Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

24.02.2018


ЭРТАКНАМО КОМПОЗИЦИЯЛАР

Асрлар синовига дош бериб келаётган бу иморатларнинг асл маҳобати оддийгина акварель бўёқлар, графиканинг нозик услубида шу қадар тиниқ акс этганки, улар худди еру осмон билан яхлит, бир бутундек таассурот қолдиради. Беихтиёр абадийлик, мангулик ҳақидаги ўйларга банди бўласиз. Улар мусаввирининг нияти ҳам шу: унинг наздида қадимий обидаларда абадиятга дахлдор сирлар пинҳон. Ўтмиш ҳикояларини келажакка сўйлайди улар. Фақат тинглай билсак кифоя...

- Обидаларни хира туман фонида тасвирлашимнинг сабаби - улар тарих, - дейди бу картиналар муаллифи, ёш мусаввир Элнур Эгамов. - Уларни инсониятнинг хотираларига ўхшатаман. Шу билан бирга, уларга ортиқча зеб бериб бўлмайди, улар ўзларининг сирлилиги, мавҳумлиги билан гўзал ва шуниси билан кишини ўзига тортади, ўйлантиради. Бу бинолар виқор билан бутун бир тарихни ўзида акс эттириб тургандек. 

Элнур Эгамов асли китоблик. Ранг-тасвирга ошнолик унга онасидан ўтган.

- Онам Наргиза Туропова туманимиздаги 7-мактабда тасвирий санъатдан сабоқ берарди, - дейди у. – Менда ҳам ушбу санъатга қизиқиш ва иштиёқ борлигини дастлаб онам пайқаган, йўл-йўриқ кўрсатган. 2000 йилда Шаҳрисабздаги Нафис санъат лицейига ўқишга кирдим. Устозим Тиловмурод Эрдоновдан тасвирий санъат илмидан сабоқ олдим.

Лицейни тамомлаб, 2007 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтига грант асосида ўқишга кирган Элнур Эгамовга ўзи танлаган соҳани чуқур эгаллашда яна бир устози – Ўзбекистон халқ рассоми, академик Леким Ибрагимовдан олган таҳсили катта мактаб бўлди. У тасвирий санъатнинг энг мукаммал ва нозик жиҳатларини шу устозидан ўрганди ва унинг шогирди эканлигидан ғурур туяди. Шунинг баробарида ўз устида тинмай ишлаш натижасида Элнур талабалик йилларидаёқ ўз асарлари билан қатор танлов ва кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этди.

Албатта, бу каби ютуқлар ўз йўлига. Ижодкорнинг асл ютуғи унинг яратганларида. Элнур Эгамов буни яхши англайдиган ёшлардан. Шунинг учун унинг асосий диққат-эътибори ўз устида тинимсиз ишлашга, янги-янги билимларни эгаллаш, иқтидорини янада сайқаллаштиришга қаратилган.

- Классик рассомлардан Леонардо да Винчи, Ван Гог, Поль Гоген, Микеланжело ижодини кўпроқ севаман, - дейди у. – Замонавий мусаввирлар орасида эса устозим Леким Ибрагимов, россиялик машҳур график рассом Александр Шумцов ҳамда Марат Содиқов асарлари ёқади. Уларнинг услубини кузатиб, замон шиддатини, инсоннинг табиат билан қанчалик уйғун эканлигини ҳис этаман. Бундан ташқари, оддий одам эътибор бермайдиган нарсаларнинг улар асарларида қанчалик ёрқин акс этганлиги ва суратларида турли фигураларнинг моҳирона жойлаштирилганлигидан ҳайратланаман. Ўзимда ҳам шу жиҳатларни такомиллаштиришга ҳаракат киламан.

Шу мусаввирлар ижодидан баҳрамандлик Элнурнинг асарларида ҳам ўз аксини топган. Унинг акварель графикаси услубида тарихий ва пейзаж йўналишида чизилган суратларини кузата туриб, рассомнинг ички нигоҳи билан кўрилган, шу нигоҳга жо бўлган манзара ва ҳолатларни кўрасиз. Мана, Тошкент кўчалари тасвирланган сурат. Унда муҳташам замонавий бинолар, равон кўчалар, у ёқдан бу ёққа шошиб кетаётган одамлар акс этган. Бу оддий, кундалик ҳолат тасвири сизга тинч-осойишта ҳаёт манзарасини чизиб кўрсатади, қалбингизда эса сокин ва фараҳли кайфият уйғонади. Ёки жанг тасвири ифодаланган суратни томоша қила туриб, юрт ҳимоясига отланган азаматларнинг баҳодирона ҳайқириғи қулоқларингиз остида янграгандек бўлади. Қадим Хивага келаётган карвон, уйига қайтаётган кекса киши тасвирланган эртакнамо композициялар эса аждодларимиз ҳақидаги хотираларни ёдга солиб, сизни мусаввир хаёлидаги манзаралар моҳияти ҳақида ўйга толдиради. Минг йиллардан бери ўзгармас қонуниятлар – юрт меҳри, қадрдон уй соғинчи, киндик қони томган заминга муҳаббат, ҳаёт завқию севги нашидаси, ҳар бир инсон қалбида шу ҳисларга ташналик мавжудлиги, шу ташналик уни катта-катта мақсадларга ундаб туриши ҳақида мушоҳада юритасиз.

Бугун Элнур эркин ижод билан машғул. Жорий йилда у Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолигига қабул қилинди. Ижодий режалари ҳам шунга яраша улкан.

- Келажакда акварель графикаси йўналишида креатив, замонамиз руҳини акс эттирадиган асарлар яратиш ниятим бор, - дейди у. – Ўз асарларимнинг кўргазмасини ташкил этишни режалаштираяпман. Бу кўргазма юртимизнинг ҳар бир ҳудудида намойиш этилади, деган умиддаман. Албатта, асарларим санъат ихлосмандлари дилидан жой олса, энг катта ютуғим – шу бўлади.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo