Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Исматулла ЭРНАЗАРОВ, Ғайбулла СУЛАЙМОНОВ

22.02.2017


ИННОВАЦИОН FОЯЛАР

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида 1975 йилдан буён мамлакатимиз жанубий минтақалари деҳқончилигини янада ривожлантиришга бағишланган илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳалар амалга оширилаётган бўлиб, бу соҳада маълум ютуқларга эришилди.

Ҳозирги вақтда ёш тадқиқотчилар томонидан бир нечта инновацион лойиҳалар таклиф этилмоқда. Маълумки, деҳқончиликнинг асосий муаммоларидан бири экинларни сув ва озуқа элементлари билан етарлича таъминлашдан иборат. Мамлакатимиз  деҳқончилиги суғоришга асослангани ва сув манбаларининг мамлакатимиздан ташқарида шаклланиши сув таъминотида муаммоларни юзага келтиради ва серхаражат ҳисобланади. Шу сабабли ҳам сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш шу куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Деҳқончиликда экинларга бошқарилган  сув ва унда эриган озуқа элементлари даланинг ўзида қолган тақдирдагина самарадорлиги юқори бўлиши исботланган. Агар суғориш учун сарфланган сув даладан чиқиб кетса, у ортиқча исроф бўлиши билан бирга, унда эриган озуқа элементлари ҳам даладан чиқиб кетади ва бу ҳол ҳосил салмоғининг кескин пасайишига сабаб бўлади. Даладан озуқа элементлари сувда эриб чиқиб кетишининг исботини поёноб зовурларга тушиши оқибатида уларда қамиш ва бошқа бегона ўтларнинг дуркун ривожланишида ҳам яққол кузатиш мумкин.

Институтда фаолият олиб бораётган тадқиқотчилар томонидан шу ҳолатни бартараф этиш мақсадида дала экинларини суғориш жараёнида сув ҳаракатланишини назорат қилишда ёрдам берадиган электрооптик асбоб ишлаб чиқилди. Мазкур асбоб ёрдамида далага етарли миқдорда сув киргани ва қачон суғоришни тўхтатиш зарурлигини аниқлаш мумкин. Масалан, узунлиги 100 метрли даланинг 70 метр масофасига электрооптик асбоб жойлаштирилади. Асбоб сув етиб борганини билдириши билан «қулоқ» беркитилса-да, 70 метрдаги сувнинг ҳаракатланиши давом этиши натижасида даланинг қолган 30 метри ҳам суғорилади ва эриган озуқа элементлари чиқиб кетишига йўл қўйилмайди.

Яна бир инновацион ғоя қуёш энергияси билан тандир, ўчоқ ва печкаларни қиздиришга қаратилган. Қуёш энергияси билан қиздириладиган тандир, ўчоқ ва уйни иситадиган печкалар тузилиши жиҳатдан оддий, қулай ва арзон бўлиб, қишлоқ жойларида яшайдиган ҳар бир оила учун қулайлик яратади. Натижада шу мақсадда ёқиб юбориладиган ғўзапоя, чорва моллари гўнги ва тупроқ учун органик ўғит сифатида ишлатиш мумкин бўлган   бошқа моддалар тежалади. Улар ўғит сифатида ерга солинса, тупроқнинг табиий унумдорлиги, ҳосилдорлик ошади.

Бундан ташқари, ҳозирда ушбу олий ўқув юрти тадқиқотчилари қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказадиган қушларни қўрқитиш йўли билан дон, мева, майса ва бошқаларни қўриқлайдиган қурилмалар устида ишламоқда. Бу каби янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилса, ўйлаймизки, кутилган натижани беради.

Исматулла ЭРНАЗАРОВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

Ғайбулла СУЛАЙМОНОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси.

Report typo