Камбағалликни қисқартириш
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида Камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ масалалар бўйича комиссия ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ўтган йил 29 ноябрдаги тегишли қарори ижроси доирасида тузилган мазкур комиссиянинг таркиби ва низоми Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг жорий йил 13 январдаги қарори билан тасдиқланди.
Комиссия таркибига вилоят Кенгаши депутатларидан ташқари бир қатор давлат органлари (вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси, вилоят прокуратураси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси), шунингдек, жамоат ташкилотлари (Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси ва "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими)нинг вакиллари ҳам киритилди. 13 нафар аъзодан ташкил топган янги комиссияга халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Олим Равшанов раҳбарлик қилади.
Низомда қайд этилишича, комиссиянинг асосий мақсади камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд аҳолига ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан депутатлик назоратини амалга оширишда маҳаллий Кенгашга кўмаклашишдан иборат. Ушбу мақсадга эришиш учун янги тузилма камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича белгиланган устувор вазифаларнинг маҳаллий ижро органлари томонидан бажарилишини ўрганади, таҳлил этади, муҳокама қилади ҳамда Кенгаш сессияси муҳокамасига олиб чиқиш бўйича таклифлар киритади.
Комиссиянинг бу борадаги фаолияти аҳолини камбағалликдан чиқариш йўналишлари бўйича мақсадли кўрсаткичлар ижросини таъминлаш; ҳудуднинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида тадбиркорликнинг ривожланишига туртки берувчи "драйвер" лойиҳаларга зарур инфратузилмани яратиш; оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, "Бизнесга биринчи қадам" дастурлари ҳамда микромолия ташкилотлари орқали кредитлар ажратиш; "Яшил маҳалла" лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи дастурларни рўёбга чиқариш; ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига энг оғир аҳволдаги камбағал оилаларни бириктириш орқали ушбу оилаларни камбағалликдан чиқариш каби йўналишларни қамраб олади.
Соҳада депутатлик назоратининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш учун 2026 йил 31 декабргача бўлган муддатга ташкил этилаётган бундай комиссия халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузурида ҳам фаолият кўрсатади.
Темур НИЗОМОВ