Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

18.08.2022


ЭНЦИКЛОПЕДИЯГА КИРИТИЛГАН КИТОБЛИК ЭРТАКЧИ

 

Халқ оғзаки ижоди

Абдуғафур ота Шукуров 1918 йилда Китоб туманида туғилган. Гулистон маҳалласининг Буюк ипак йўли кўчасида яшаган. Турмуш ўртоғи Хурсаной Тўраева билан саккиз фарзандни тарбиялаб,  2008 йилда 90 ёшида вафот этган.

Ўзбек Миллий энциклопедиясига Абдуғафур ота Шукуров ўзбек сеҳрли эртаклари ижрочиси сифатида киритилган. Энциклопедияда унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берилган. Жумладан,  "Рустамзод ва Шерзод", "Доро подшо ва Искандарбек", "Кулса гул - йиғласа дур", "Қора мушкул от", "Шамширбоз" каби эртаклар айтгани, эртаклари алоҳида китоб ҳолида чоп этилгани келтирилган.

* * *

Ҳар гал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Юнус Узоқов билан суҳбатлашиб қолсам гап орасида Китобда эртакчига ҳайкал қўйиш керак, айнан Абдуғафур отага, деб таъкидлаб қўяди. Абдуғафур ота ҳақида эшитганлар, ҳақ гап, деб устоз журналистни маъқуллаши мумкин. Билмаганлар эса Абдуғафур ота ким бўлса, нега ҳайкал қўйиш керак экан, дейиши ҳам тайин.

Ҳар ҳолда  Юнус ака бу фикрни бежиз айтгани йўқ. Ҳатто шаҳрисабзлик тарихчи-журналист, марҳум  Мўмин Азизов ҳам Абдуғафур отани "Ханс Кристиан Андерсеннинг китоблик издоши", деб атаган.  Буларнинг ҳаммаси Абдуғафур ота Шукуровнинг моҳир сўз устаси,  устоз маталчи, эртаклари билан ўзбек халқ оғзаки ижоди ривожига ҳисса қўшган инсон экани билан боғлиқдир.

Абдуғафур ота репертуарида 50 дан ортиқ эртаклар бўлиб, уларнинг 17 таси 1983 йилда  Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида "Кулса гул - йиғласа дур" номи остида 30 минг нусхада чоп этилган. Филология фанлари номзодлари Зубайда Ҳусаинова ва Баҳодир Саримсоқов китобни нашрга тайёрлаганлар. Тўпламдан "Қора мушкул от", "Дунёда йўқ ҳунар", "Нигини шоҳи мирон", "Жўрахон", "Рустамзод ва Шерзод", "Гунгила" ва бошқа кўплаб эртаклар ўрин олган.  Уларнинг ҳаммасини Абдуғафур ота болалигида сандал атрофида ўтириб бувиси Тансиқ момо Раҳматулла қизи, онаси Саодат Иброҳим қизидан ва амакисидан эшитган.

Абдуғафур отанинг эртакларга қизиқиши беш-олти ёшларида бошланган. Фақат кечалари эмас, кундузлари ҳам момосидан эртак айтиб беришини илтимос қилган. Телевизор, радио бўлмаган у дамларда эртаклар кексаларнинг ҳам, болаларнинг ҳам ягона овунчоғи бўлган. Эшитган эртакларининг жуда кўпи Абдуғафур отанинг хотирасида сақланиб қолган ва кейинчалик билган эртакларини ўзи ҳам бошқаларга айтиб берадиган бўлган.

Кунларнинг бирида, аниқроғи 1938 йилда район судида ишлайдиган Мирзо Шаропов деган киши Абдуғафур Шукуровнинг кўп матал билишини эшитиб, "Бирортасини айтиб беринг", деб туриб олди. У киши ўзи яхши кўрган "Шамширбоз" эртагини айтиб бергач, дафтарга ёзиб олди ва Ўзбекистон болалар нашриётига юборди. Орадан бироз ўтгач,  нашриётдан жавоб келди. Унда улар эртакни газеталардан бирига юборишганини айтишган. Анча вақт ўтгач, газетадан ҳам хат келди. Абдуғафур Шукуровнинг суратини ва яна қандай эртаклар билишини сўрашибди. Аммо бу орада Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, Абдуғафур Шукуров урушга жўнатилди. Шу билан хатлар ҳам, эртаклар ҳам қолиб кетди...

Иккинчи жаҳон урушида Абдуғафур ота Пенза, Тамбов,  Мичуринск, Воронеж ва бошқа бир қатор шаҳарларда жанг қилди. Жанглардан бирида яраланиб, юртига қайтарилди. Урушдан сўнг боғдорчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланди. "Иқтисод" артелида ишлади.

Кунларнинг бирида чойхонада ўтирганида ўн чоғли киши кириб келди. Афтидан улар узоқроқ шаҳардан келаётганга ўхшарди. Меҳмонлар чойхонага киргач, шу ерда палов пишириш ниятлари борлигини айтишди. Чойхоначининг рухсати билан барчалари ишга тушиб кетишди. Бу орада улар ўзларининг Тошкентдан эканликларини, қашқадарёликларнинг урф-одати, халқ нақллари, масал, ривоят ва афсоналарни ўрганиш учун келганликларини айтишди. Меҳмонлар орасида Ҳоди Зариф, Мансур Афзалов, Музайяна Алавия,   Муҳаммаднодир Саидов, Зубайда Ҳусаинова бор эди.

Абдуғафур ота уларни Жева бобо, мулла Абдулқосим, мулла Абдусалом каби сўз усталари хузурига олиб борди. Мулла Абдусалом Хиромий ҳақидаги бир ривоятни айтиб берди. Унда айтилишича, Хиромийнинг жуссаси кичик бўлган. Китоб беги унинг ҳозиржавоблигини синамоқ бўлиб, зиёфат ташкил қилди ва  шоирдан бошқа ҳаммага сарпо кийгизади.

"Хиромий қўллари табаррук талаб,

Қатордан қолди-ку лабини ялаб",  - дейди шунда шоир.

Бек унинг шеъридан завқланиб бош-оёқ сарпо кийдиради. Шоир яна шеър ўқийди. Олимлар ривоятни ёзиб олишади.

Абдуғафур ота ўшанда уларга ўзининг севимли "Шамширбоз" эртагини айтиб берди. Зубайда Ҳусаинова унинг сўзларини тез-тез қоғозга тушира бошлади. Эртак тугагач, меҳмонлар Абдуғафур отадан бошқа билган эртакларини ҳам айтиб беришини сўрашди. Шу тариқа улар кетгунларига қадар ўндан ортиқ эртак ёзиб олишади.

Шундан кейин фольклоршунослар Китобга тез-тез келадиган бўлишди. Ҳар келганларида Абдуғафур ота янги-янги маталлар айтиб берди. 1982 йилда Зубайда Ҳусаинова билан Шомирза Турдимов келишганида уларга Амир Темур ҳақидаги афсона, ривоят ва латифалардан айтиб берди...

2013 йилда "Муҳаррир" нашриётида чоп этилган китоблик ижодкорлар асарлари жамланган "Кифтиоб гулдастаси" тўпламидан Абдуғафур Шукуровнинг "Дунёда йўқ ҳунар" эртаги ҳам  ўрин олган. Шунингдек, 2017 йил Тошкентдаги "Юрист-медиа маркази" нашриёти томонидан чоп этилган "Подшо билан вазир" номли ўзбек халқ эртаклар китобида энг сара эртаклар қаторида у айтган "Кулса - гул, йиғласа - дур" эртаги ҳам киритилган.

Дарвоқе, Абдуғафур отанинг эртакларини болаларгина эмас, катталар ҳам берилиб эшитишган, китобини қўлдан қўймай ўқишган. 300 бетдан ортиқ бу китобдаги ҳар бир эртак салмоқли, воқеалари узун. Уларда  сеҳр орқали йўқдан бор қилинади, бордан йўқ.  Муҳими шундаки, эртакларда халқнинг орзу-интилишлари, мақсадлари акс этади ва амалга ошади. Хуллас, қаҳрамонлар мурод-мақсадларига етадилар. Буни биргина "Дунёда йўқ ҳунар" эртагидаги камбағал кампирнинг кал ўғли ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Абдуғафур Шукуровдан ёзиб олинган кўплаб эртакларнинг асл нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг фольклор архивида сақланмоқда.

Лола ЎРОҚОВА

 

 

Report typo