Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 август, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

03.12.2021


ДУНЁ ШУНДАЙКИ, ҲАР ҚАНДАЙ МУКАММАЛ ҚАРОР ҲАМ ШУБҲА ОСТИГА ОЛИНИШИ МУМКИН

Сараланган сатрлар

Аҳмаджон Мелибоев битикларида кенг дунёқараш, билим соҳиби, адабиёт билимдони, шу куннинг ҳавоси билан яшаётган шахс кўринади. Айниқса, ижод йўлида ўз ўрнига эга бўлишни истаган киши бор - Мелибоев китоблари, мақолаларини албатта ўқиши даркор.

Бугун ижтимоий тармоқлар асосий хабар ташувчига айланди. Сифат, савия эмас, тезкорлик биринчи ўринга кўтарилди. Сиз бир масала моҳиятини англаб, тарафлар фикрини олиб, тарозининг шайини бирор томонга босмаслик тараддудида уларнинг сарасини саракка, пучагини пучакка ажратаётган бир чоғда бирор блогер ёки шунчаки смартфони бор хоҳлаган киши икки қатор сўз ва видео билан "улоқ"ни илиб кетяпти. Ўз-ўзидан сиз азбаройи меҳнат қилиб, атрофлича ўрганган мавзу бир қадар аҳамиятини, қизиқарлилигини йўқотаётгани ҳам бор гап.

Аммо ижтимоий тармоқларда тинимсиз, сониясига бодраб чиқаётган хабарлар оқими кишиларни вақти келиб чарчатиши, бездириши турган гап. Шундай вазиятда кишилар сифатли, савияли материалларга эҳтиёж сезади. Буни дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳали-ҳануз газеталар, театру опера каби санъат турлари барҳаёт эканидан ҳам билиш мумкин.

Шундай экан, яхши ёзадиган ижодкор бўлишни истасангиз, биз қуйида келтирган парчаларни, улар олинган китобу мақолаларни ўқиб чиқинг.

* * *

Инсон бу ёруғ оламда умргузаронлик қилар экан, ҳаёти давомида  кутилмаган ҳодисаю ҳолатларга дуч келиши, мураккаб муаммолар гирдобига тушиб қолиши мумкин. Бундай пайтда тил нажоткор кучга айланади, ҳиссиётга берилиб, ғазаб отига минган киши эса ожизлик қилиб, бир оғиз ноўрин сўзи билан уни баттар мураккаблаштиради. Ҳаётда ўйламай-нетмай айтилган биргина сўз, беҳаё бир ибора оилани барбод қилгани, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғни бир-бирига тескари қилиб қўйганига мисоллар кўп. Миллат шаънига ботадиган, ғурурига тегадиган асоссиз айблов ёки таҳқир боис халқлар, мамлакатлар ўртасига рахна солингани, жангу жадалларга сабабчи бўлгани ҳам сир эмас.

* * *

Бу дунёда уйини меҳмонлар билан тўлдириб, шундан завқ оладиган одамлар оз эмас. Аммо Чехов домланинг меҳмонларидек ғаройиб "ансамбл"ни топиш, шундай давра тузиш қийин. Корней Чуковскийнинг ёзишича, улар: "…астроном Ольга Кундасова, мусиқачи Мариян Семашко, Лика Мизинова, Мусина-Пушкина (бошқа исми Дришка, "Чирилдоқ" дегани ҳам шу аёл), қандайдир Лесова билан Клара Мамуна, оиланинг яқин қариндошлари, кимлиги ва исмини билиб бўлмайдиган кунда-шунда қўноқлар…" Ҳар куни шу аҳвол. Баъзан бу ҳолат адибнинг жонига тегиб кетади: "Жумадан бери уйим тўла меҳмон, меҳмон, меҳмон. Бир сатр ҳам ёзганим йўқ…" дея ёзғиради у дўстларидан бирига йўллаган хатида. Аммо шу хатнинг ўзида, уйида Суворин, Шчепкина-Куперник, таганроглик Селиванова-Краузе, яна бир неча киши борлигига қарамай, яна Ольга Кундасовани, кейингисида Владимир Тихоновни, ундан кейин  Лейкинани, Ясинскийни меҳмонга чақиради. Ўзининг уйига, вақтинча яшаб турган чоққина ижарахонага, дўстларининг  уйига, дала-боғига ҳам тинимсиз меҳмон чақиради.

Яна қандай қилиб денг!

