Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

25.05.2023


Иқтидорли ўқувчилар ва фидойи устозлар муносиб тақдирланди

Эътироф

Кеча Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танлови ҳамда вилоят ҳокими олимпиадаси ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов, сектор раҳбарлари, таълим соҳаси мутасаддилари ва фахрийлари, иқтидорли ёшлар ва уларнинг устозлари иштирок этган бу тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг   соврини учун "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танлови вилоят босқичида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган Муборак туманидаги 1-мактаб, Косон туманидаги 9-ИДУМ ва Қарши шаҳридаги 11-мактабнинг терма жамоаларига вилоят ҳокимининг ташаккурномалари ҳамда тегишли равишда 250 миллион сўм, 200 миллион сўм, 150 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари топширилди.

Мазкур танлов низомида қайд этилишича, унинг асосий мақсади мактаблар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларда хорижий тилларни ўқитишнинг даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, педагог-ўқитувчиларнинг хорижий тилларни ўрганишга қизиқишини ошириш, ўқитиш сифати бўйича халқаро мезон ва стандартларга мувофиқ юқори кўрсаткичларга эришишга замин яратишдан иборат.

Маросимда, шунингдек, жорий йилнинг апрель-май ойларида 10 та фан - кимё, биология, физика, математика, информатика ва ахборот технологиялари, тарих, она тили ва адабиёт, хорижий тиллар (инглиз, немис, француз тиллари) бўйича воҳамиздаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ўртасида икки босқичда ўтказилган вилоят ҳокими олимпиадасининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг ўқитувчилари ҳам муносиб тақдирланди. Устозларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва замонавий телевизорлар, шогирдларга эса эгаллаган ўринларига қараб ноутбук, планшет ва смартфонлар тақдим этилди.

Эътиборлиси, вилоят ҳокими олимпиадасининг ҳал қилувчи босқичида кимё, биология ва физика фанларидан энг юқори балл тўплаган иқтидорли ёшлар Қарши давлат университети томонидан ташкил этиладиган фан олимпиадасида ҳам иштирок этиб, бу учта йўналиш бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган мактаб ўқувчилари мазкур олий таълим ташкилотига имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинди. Маросимда уларга буни тасдиқловчи ҳужжатлар топширилди.

Юксак эътирофга сазовор бўлган иқтидорли ёшлар ва таълим соҳаси фидойилари санъат усталари иштирокидаги концерт дастуридан ҳам баҳраманд бўлишди.

Ўз мухбиримиз

Report typo