Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 март, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Барногул ТОХИРОВА

06.12.2019


ЕТАКЧИ ТАРМОҚ УЧУН ЕТУК КАДРЛАР

Ҳамкорлик уфқлари

Мана икки йилдирки юртимиздаги нефть ва газ конларининг салмоқли қисми ва углеводород хом ашёсини қайта ишлашга ихтисослашган кўпгина йирик корхоналар жойлашган Қашқадарё вилоятида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (миллий тадқиқот университети)нинг ҳудудий тайёрлов бўлими муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бугунги кунда мазкур масканда асосий ўқишига қўшимча равишда юзлаб мактаб ва академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари таълим олишар экан, уларнинг аксарияти бу нуфузли олий ўқув юртининг Тошкент шаҳридаги филиали талабаси бўлиш ва олийгоҳни битириб, мамлакатимиз нефть ва газ саноатини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилишган.

Бу ерда олинган билим ва кўникмалар ҳамда битирувчиларимиз учун ҳукумат қарори билан махсус ажратилган мақсадли қабул квоталари самараси ўлароқ, ҳудудий тайёрлов бўлимимиз машғулотларида қатнашган ёшлардан 73 нафари ҳозир И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент филиалида биринчи ва иккинчи босқичларда ўқияпти. Яна кўплаб битирувчиларимиз Ўзбекистон ва хориждаги турли олий ўқув юртларида таълим олишаяпти.

Шу ўринда эслатиш жоизки, ҳудудий тайёрлов бўлимимиз мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳамда "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (МТУ) ўртасида тузилган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ 2017 йилда ташкил этилган.

Масканимизда ёшлар бепул асосда, Россия давлат нефть ва газ университети ҳамда унинг Тошкентдаги филиалида кириш синовлари ўтказиладиган фанлар - математика, физика, рус тилини ўрганишади. Тингловчиларни қабул қилиш Москвадан ташриф буюрадиган университет профессор-ўқитувчилари томонидан танлов асосида амалга оширилмоқда. Жорий йил октябрь ойида масканимизда навбатдаги қабул ўтказилиб, ҳужжат топширган 550 нафар йигит ва қиздан 200 нафардан ортиқ тингловчи танлаб олинди ва бугунги кунда бу ёшлар Губкин университети ўқув ва услубий дастурлари бўйича ўқитилмоқда.

Машғулотлар рус тилида юқори малакали  маҳаллий мутахассислар - Қашқадарёдаги энг яхши фан ўқитувчилари орасидан сараланган тажрибали новатор педагоглар томонидан олиб борилади. Масалан, ҳудудий тайёрлов бўлими тингловчиларига математикани мазкур фан бўйича бир қатор дарслик ва масалалар тўпламлари муаллифи, халқаро фан олимпиадаси иштирокчиларининг устози Шаҳноза Ғаниева ҳамда кўпгина шогирдлари ҳар йили юртимиз ва чет элдаги нуфузли университетларга киришга муваффақ бўлаётган Манзура Очилова ўргатишади. Олий ўқув юртида ишлаб, катта тажриба орттирган Миргалим Мирзаев ва абитуриентларни хориждаги номдор олийгоҳларга киришга тайёрлаш бўйича оригинал методикани ишлаб чиққан Шерзод Исмоилов физика бўйича, ўқувчилари республика фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб келаётган  Матлуба Джумаева ва Гулбаҳор Джураева рус тили бўйича машғулотлар ўтказишга жалб қилинган.

Вилоятимиздаги умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида рус тилини ўқитиш савияси ва ёшларнинг бу тилни янада яхшироқ ўрганишга бўлган иштиёқини ҳисобга олган ҳолда, яқинда ҳудудий тайёрлов бўлимимизда мазкур фан бўйича дастурдаги асосий дарслардан ташқари қўшимча машғулотлар ҳам ўтказила бошланди. Бу курслар ҳам мутлақо бепул бўлиб, уларда ўз билимини оширмоқчи бўлган ҳар бир тингловчи ихтиёрий равишда иштирок этиши мумкин.

Ҳар икки ойда бир марта Қарши шаҳрига Москвадан И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (МТУ) профессор-ўқитувчилари ташриф буюриб, тингловчилар билимини аниқлаш учун назорат ишлари ҳамда маҳаллий ҳамкасблари учун маҳорат дарслари ўтказишади. Айнан шу кунларда ҳам ҳудудий тайёрлов бўлимимизда россиялик мутахассислар ўқувчи-ёшларнинг ўзлаштириш даражасини баҳолашмоқда ва билимлари ўзгаришини таҳлил қилишмоқда.

Ўқув машғулотларидан ташқари, тингловчиларимиз учун нефть ва газ саноати корхоналарига саёҳатлар уюштирилиб, у ерда касбга йўналтириш тадбирлари ташкил этилади. Масалан, 2018-2019 ўқув йилида бундай тадбирлар ҳудудий тайёрлов бўлимимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган Шўртан газ-кимё мажмуасида ўтказилган бўлса, жорий ўқув йилида ёшларни нафақат ушбу йирик корхона фаолияти, балки унинг ёнида    бунёд этилаётган суюлтирилган синтетик ёнилғи ишлаб чиқарувчи GTL заводи қурилиши билан ҳам яқиндан таништиришни режалаштирганмиз.

Шунингдек, масканимизда ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ҳамда уларнинг интеллектуал салоҳияти ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, Асосий қонунимиз қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан бўлимда шу йил 29 ноябрдан 3 декабргача "Конституцияни биласизми?" мавзусида экспресс-викторина ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга раҳбарият томонидан эсдалик совғалари топширилди. Энг муҳими, мазкур викторина иштирокчилари Конституциянинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини, унинг тараққиёт ва фаровонлигимиз асоси эканлигини янада теранроқ англаб етишди.

Барногул ТОХИРОВА,

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг вилоятимиздаги ҳудудий тайёрлов бўлими директори ўринбосари

Report typo