Архитектор Шехтелга йўлланган таклифномадан: "Келиб меҳмоним бўлмасангиз, илоҳим, кўчада кетаётганингизда иштонингизнинг боғичи ечилиб кетсин..."

* * *

Улуғ устозлардан илмнинг ибодатга қиёсланиши мазмунидаги ҳикматни эшитганимда китоб ўқишга бўлган қизиқишим икки-уч баробар ошган.  Бошқа бир устознинг "Ўқиган китобларингдаги муҳим фикрлар, факт ва рақамлар, воқеа-ҳодисаларнинг қисқача баёни, муҳим сўз ва иборалар, мақол ва маталлар, ноёб айтимларни  ён дафтарингга қисқача ёзиб қўй (яъни конспект қилиб ол) деган гапи эса мени китобхонлик оламининг сирли оламига етаклаган.

* * *

Бугунги дориломон кунлар, миллатнинг тикланган эрки, фахри-ғурури қандай оғир йўқотишлар, ҳақсизлик, таҳқиру зўравонликларни чидам билан енгиш эвазига қўлга киритилганини тушунадиларми, қадрига етадиларми? Очиқ ҳавода, эркинликда туғилиб вояга етган булбул қафас нималигини билмайди. Буни эътибордан соқит қилмаслигимиз керак.

* * *

"Таом ейилса,  тўн кийилса, от минилса маъқул" деганларидек, ижод маҳсули, у қайси жанрда ёзилган бўлмасин, савияси жойида, эга-кесими ўрнида, тишли-фикрли бўлса, албатта, ўқилади.

* * *

Савия бирор жойда тайёр ҳолда турмайди, уни бора солиб, эгаллаб олишнинг иложи йўқ. Бировнинг таҳорати билан… дегандай, кимнингдир савиясига орқа қилиб адабиёт майдонига кириш эса гуноҳи азим. Савия баъзан эрта, баъзан умр поёнидагина намоён бўлади. Намоён бўлмаслиги ҳам мумкин.

* * *

Қўқон хони Худоёрнинг шахсиятига турли манбаларда турлича ёндашилади. Л.Троицкаянинг "Қўқон хонлиги тарихи" китобида қизиқ бир далилга дуч келдим: Тошкентдан хон ҳазратларининг оналари ҳузурига меҳмон аёллар келишгани муносабати билан хазинадан бир кулча совун, бир думалоқ кўк чой, бир думалоқ қора чой ажратиш тўғрисида… расмий фатво имзоланган, хазинабон "бердим" деб, олувчи "олдим" деб имзо чекишган экан. Иккинчи далил: Фон Кауфманнинг "тузоқ" маслаҳатига кўра, Петербургга меҳмонга отланган Худоёрхон сафар олдидан яқин таниши бўлмиш мулла Маъруф деган кишига ўзига тегишли Алишер Навоий, Мирзо Бедил ва бошқа улуғларимиз қаламига мансуб нодир китобларни омонат сақлаш учун қолдиради. Бундай китоблар хонлик кутубхонасида кўп бўлган экан. Худоёрхон  Шарафиддин Али Яздий "Зафарнома"сининг жаҳонда ягона тўлиқ нусхасини себзорлик таниқли маърифатпарвар Муҳиддинхўжа қозига совға қилади, вақти келиб, бу китобдан элимиз баҳраманд бўлишидан умидворман, дейди. Хонликда солиқ тизими анча адолатли бўлгани тўғрисида ҳам фатво-ҳужжатлар мавжуд. Бу маълумотларни ўқиганингда пайдо бўлган тасаввурни ўз пирининг шаръий аёлига зўрлик билан уйланиб олиш воқеаси чилпарчин қилиб юборади.

* * *

Миллат ва халқ илмли, ҳунарли бўлиши учун нима зарур? Тинчлик, осойишталик, раиятнинг адолатли   бошқарилиши, ёшлар тарбияси, таълим-тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши, изланиш ва яна изланиш, бир жойда тўхтаб қолмаслик, кибрга берилмаслик, бало-қазолардан огоҳлик, ички низоларга йўл қўймаслик, миллий бирлик, ҳамжиҳатлик зарур. Бордию, бу "занжир"нинг битта ҳалқаси узилса, муаммо келиб чиқади.

