардаги бемаъниликларга мойил бола назоратни ҳар қанча кучайтирганда ҳам интернетдан фойдаланиш йўлларини топади. Бунинг турли йўлларини излайди. Шунинг учун фарзандларимизни ёшликданоқ китобга, фойдали ишларга, спорт машғулотларига жалб қилиш юқори самара беради.

Шуни ёдда тутиш лозимки, бугунги глобаллашув даврида интернет тизими орқали менталитетимизга мутлақо ёт мафкура ва дунёқарашни ёшларимиз қалби ва онгига сингдиришга уринилаётгани реал ҳақиқат, бундан ҳеч ким четда эмас ва четда туролмайди ҳам. Мафкуравий хуружлар, аввало, ёшларнинг онгини заҳарлашга қаратилган бўлиб, “оммавий маданият” деб аталаётган иллат халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган одоб-ахлоқ, ибо, ор-номус, ирода, шарм-ҳаё, иффат-андиша каби фазилатларимизни нурсизлантириб, кўпминг йиллик миллий қадриятларимизга путур етказаётир.

Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган сўзлари бир аср аввал миллатимиз учун қанчалик муҳим ва долзарблик касб этган бўлса, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Буни доим ёдда сақлашимиз зарур. Зеро, бугун ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатишдаги энг қудратли куч интернет экан, болаларимизга компьютердан, интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргатишимиз, вақтни беҳуда сарфламасликка ундашимиз лозим. Бунда эса, аввало, ҳар бир ота-онанинг ўзи боласига ўрнак бўла олиши шарт.

Шерзод РАҲИМОВ,

Жамшид ПИРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.

Report typo