Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ДУНЁ ДАВЛАТЛАРИ ПАХТА ЕТИШТИРИШДА ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАР ҚАЙД ЭТМОҚДА?

ЖАҲОНГИР

30.10.2020


ДУНЁ ДАВЛАТЛАРИ ПАХТА ЕТИШТИРИШДА ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАР ҚАЙД ЭТМОҚДА?

Жаҳон тажрибаси

Бугунги кунда 97  мамлакатида пахта хом ашёси етиштирилади. АҚШ қишлоқ хўжалиги  вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йили ушбу мамлакатдунёнинг лар деҳқонлари томонидан жами 27,3 миллион тоннадан зиёд "оқ олтин" етиштирилган.

Ялпи ҳосилнинг асосий қисми Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Бразилия, Ўзбекистон  ва Туркия давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Кўплаб давлатлар пахта етиштирмаса-да, уни импорт қилиб, қайта ишлайди, айримлари эса фақат хом ашё етиштириш билан чекланади.

Хуллас, ўзининг қайсидир жиҳати билан дунё пахта саноатида  ном қозонган мамлакатлар талайгина. Қуйида улар эришаётган айрим ютуқлар ҳақида тўхталамиз.

Исроилда пахтадан рекорд миқдорда даромад олинмоқда

Исроилда қишлоқ хўжалиги ерлари кўп эмас. Пахта етиштириш учун эса янада кам майдонлар ажратилади. Шунга қарамай, бу давлат пахтачилик бўйича бир қатор рейтингларда етакчиликни қўлдан бой бермай келмоқда.  Жумладан, бир гектар майдондан энг кўп даромад олиш бўйича Исроил дунёда етакчи ҳисобланади. Буни қуйидаги таққосда ҳам кўриш мумкин.

Мисол учун, Исроилда ҳар йили ўртача 28 минг гектар майдонда пахта етиштирилади. Жорий йилда биргина вилоятимизнинг ўзида эса Исроилдагидан қарийб 5 маротаба кўп, яъни 135 минг 900 гектар майдонда пахта парваришланди. Бизда айни пайтда бир гектар ерда етиштирилган пахтадан олинадиган ўртача даромад 300 долларни ташкил этмоқда. Исроилда эса бу рақам 12 минг долларга етади.

Энди ҳисоб-китоб қилиб кўринг, вилоятимизда 135 минг 900 гектарда парваришланган пахтадан олинадиган даромаднинг умумий миқдори нари борса 41 миллион доллар атрофида бўлади. Исроиллик деҳқонлар эса биздагидан қарийб 5 маротаба кам ерга пахта экиб ҳам 336 миллион, яъни 8 баробар кўп фойда кўради.

Шу ўринда савол пайдо бўлиши мумкин: хўш, Исроил бу натижага қандай эришмоқда?

Биринчидан, исроилликлар ғўза парваришлаш учун кетадиган харажатларни максимал даражада қисқартиришга эришган. Мамлакатда ҳар 6-8 гектар пахта майдонига битта ишчи тўғри келади. Боиси, барча юмушларни замонавий техника бажаради. У ерда анъанавий усулда суғориладиган бир гектар ҳам пахта майдони йўқ. Барча майдонлар томчилатиб ёки парлатиб суғорилади. Ўғит сув билан берилади. Пахта ҳосилини қўлда теришни эса исроиллик  деҳқонлар аллақачон унутиб юборишган.

Иккинчидан, Исроилда пахта навларини танлашга жуда катта эътибор қаратилади. Бу давлатда касалликларга чидамли ва ҳосилдор бўлган кўплаб навлар мавжуд. Улар ҳар бир ҳудуднинг тупроқ, сув, иқлим шароитига қараб, алоҳида ва тизимли равишда экилади.

Учинчидан, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш борасида исроиллик мутахассислар энг юқори натижага эришмоқда. Бу борада бутун мамлакат бўйича яхлит тизим яратилган.

Тўртинчидан, сифат борасида исроил пахтаси жаҳон бозорида энг етакчи ўринларда қайд этилади. Шунинг учун ҳам нархи жуда қиммат. Бугунги кунда исроиллик деҳқонлар жаҳон бозорига энг узун ва ингичка толали пахта хом ашёси билан бир қаторда, табиий рангли пахта толаларини ҳам тақдим этмоқда.

Хитой - ҳосилдорлик бўйича етакчи

 Хитой энг катта майдонларда ғўза парваришлаш бўйича дунёда етакчи эмас. Аммо энг кўп пахта хом ашёсини етиштириш бўйича жаҳон мамлакатлари ичида биринчи ўринда туради. Бундан маълум бўладики, Хитойда ҳар гектар ердан олинадиган ҳосил миқдори  жуда баланд. Буни  қуйидаги рақамларда ҳам кўриш мумкин.

Маълумки, Хитой ўлчамида "гектар", "сотих" ўрнига хитойча "му" сўзи ишлатилади. Бир гектар ер салкам 15 муга тенг. Хитойда ҳар мудан 180 килограммгача ҳосил олинади.