* * *

Тарихда содир бўлган, содир этилган воқеа-ҳодисаларнинг маъно-моҳияти, улар хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, қачон, қаерда ва қандай мақсадда амалга оширилганидан қатъи назар, бу оламда ҳаёт чироғи ўчгунига қадар ўзгаришсиз қолади. Фақат… иқтисодий, сиёсий, мафкуравий ва  бошқа тор қобиқли манфаатлар, улуғлик, буюклик, қадимийликни урғулаш истаги, бошқа халқларга нисбатан юқори мартаба ва мақом даъвоси, бўлинган, бўлакланган дунёни қайта бўлиш, таъсир доирасини кенгайтириш ҳаракатлари гоҳо ўтмиш ҳақиқатларига мутлақо зид янги "қўлбола" талқинларни юзага келтириши мумкин, холос.

* * *

Файласуф Конфуций ёшлигидан ёғоч, шойи, бамбук парчаларига ёзилган китобларни қайта-қайта ўқиб чиқади, уларда баён этилган маъноларнинг мағзини чақишга ҳаракат қилади. Йигирма икки ёшида донишмандлик даражасига етади, мўътабар муаллим, улуғ устоз мақомига эришади. Олимнинг фикрича, инсон, энг аввало, яхши хулқи, одоб-ахлоқи, илм-тафаккури, одамларга тегаётган нафи, эзгу инсоний фазилатлари билан инсон. Бу фазилатларга у китоб мутолааси туфайли эришади.

* * *

Умр йўли ким учун узун, ким учун қисқа. Бу йўлда ҳамма бир томонга қараб юради, бир манзил сари интилади, ортга қайтиб бўлмайди. Умр асли бир савдо. Ғавғоли савдо. Шу савдо битгунича йўловчилик қиламиз.

* * *

Дунё шундайки, ҳар қандай мукаммал қарор ҳам, зарур бўлиб қолса,   шубҳа остига олиниши мумкин. Зарурат эса кутилмаганда пайдо бўлиб қолади.

* * *

Америкалик ёзувчи Уильям Фолкнер ижоди билан таниш бўлмаган китобхонлар унчалик кўп эмас. Адибнинг ўзи эса ижоди, асарлари ва мушарраф бўлган мукофотлари боис шуҳрат пиллапоясига кўтарилишни мутлақо истамаган. Суҳбатларидан бирида қабр тошига битиладиган: "У китоблар ёзди ва оламдан ўтди" деган бир жумла ҳаётининг маъно-моҳияти, ўй-қарашлари, жамики интилишларининг мақсад-муддаоси эканлигини очиқ таъкидлайди. "Баъзи ёзганларимга имзо қўймасам тўғри бўларди", дейди.

* * *

Кейинги юз йил ичида адабиёт соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижоди, дунёқараши, мукофотни топшириш чоғидаги маърузалари, умуман, бу нуфузли соврин атрофидаги расмий-норасмий, ошкора-пинҳона гап-сўзлардан иборат қизиқарли маълумотлар билан танишар эканман, кўнгилда баъзи мулоҳазалар ҳам туғилди.

Лев Толстой Нобель мукофотига сазовор бўлишни истамаган. Сюлли Прюдом, гарчи ўзи ночор аҳволда бўлса-да, мукофот пулини ёш шоирларни қўллаб-қувватлашга сарфлаган. Альфред Нобель ўзи жорий қилган мукофотни "миллати ва келиб чиқишидан қатъи назар, энг муносиблар"га берилишини васият қилган экан. Фикримча, бу васиятга ҳамиша ҳам амал қилинмаган кўринади. Иосиф Бродский мукофотни олар экан, "Мен бу ерда мендан аввал мукофот олганлардан эмас, балки муносиб бўла туриб, ололмаганлардан хижолатдаман" деган ва Осип Мандельштам, Мария Цветаева, Анна Ахматованинг номларини келтирган. Россиялик танқидчи Вадим Кожиновнинг фикрича, "мукофотнинг баъзи-баъзида Осиё ва Африка ёзувчиларига ҳам берилиши унинг халқаро мақомга эга эканини кўз-кўзлаш учун қилинаётган кўзбўямачиликдан  бошқа нарса эмас".

* * *

...журналистика факультетига ўқишга кириш учун ҳужжатларини топширган ёш қизча таҳририятимизга отаси билан бирга кириб келди. Бир даста шеърни қайта-қайта ўқиб, аранг биттасини танладим.

- Майли битта бўлса ҳам чиқсин, - деди ота мамнунлик билан. - Қолганлари, газетага ўтмаса, китобда чиқаверади…

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo