Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

05.03.2021


ДУНЁНИНГ НУФУЗЛИ ТАДҚИҚОТЧИЛАРИ ЭЪТИРОФ ЭТГАН ОЛИМА

Илмий салоҳият

Бугунги кунда хотин-қизлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида нафақат фаол иштирокчи, балки муҳим ва ҳаракатлантирувчи кучга, ҳал қилувчи омилга айланиб бормоқда. Бинобарин, аёл бахтли экан, оила ва жамият ҳам бахтли, фаровон ва ўзига тўқ бўлади. Эътиборлиси, ўзбек аёллари эришаётган натижалар одамларга наф келтириши баробарида дунё миқёсида ҳам эътироф этилмоқда.

Жумладан, Қарши давлат университети хорижий тиллар факультети инглиз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Маҳзуна Ҳамраеванинг инглиз тилидаги чалкаш сўзлар бўйича тузган луғатига АҚШнинг Вашингтон университети профессори Нэнси Эклс, юртимизнинг таниқли олимлари тақриз ёзиб, тадқиқотнинг аҳамиятини эътироф этишди.

Маълумки, глобаллашув жараёнида жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий жиҳатдан мунтазам ривожланиб борар экан, бунда чет тилларини ўрганиш ва ўзлаштириш муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Бугунги кунда эса дунёга чиқиш эшикларига калит вазифасини бажараётган инглиз тилини ўрганишга рағбат ошиб бораётир.

Айтиш ўринли, аксарият тиллардаги каби инглиз тилида ҳам шаклан ёки талаффузга кўра ўхшаш сўзлар гуруҳи мавжуд. Бунда график ёки талаффуз жиҳатидан бир хиллик кузатилади. Инглиз тилида ушбу сирага доир сўзлар "confusing words", яъни чалкаш сўзлар деб юритилади.

Мисол учун, red - қизил, read - ўқилган, principal - директор, principle - усул, bear - айиқ, bare - яланғоч каби маъноларни билдириб, сўз ўзининг ташқи қобиғи, яъни фонетик структурасидаги маълум товуш орқали фарқланади.

Америкалик олима Мария Елена "Нафақат инглиз тилида иккинчи тил сифатида мулоқот қилувчилар, балки инглиз тили соҳиблари ҳам талаффузи бир хил бўлган сўзларни одатда нутқда тез-тез хато қўллайдилар. Баъзан бундай сўзлар шу қадар ўхшаш талаффуз қилинадики, суҳбат жараёнида кишилар улар орасидаги фарқни англай олмайдилар. Айрим ҳолларда кишилар турлича ёзиб, бир хил талаффуз этиладиган сўзлар ҳижжалаб, ҳарфма-ҳарф айтилгандагина уларнинг маънолари тушунилади", дейди. Олима ушбу фикрига қуйидагича мисол келтиради: cite - мисол келтирмоқ, site - жой, макон, sight - кўз, кўриш қобилияти.

Қарши давлат университети ўқитувчиси Маҳзуна Ҳамраеванинг инглиз тилидаги чалкаш сўзлар луғати эса бу борадаги турли адашмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилиши ва республикада биринчи экани билан аҳамиятлидир. Бугунги кунга қадар бу каби луғат яратилмаганлиги боис тил ўрганувчиларнинг аксарияти нутқи ва контекстда кўплаб хатоликлар кузатилган.

- Ушбу луғат фойдаланувчилари инглиз тилидаги сўз бойлигини ошириш билан бирга, бир хил талаффуз қилинувчи сўзларни ёзганларида ҳамда талаффуз қилганларида турли хатоликларга йўл қўйишмайди, - дейди Маҳзуна Ҳамраева. - Қолаверса, инглиз тилини эндигина ўрганишга киришган ёшлар ҳам ушбу тилдаги барча жиҳатларни чуқур ўзлаштиришса, кутилган натижага эришади. Ўз ўрнида сўз, бирикма, фраза ва қисқартмаларни билиш, ўзаро солиштириш хорижий тилни ўрганиш даражасини оширади.

Маълум бўлишича, мазкур луғат университетнинг 1-, 2- ва 3-курс талабаларига тил аспектлари амалиёти ҳамда тил кўникмалари интеграцияси каби фанларда муҳим қўлланма вазифасини бажаради.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Report typo