Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

26.12.2016


ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС

 

- Аҳолининг кам таъминланган қатлами, чунончи ногирон ва имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий муҳофазаси давлатимизнинг доимий эътиборидадир, - дейди Ўзбекистон ногиронлар жамияти вилоят бўлими раиси Бахтиёр Ботиров. - "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунда ҳам ногиронларга ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратиш, имтиёзлар билан таъминлаш, турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларида фаол қатнашишларига, шунингдек, ўзларининг фуқаролик бурчларини  бажаришларига етарли шарт-шароитлар ҳозирлаш белгилаб қўйилган.

Бугун юртимизда ногиронларни реабилитация марказларида соғломлаштириш, ишга жойлаштириш, ўқишга қабул қилиш, касб-ҳунар ўргатиш ва уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш борасида қилинаётган тизимли ишлар  ижтимоий ҳимоянинг узвий қисмидир.

- Ҳар йили даволаш профилактика муассасаларида барча ногиронлар тиббий реабилитация текширувидан ўтказилмоқда, - дейди Бахтиёр Ботиров. - Жорий йилда муҳтож ногиронлар протез ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари, ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламалари, қўлтиқтаёқ ва ҳассалар билан бепул таъминланди. Шунингдек, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси  доирасида 20 нафарга яқин имконияти чекланганлар вилоятимиздаги санаторийларда ўзлари хоҳлаган вақтда дам олдилар.  Ногирон оилаларнинг 40 нафарга яқин фарзанди оромгоҳларда ҳордиқ чиқарди.

Ногиронларнинг имконият ва қобилиятларидан келиб чиқиб, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш борасида ҳам вилоятимизда салмоқли ишлар қилинаётир. Хусусан, ҳар йили вилоятимиздаги корхона ва ташкилотларда ногиронлар учун 395 та квота иш ўрни яратилмоқда. Уйда ўтирган ёшларнинг касаначилик билан шуғулланишларини ташкил этиш алоҳида эътиборга олинаяпти, улар ҳунармандчилик, тикувчилик, қуроқчилик, зардўзлик каби ҳунарларга ўргатилмоқда.

Ўз уйларида якка тартибда таълим олаётган 16 ёшгача бўлган ногирон болалар учун вилоят ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими  бошқармаси томонидан барча зарур имкониятлар яратиб берилган. Айниқса, ўқувчиларнинг зарур дарсликлар билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, шаҳар ва туманлар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг тақсимотига кўра, уларга парта, стол-стул, доска ва бошқа ўқув анжомлари етказиб бериш энг зарур вазифа қилиб белгиланган.

- Давлатимиз томонидан қилинаётган чексиз ғамхўрликларни, саховатпеша ҳомийларнинг беқиёс мурувватини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим, - дейди Бахтиёр Ботиров.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятда ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси борасида амалга оширилаётган ишлар замирида мамлакатимизда ҳеч ким давлат ва жамият эътиборидан четда эмаслигини таъминлашдек эзгу мақсад  мужассам.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo