Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

27.04.2023


ЭНГ ФАОЛ ҲАМШИРАЛАР АНИҚЛАНДИ

 

Кўрик-танлов

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Ҳамшира-2023 кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти кенгаши ҳамда вилоят ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган бу тадбирда кўрик-танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 16 нафар ҳамшира ўзаро беллашди.

- Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил танловни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари янада такомиллаштирилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Елена Парембо. - Танловда асосий эътибор ҳамшираларнинг билими, интеллектуал ва касбий салоҳиятига қаратилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг тиббиёт соҳасидаги билим ва кўникмалари билан бирга мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, фаол фуқаролик позицияси ҳам баҳолашнинг муҳим мезонлари сифатида белгиланди.

Танлов натижаларига кўра, биринчи ўринни Муборак тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлими навбатчи ҳамшираси Фаёза Болтаева, иккинчи ўринни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази маслаҳат диагностика бўлими ҳамшираси Малика Ибрагимова, учинчи ўринни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси Гавҳар Рўзиева қўлга киритишди.

Ғолиб ва совриндорларга танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Жорий йил ушбу танловда вилоятимизда фаолият юритувчи ўрта тиббиёт ходимлари 13 та номинация бўйича куч синашди. Вилоят босқичида ҳар бир йўналиш бўйича (1-, 2- ва 3-ўринларда) жами 35 нафар ўрта тиббиёт ходими ғолиб деб топилиб, диплом, рағбатлантирувчи мукофот ва бошқа совғалар билан тақдирланди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo