Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

20.04.2017


ЭРТА ТУРМУШ АЯНЧЛИ ОҚИБАТЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ

Тадбир давомида эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш, қизларни оилага тайёрлаш ҳақида гап борди.

Таъкидланганидек, янги барпо этилаётган муқаддас даргоҳ - оиланинг мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан йигит ва қизнинг турмуш қуришга руҳан ва жисмонан тайёрлигига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси “Оила кодекси”га асосан мамлакатимизда турмуш қуриш ёши эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун  17 ёш этиб белгиланган. Тиббиёт хулосаларига таянган мутахассислар эса қизлар учун оила қуришнинг қулай даври 20-24 ёш, йигитлар учун 24-26 ёш ва уларнинг ёшлари орасидаги фарқ 3-6 ёшгача бўлгани маъқул деб билишади. Аммо бугунги кунда фарзанди келажагига бефарқ қараётган айрим ота-оналарнинг ҳали балоғатга етмаган фарзандини эрта турмушга бериш ҳолати учраяпти. Ваҳоланки, қизларни эрта турмушга бериш, йигитларни барвақт уйлантирганлик учун юртимизда маъмурий ва  жиноий жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар никоҳ ёшига  етмаган шахсни турмушга берса ёки уйлантирса, энг кам  ойлик иш ҳақининг ўн баробаридан йигирма баробаригача миқдорида жарима тўлайди.

- Оила қурган аёл қанча ёш бўлса, у билан боғлиқ  муаммолар шунча кўп бўлади, - дейди акушер-гинеколог Адолат Исроилова. - Айниқса, 16-17 ёшга тўлган қизлар вужудида ҳомила ривожланиши ва туғилиши учун нормал шароит вужудга келмаган бўлади. Бундай ҳолларда туғилган фарзанд ногирон, баъзан биринчи туғруқ оғир кечганда, онанинг бошқа фарзанд кўрмаслигига сабаб бўлмоқда.

Мутахассислар қизларга шулар хусусида батафсил ва мисоллар ёрдамида тушунчалар беришди.

- Коллежимизда ўқувчи қизлар ҳамда ўқитувчилар ўртасида тез-тез давра суҳбатлари, тадбирлар ўтказилади, - дейди коллеж бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раисаси Зоира Шоимова. - Тадбирларга мутахассисларни, ҳаётий тажрибага эга онахонларни  чақирамиз. Улар катта ҳаёт остонасида турган ўқувчи қизларга миллий қадриятларимиз, оиланинг муқаддас даргоҳ эканлиги, соғлом турмуш тарзи борасида маслаҳатлар беришади. “Репродуктив саломатлик ва соғлом оилани шакллантириш”, “Оила ва никоҳ”, “Соғлом турмуш тарзи ва оила” дарслари эса қизларимиз учун ғоят фойдали бўлмоқда.

Тадбир савол-жавоб руҳида ўтди. 

Сожида АЛЛАЁРОВА

Report typo