Энди буни ўзимизнинг гектарга таққослаб кўрамиз.

Бунинг учун 1 мудан олинган ҳосилни 15 га кўпайтиришимиз лозим. Демак, Хитойда бир гектар ердан  2 минг 700 килограммгача тола олинади. Хитойликлар ҳосилдорликни ўлчашда хом ашёнинг чигитдан ажратилган соф тола қисмини тушунишини инобатга олсак,  улар бир гектар ердан қанчалик кўп ҳосил олишини чамалаш мумкин.

Чигитдан ажратилмаган, яъни бирламчи қайта ишланмаган пахта хом ашёси ҳосилдорлиги бўйича дунё рекорди ҳам Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятига тегишли. Шинжонликлар бир неча йил аввал бир гектар майдондан 12,6 тоннадан пахта ҳосилини олишиб, расмий рекорд қайд этишган эди.

Бугунги  кунда пахта Хитойнинг 35 вилоятидан 25 тасида етиштирилади. Мамлакатда 300 миллионга яқин одам пахта етиштириш хўжаликлари ва уни қайта ишлаш саноатида меҳнат қилади.

Хитойда йилига ўртача 5 миллион 500 минг тонна атрофида пахта хом ашёси етиштирилмоқда. Етиштирилган хом ашё деярли мамлакатнинг ўзида чуқур қайта ишланади. Бундан ташқари, Хитой  энг йирик пахта импортёрларидан бири ҳамдир.

Энг яхши тизим АҚШда

Қишлоқ хўжалигининг кўпгина соҳаларида дунёда етакчи мақомга эга бўлган Америка Қўшма Штатлари пахтачиликда ҳам ном қозонган.

Бугунги кунда ушбу давлат пахта хом ашёси етиштириш ҳажми бўйича дунё давлатлари орасида Хитойдан сўнг иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Шу билан биргаликда, Америкада пахта етиштиришнинг ўзига хос агротехникаси шаклланган. Бу ерда хом ашё етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни зарур техникалар билан таъминлаш, янги навлар яратилишини давлат томонидан рағбатлантириш бўйича жуда кучли тизим шакллантирилган.

Мисол учун, АҚШда пахта етиштирувчи деҳқон ва фермерлар ерни ижарага ёки сотиб олиб пахта етиштириши мумкин. Қолган ишларга давлат умуман аралашмайди. Хом ашёни кимга сотиш ҳам фермерларнинг ўз ихтиёрида.

Аксарият фермерлар ўзлари пахта толасини дастлабки қайта ишлаш имконини берадиган кичик заводларни қуриб олишган ёки ҳудуддаги бир неча фермерлар биргаликда шундай корхона барпо этишган. Улар тозаланган толани йирик ишлаб чиқарувчиларга эркин нархда пуллайди. Бу билан мамлакатдаги кўплаб текстиль корхоналарининг бир маромда ишлашини таъминлайди. Шу боис, давлат хом ашё етиштирувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Мисол учун, пахта етиштирувчи фермерларга катта миқдорда субсидиялар, узоқ муддатли кредитлар ажратилади. Зарур техникалар қулай шартларда етказиб берилади.

Бангладешда пахта экилмайди, аммо ундан даромад олинади

Жанубий Осиёда жойлашган Бангладеш халқ республикаси ўзининг пахта хом ашёсини қайта ишлаш саноати билан дунёга танилган.

Қизиғи, бу давлатнинг ўзида умуман пахта етиштирилмайди, аммо у жаҳоннинг етакчи маҳсулот етказиб берувчи "конвейер"ларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Бангладешда пахта толасини қайта ишлаш орқали йилига ўртача 35 миллиард доллар фойда олинмоқда. Бу айрим пахта етиштирувчи давлатлар олаётган даромаддан ҳам бир неча маротаба кўп.

Бангладеш йиллар давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта толасининг йирик истеъмолчиларидан бири ҳисобланган. Мисол учун, 2010-2015 йиллар давомида Ўзбекистонда етиштирилган пахта хом ашёсининг қарийб 60 фоизи Бангладешга экспорт қилинган. Бу мазкур  давлатдаги саноат корхоналарининг пахта толасига бўлган 40 фоиз эҳтиёжини қоплаган. Шунингдек, Бангладеш бошқа МДҲ ва Осиё давлатларидан ҳам катта миқдорда пахта толасини импорт қилиб, ўзида қайта ишламоқда.

Бу мамлакат тўқимачилик саноати тажрибаси давлатимиз раҳбари иштирокидаги йиғилишларда ҳам бир неча марта мисол тариқасида келтирилди ва бу тажрибани ўрганиш ва маҳаллий тўқимачилик корхоналарига малакали бангладешлик ходимларни жалб қилиш бўйича бир қатор вазифалар қўйилганди.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

 

Report typo