Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

СОЖИДА

19.02.2019


ЭНГ КЎП АҲОЛИ ҚАЙСИ ТИЛДА СЎЗЛАШАДИ?

2001 йилда ЮНЕСКО томонидан тасдиқланган бу сана бутундунё бўйлаб кенг нишонланади.

ЮНЕСКО томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, ҳозирги кунда сайёрамизда 6 мингдан зиёд тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида. Мутахассислар эса ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бораётгани ҳақида айтишмоқда. Тилшунос олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ҳар ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

Йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган тиллар асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатлар тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан ҳам бебаҳра. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имкони йўқ.

Бугун ҳаётимизга янги технологиялар кенг кириб келди. Интернетда ишлаш тақозосига кўра, айрим халқлар ўз тилларидан кўра халқаро тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун интернет манбаларининг 81 фоизи инглиз тилида эканини ҳисобга оладиган бўлсак, натижа ўзингизга аён...

Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муомалада бўлиб, қанчадир вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек вазият тарихда кузатилмаган экан.

Бугун тилшунослар, халқаро ҳамжамият томонидан маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлаш мақсадида йўқолиб кетиш арафасидаги тилларни сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Чунки айнан тил туфайли миллат ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади. Шу сабабли ҳар бир халқ ўз тилини сақлаб қолишга интилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёдаги мавжуд тилларнинг тенг ярми саккиз мамлакат - Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россияга тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда аҳоли 845 тил ва лаҳжада сўзлашар экан. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил эса хитой, инглиз ва испан тиллари ҳисобланади.

Ачинарлиси, мавжуд тиллардан 90 фоизининг ҳар биридан 100 минг аҳоли фойдаланиши бу тилларнинг келажаги йўқлигидан далолат беради. Масалан, 357 тилда атиги 50 киши сўзлашар, 46 тилдан эса атиги биттадан одам фойдаланар экан. Уларнинг вафотидан сўнг бу тиллар йўқолади. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун унда камида бир миллон киши сўзлашиши керак. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 та.

Хусусан, ЮНЕСКО нашр қиладиган "Йўқолиб кетиш хавфи арафасидаги жаҳон тиллари атласи"да Европадаги 50, Тинч океани минтақасидаги 200 тил "хавф остида" экани таъкидланади. Африкадаги 1 минг 400 тилдан 600 таси келажакда, 250 таси яқин орада бутунлай йўқолиши ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Айрим таҳлилчилар тилларнинг йўқолишига глобаллашувдан ташқари, баъзи давлатлар олиб бораётган сиёсат ҳам сабаб эканини қайд этишаётган бўлса, айрим халқлар ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилгани боис, ўзга тилларни ўзлаштириши натижасида ҳам ўз тилларини унутишмоқда.

Тилни сақлаш нафақат халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди, балки бирлаштиради, тарбиялайди, урф-одат, анъаналар бардавомлигини таъминлайди. Шундай экан, ҳар бир ватандошимиз миллий тилимизга ҳурмат билан ёндашиб, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишга интилиши лозим.

Манбалар асосида СОЖИДА тайёрлади.

Report typo